Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашида
Касаба уюшмалари тизимидаги такомиллашув – меҳнаткашлар манфаатларига хизмат қилмоқда
21 июл куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг навбатдаги раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Т.Нарбаева бошқарди.
Йиғилиш кун тартибида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши фаолиятига доир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, Ҳукумат ва касаба уюшмалари Федерацияси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг шу йил 1-17 июн кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 100-сессияси ишидаги иштироки масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Алимуҳамедов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаевнинг ахбороти тингланди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан мазкур конференцияда иштирок этган Б.Алимуҳамедовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон делегацияси томонидан мазкур конференция кун тартибидаги масалалар муҳокамаси олдидан шу йилнинг 28 майидан 5 июнигача бўлган даврда Женевадаги Доимий ваколатхона билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди, Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотлар ва ахборотлардан фойдаланилган ҳолда катта тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари вакили томонидан ҳам чет эл касаба уюшмалари вакиллари билан кун тартибидаги масала юзасидан суҳбат ва учрашувлар ўтказилган. Таъкидлаш зарурки, мажбурий болалар меҳнати қўлланилишига йўл қўймаслик борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ёзма ахборот бир қатор давлатлар, жумладан, Покистон, Украина, Россия, Беларус, Миср, Азарбайжон, Туркия, Қувайт касаба уюшмаларига тарқатилди.
Б.Алимуҳамедовнинг маърузасида таъкидланишича, ХМТнинг стратегик мақсадлари Ўзбекистонда қабул қилинаётган ва амалга оширилаётган чоралар билан ҳамоҳангдир. Айни пайтда мамлакат корхоналарида ходимларнинг вакиллик органларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий негиз шакллантирилган. Ўзбекистонда ўрнатилган қоидаларга биноан ХМТ 87-Конвенциясини ратификация қилиш масаласи дастлаб экспертлар ва мутахассислар томонидан кўриб чиқилиши лозим. Улар миллий манфаатлар ва халқаро стандартларни ҳисобга олиб, аниқ ва асосланган таклифларни ишлаб чиқадилар.
Ўзбекистон касаба уюшмлари вакили ХМТ 100-сессиясидаги маърузаси ва мулоқотлари доирасида Ўзбекистонда касаба уюшмалари тузиш ва рўйхатга олишда тўсқинлик амалда мавжуд эмаслигини мисоллар асосида атрофлича шарҳлаб берди. Ўзбекистонда янги тузилаётган касаба уюшмалари Уставларини рўйхатдан ўтказиш қисқа муддатларда амалга оширилиши, касаба уюшмалари плюрализми учун истиқболли лойиҳалар мавжуд эканлиги, 11 та тармоқ, 14 та ҳудудий касаба уюшмалари бирлашмалари фаолият кўрсатаётганлиги, 6,7 млн. нафар аъзони ўз атрофига бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятига оид маълумотлар ХМТнинг 100-сессияси вакилларига маълум қилинди.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти конференциясининг фаолияти билан боғлиқ ишларни янада такомиллаштириш ва ҳамкорликни ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. ХМТнинг 100-сессияси доирасида Азарбайжон, Беларус, Қувайт, Покистон, Россия ва Украина касаба уюшмалари марказларининг вакиллари билан икки томонлама норасмий учрашув ва фикр алмашувлар натижаси бу йўналишдаги ҳамкорликларни янада кенгайтиришни тақозо этади.
