Хабарлар ва вокеалар

 

 

 

 

КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЁШЛАР МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА

 

Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг Ёшлар кенгаши ва вилоят касаба уюшма ташкилотларининг ёш фаоллари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.


Давра суҳбатида асосий эътибор Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясидан келиб чиқадиган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда касаба уюшмалари Ёшлар кенгашлари фаоллигини ошириш мавзуига қаратилди. 

          
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Концепциядан келиб чиққан ҳолда белгилаб олинган устувор йўналиш ва вазифаларни амалга оширишда ёш касаба уюшма фаоллари томонидан олиб борилаётган ишлар, мамлакатимиздаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида вилоят касаба уюшмалари Ёшлар кенгашлари аъзолари томонидан ташкил этилаётган тадбирлар таъкидлаб ўтилди.


Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан ёшларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, улар бандлигини таъминлаш, жамиятда ўз ўрниларини топишларида кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталинди.


Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Ёшлар кенгаши томонидан Федерация кенгашининг II-мажлисида белгилаб олинган устувор йўналиш ва вазифалар асосида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш,  бунда “Устоз-шогирд” йўналишидан кенг фойдаланган ҳолда уларни корхона, ташкилот ва муассасаларга бириктириш, бу орқали улар  бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - таъкидлади Бирлашма Ёшлар кенгаши раиси Э.Қамабаров. – Шунингдек, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида янги иш ўринларини яратиш, уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий маслаҳатлар кўламини кенгайтириш ишлари олдимизда турган муҳим вазифаларимиз сирасига киради.  Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан хамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Давра суҳбатида ёшларнинг  бўш вақтларини унумли ва мазмунли ўтказиш мақсадида касаба уюшма ташкилотлари томонидан маънавий-маърифий тадбирлар сифати ва савиясини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларда спорт мусобақаларига ёшларни кенг жалб этиш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўртага ташланди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати

 

 

 

 

© Copyright. O'zbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasi. 2011