Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар самарасини уларнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари мисолида кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсатини, унда белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга ошираётган ишлари эътиборга сазовор. Бунда Федерация ва унга аъзо ташкилотлар қошидаги Ёшлар кенгашларининг ҳиссаси катта бўлаётир.
Касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китоби мазмун-моҳияти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари қошидаги Ёшлар кенгашларининг олдидаги долзарб вазифалар» мавзусидаги анжумани бу борадаги амалий ишлардан яна бири бўлди.
Анжуманни Федерация Кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар кенгаши раиси Нормамат Аллаёров очар экан, жумладан, шундай деди:
— Ушбу кенгайтирилган йиғилишимизни ўтказишимиздан асосий мақсад, аввало, Президентимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур англаш ва жойларда ёшлар орасида кенг тарғиб этишдир. Ушбу асар мустақиллик арафасидаги таҳликали давр ҳақида тўлақонли тасаввур беради.
Ўша пайтлар юртимиз ишлаб чиқариш бўйича халқ хўжалигининг барча тармоқларида собиқ Иттифоқ республикалари орасида охирги ўринларда турган. Хомашё етказиб берувчи базага айлантирилган. Ижтимоий соҳалар эътибордан четда қолган, қишлоқ ва шаҳарларимизнинг инфраструктураси ночор аҳволда бўлган. Истиқлол эса вазиятнинг бутунлай ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлди.
Кўриниб турибдики, Президентимизнинг асарини фаол ёшларимиз жойларга бориб тарғиб этиши асосий вазифаларимиз сирасига киради. Бундан ташқари, бугун ёшларимиз олдида турган вазифалар, Ёшлар кенгашларини янада фаоллаштириш, жамоа келишув ва шартномаларига ёшларимиз манфаатини ифодаловчи имтиёзлар киритиш каби масалаларни атрофлича муҳокама этиб олишимиз керак.
Шундан сўнг «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири Сафар Остонов «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китоби мазмун-моҳиятига атрофлича тўхталиб ўтди. Жумладан, ёшларимизнинг мустақиллик энг улуғ бахт экани, унга эришиш осон кечмаганини англашида китобнинг аҳамияти беқиёслигини таъкидлади.
— Дарҳақиқат, Юртбошимиз мустақиллик арафасидаги ўша оғир, таҳликали даврда тўғри йўл танлаб, халқимизни мураккаб вазиятдан эсон-омон олиб чиқди. Энг муҳими, китоб мустақиллик тарихи ҳақида ёшларга сабоқ беради.
Шунингдек, маърузачи ғша даврлардаёқ ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани, уларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш, истеъдодли ёшларни чет элларда таълим олишини таъминлаш борасида ҳаракатлар олиб борилганлигига урғу берди.
Энг муҳими, «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди» дея қатъий мақсад билан халқимизни истиқлолга бошлаган Президентимизнинг эзгу ғояларини юртдошларимиз қўллаб-қувватлади. Бу эса бугунги дориломон кунларимиз асоси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси ва меҳнат муҳофазаси йўналишларида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Юнус Ғофуров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташкилий ишлар бўлими мудири:
— Жорий йилда Федерация кенгаши томонидан белгилаб олинган 11 та устувор йўналишлар бўйича ишлар изчил амалга оширилди. Жумладан, оптималлаштириш туфайли 14 та тармоқ касаба уюшмалари ўрнига 11 та тармоқ фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, бошланғич ташкилотларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳудудларга бориб бевосита уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш ва амалий ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратилди. Бошланғич ташкилотлар ишини янада самарали ташкил этиш мақсадида «Бошланғич ташкилот учун қўлланма» тайёрланди.
Шунингдек, бошланғич ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар ҳисобида қоладиган маблағ 53 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланди. Бундан ташқари, 12000 дан зиёд касаба уюшма фаоллари ўқитилди. Бу, албатта, уларнинг кейинги фаолиятида асқотади. Бу каби ишларимиз бундан кейин ҳам давом эттирилади.