Раёсат йиғилишида кун тартибидан ўрин олган «Турон санаторийси» очиқ акциядорлик жамиятининг молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиш натижалари тўғрисида»ги масала атрофлича таҳлил қилинди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси назорат-тафтиш комиссияси, Санатор-курортлар бошқармаси мутахассислари ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ОАТБ «Қишлоққурилишбанк»нинг мутахассиси иштирокида ҳамда Федерация кенгашининг ижтимоий-суғурта бўлими мутахассислари томонидан «Турон санаторийси» очиқ акциядорлик жамиятининг 2008-2010 йиллар давомидаги молиявий-хўжалик фаолияти ўрганилган ва санаторий йўлланмалари таннархларининг шаклланиши масалаларини таҳлил қилиш давомида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Раёсат йиғилишида иштирок этган ЎзКУФК тизимидаги санаторийлар раҳбарлари ва бош ҳисобчиларига мазкур текшириш натижалари асосида ўз фаолиятларини таҳлилий кўриб чиқиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Касаба уюшма ташкилотлари томонидан фаолиятнинг устувор йўналишларини оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоғидаги веб сайтларда ёритиш орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий манфаатларини қонун талаблари даражасида ҳимоялашга оид имтиёз ва қулайликлардан хабардор этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала муҳокамаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Чунки Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари томонидан қабул қилинаётган қарор ва тавсияларнинг бошланғич касаба уюшма ташкилотларига етиб бориши ва аксинча, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, шу жумладан, ўрта бўғин ташкилотларида бу борада амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, шу асосда навбатдаги ҳаракат йўналишини белгилаб олиш замонавий коммуникация тизимларидан самарали фойдаланишни тақозо этади. Лекин бир қатор ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари ва тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятлардаги кенгашлари бу имкониятлардан самарали фойдаланмаётирлар. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши матбуот хизмати раҳбари М.Ўрмонбекованинг ахборотида бу масала атрофлича таҳлил этилди.
Ўзбекистон Ҳукумати томонидан хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга чет эл инвестицияларини кенг жорий этиш, қўшма корхоналар қуриш, фуқароларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқаришнинг нодавлат секторини ҳар томонланма ривожлантиришга кенг йўл очиб бермоқда. Албатта, мазкур йўналишдаги жараёнлар иш берувчи билан меҳнат кишиси ўртасида ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиради. Бу эса касб эгасини, меҳнат кишисининг ҳуқуқларини Ўзбекистон қонунлари доирасида ҳимоялашни тақозо этади ва бу жараёнда касаба уюшмаларининг иштироки тўғрисидаги масала кун тартибига чиқади. Ҳар қандай иш берувчи ҳам ўз корхонасида ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган ташкилот — касаба уюшмаси тузишга рози бўлавермайди. Бироқ меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси энг долзарб масалалар сирасига киради. Шубҳасиз бу жараён давр талаби асосида меҳнат кишисининг манфаатларини ҳимоялайдиган ташкилот зарурлигини тақозо этади. Бу масала Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис раёсат йиғилишида «Касаба уюшмалари органлари томонидан нодавлат сектор тизимидаги корхона ва муассасаларда касаба уюшмасининг янги ташкилотларини тузиш, ходимларни аъзоликка жалб этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида»ги масала муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, жорий йилда касаба уюшмалари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқадиган вазифалар, касаба уюшмаларининг V Қурултойи қарорлари, амалдаги қонунлар, устувор йўналишлар ва фаолиятга янгича ёндашув талаблари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу талаблар доирасида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисида намунавий Низом», «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларидаги юридик, меҳнатни муҳофаза қилиш, маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлимлари тўғрисидаги Низом ва уларнинг ишини ташкил этиш бўйича Тартиб” тўғрисидаги каби норматив ҳужжатлар касаба уюшмалари фаолиятини замон талаблари даражасида олиб боришда барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатишига шубҳа йўқ. Шунинг учун раёсат йиғилишида мазкур ҳужжатларнинг ҳар томонлама пухта ва мукаммал даражада ишлаб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Бутун мамлакатда бўлгани каби Ўзбекистон касаба уюшмалари Ферациясида ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борадаги ишларни юқори савияда йўлга қўйиш, мустақилликнинг энг олий неъмат эканлигини ҳар бир фуқаро онгига сингдириш энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти ҳисобланган касаба уюшмалари олдидаги долзарб вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан мазкур йўналишда қабул қилинган дастурлар ва тадбирлар ижросини таъминлаш ҳар бир касаба уюшма фаолидан алоҳида масъулият ва ташаббускорликни талаб этади.
Йиғилишда ушбу йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш масаласи атрофлича муҳокама этилди ва муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Раёсат йиғилиши кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам чуқур таҳлил этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.