Хабарлар ва вокеалар

 

 

 

 
Гуанчжоуда бўлиб ўтган XVI-ёзги Осиё ўйинларининг велоспорт бўйича олтин медаль соҳиби В.Тўйчиев

Касаба уюшмалари ва спорт


РЕСПУБЛИКА ВЕЛОСПОРТИНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ МАНЗИЛЛАРИ

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси каби йўналишлардаги ишларни амалга ошириш билан бирга мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш борасида салмоқли натижаларга эришмоқда. Бунда асосий эътибор касаба уюшмалари тизимидаги спорт иншоотлари ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг моддий-техника негизини мустаҳкамлаш, ходимлар ва уларнинг фарзандлари ўртасида спортнинг оммавийлигини оширишда касаба уюшмалари тизимида мавжуд спорт ииншоотлари ва базалари имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилмоқда.


Бугунги кунда касаба уюшмалари томнидан кам таъминланган оилалардан бўлган болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, бу масалага айниқса, қишлоқ жойларда эътиборни кучайтириш, болалар ва ўсмирларни оммавийлик орқали катта спортга йўлланма олишларида амалий ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, қизларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш орқали улар саломатлигини мустаҳкамлаш, бунинг учун зарур барча шарт-шароитларни яратиш, уларни бепул спорт кийимлари билан таъминлаб бориш масалалари  ҳам эътибордан четда қолмаяпти.


Касаба уюшмалари спортчиларининг турли мусобақаларда иштирок этишларини таъминлаш мақсадида олий тоифали спортчиларни тайёрлаш учун зарур шарт-шариотларни яратиш, уларнинг нуфузли мусобақаларда иштирок этишларини таъминлаш йўлида барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида шуғулланувчиларни мунтазам равишда жисмоний тарбия диспансерларида кўрикдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жорий йилда Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида шуғулланувчиларни болалар оромгоҳларида дам олдириш ва оромгоҳлар ўртасида спорт турнирларини ташкил этиш орқали спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш кўзда тутилган.


Республика касаба уюшмалари мамлакатимизда Ўзбекистон спортчиларини 2012 йилда Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган XXX ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлигини ташкил этиш ва такомиллаштириш йўналишида олиб борилаётган ишларда ҳам фаол иштирок этиб, Ўзбекистон велоспортчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашида Ўзбекистон велоспорт Федерациясининг IV ҳисобот сайлов конференцияси бўлиб ўтди.


Маълумки, велоспортчиларимиз 2010 йилда Гуанчжоуда бўлиб ўтган XVI-ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, Владимир Тўйчиев томонидан олтин медаль қўлга киритилди. Моҳир велоспортчимиз Муроджон Холмуродовнинг жорий йил февраль ойида Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги ғалабаси -- кумуш медални қўлга киритиши натижасида велоспорт Федерацияси 2012 йилда Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган XXX ёзги Олимпия ўйинларига Ўзбекистонда биринчи бўлиб лицензия олишга муваффақ бўлди.


Велоспорт Федерациясининг IV ҳисобот сайлов конференциясида соҳадаги ушбу муваффақиятлар алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Федерациянинг 2009-2010 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тингланиб, мазкур истиқболли спорт турини ривожлантириш борасида Федерация олдида турган муҳим вазифалар, ечимини кутаётган муамолар муҳокама этилди. Хусусан, спортчиларни зарур техника ва техник жиҳозлар, махсус спорт кийимлари ва анжомлари билан таъминлаш борасидаги таклифлар ўртага ташланди.


Конференцияда велоспорт Федерациясининг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб топилди.


Конференцияда ташкилий масала ҳам кўрилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Танзила Нарбаева бир овоздан Ўзбекистон велоспорт Федерацияси раиси этиб сайланди.


Велоспорт Федерацияси раиси ўринбосари этиб спортнинг қишки ва техник мураккаб турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Олмос Юсупов, Федерациянинг бош котиби этиб Анастасия Кривостаненко сайланди.
-- Республикада истиқболли спорт турларидан бири бўлган велоспортни ривожлантириш борасида касаба уюшмаларига бирдирилган юксак ишонч барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди, -   деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси, Велоспорт Федерацияси раиси Танзила Нарбаева. – Ишни аввало, бу соҳада мавжуд базани таҳлил этиш ва Республикамиз ҳудудларидаги Олимпия заҳиралари мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдан бошлаш лозимлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Зеро, мақсадимиз спортчилар учун нафақат зарур шарт-шариотларни яратиш, балки, мамлакатимизда велоспортни янада жадал ривожлантиришдир.


Бунда айниқса, ёш ва иқтидорли велоспортчиларни аниқлаш, уларни етук спортчилар қаторидан ўрин эгаллашларини таъминлаш мақсадида қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Келгусида касаба уюшмалари тизимида велоспорт мактабини ташкил этиш режаси ҳам эътибордан ҳоли эмас. Мақсадимиз эса ягона – мамлакатимизда спортни ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш ва давлатимиз байроғининг халқаро майдонларда музаффарона ҳилпирашига эришиш.


Конференцияда шунингдек, 7 кишидан иборат ижроия қўмита таркиби тасдиқланди.


Велоспорт Федерацияси йиғилишида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси М.Бабаев, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Олимпия ва спорт заҳиралари бошқармаси бошлиғи Р.Маткаримов иштирок этди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши
Матбуот хизмати

 
 
 

 

© Copyright. O'zbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasi. 2011