Маҳмуд Исаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш бўлими мудири:
— Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик касаба уюшмалари фаолиятида муҳим ўрин тутади. ¤збекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида: «Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир», дея белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, бўлимимиз асосан иш ҳақи масалалари, бандлик, янги иш ўринлари яратиш мониторинги, ёшларни ишга жойлаштириш, «Усто-шогирд» анъанасини кенг йўлга қўйиш, ижтимоий ҳимоя каби вазифаларни қамраб олади. Буни, юқорида айтганимиздек, ижтимоий шериклик механизмларини ишга солиш орқали бажариш мумкин. Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, жамоа шартномалари кўмагида Ҳукумат, иш берувчи ва ходим манфаатларини уйғунлаштириш орқали кўплаб муаммолар ҳал этилмоқда.
Ўрол Адилов, ЎзКУФК меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири:
— Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга катта эътибор қаратилаяпти. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўҚрисидаги Конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат режаси»га кўра Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан «16 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилиш Тартиби» тасдиқланди.
Ушбу Миллий ҳаракат режасининг ижросини қатъий таъминлашга кўмаклашиш, унга риоя қилиниши устидан жамоат назоратини кучайтириш мақсадида жамоа шартномаларини Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан келишилган жамоа шартномаларини тузишга оид тавсиялардаги Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимининг кенгайтирилган намунасига мослаштириш ва уларнинг ҳар йилда камида бир марта меҳнат жамоаси томонидан муҳокама этилишига эришиш лозим бўлади.
Бу билан нафақат ходимларнинг меҳнати муҳофаза этилишига, балки ҳар хил шароитларда ишлаётган ёшларга қонунчиликда белгиланган кафолат ва жамоа шартномалари орқали имтиёз ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга эришилади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Федерация Кенгаши томонидан маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт, меҳнаткашлар фарзандларини оромгоҳларда соғломлаштириш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик йўналишларида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Жумладан, маънавий-маърифий тадбирлар билан меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари кенг қамраб олинмоқда. Бундан ташқари, касаба уюшмалари спортчиларининг муваффақиятлари мамлакатимиз довруғини дунёга ёймоқда. Яна бир эътиборли томони, 2011 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида меҳнаткашларнинг 269 мингдан зиёд фарзандлари болалар соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштирилди. Шунингдек, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган.
Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ташкил этилапётган маънавият соатларида Президентимиз томонидан илгари сурилган Концепция ҳамда мамлакатимиз раҳбарининг «Юксак маънавият — енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» каби асарларининг мазмун-моҳиятини тарғиб этишга алоҳида жэътибор қаратилмоқда.
Анжуманда юқоридаги мавзулар юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир барчада яхши таассурот қолдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар кенгашининг IV мажлиси бўлиб ўтди. Унда қатор ташкилий масалалар кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
* * *
Анжуман доирасида Ёшлар кенгашлари вакиллари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳам бўлишди. Қисқа муддатда қуриб битказилган мазкур зиё масканига биринчилардан бўлиб ташриф буюриш уларга қувонч бағишлади.
Бу ерда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлиги тўғрисида Битим имзоланди.
— Мазкур Битимнинг касаба уюшмалари Ёшлар кенгаши вакиллари иштирокида имзоланишида ўзига хос рамзий маъно бор, — деди Федерация Кенгаши раиси Танзила Нарбаева. — Юртбошимиз томонидан «Мустаҳкам оила йили» деб номланган 2012 йилда ҳар бир касаба уюшма аъзоси ва уларнинг фарзандлари маънавий дунёсини янада бойитишда бугунги ҳамкорликнинг аҳамияти катта.
Анжуман иштирокчилари ахборот-кутубхона бўлими мудири Умида Тешабоева раҳбарлигида кутубхона фаолияти билан танишдилар. Бу ердаги улкан маънавий бойликдан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Ахир, шундай кошона, шундай маърифат маркази авлодлар хизматига шайланиб турган бўлса, бундай бахтдан қувонмай бўладими?!
— Бугунги анжуманда қатнашиб, юртимизда амалга оширилаётган кўплаб ижобий ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлдик, — дейди иштирокчилардан бири Азиза Йўлдошева. — Пойтахтимизда бундай муҳташам кутубхонанинг барпо этилиши юртимизда маънавиятга қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол намунасидир. Биз жойлардаги тенгдошларимизга бу ҳақда албатта сўзлаб берамиз.