КУЧЛИ ДАВЛАТДАН - КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг қўшма қарорига биноан Фарғона шаҳрида “Ўзбекистон Республикасида касаба уюшмалари ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисида «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» мавзуидаги ҳамда 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Концепцияда таъкидланганидек, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратиш билан бирга жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган вазифаларни ҳал этишда жамоат назоратини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши борасида жамоат ва нодавлатташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш идоралари орқали жамоатчилик назоратини ташкил этиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов Ўзбекистон Республикасида касаба уюшмалари ва инсон ҳуқуқлари мавзуига тўхталар экан, касаба уюшмаларининг фуқаролик жамияти институти сифатидаги роли, ижтимоий шериклик тамойиллари, жамоа шартномалари ва келишувларининг инсон ҳуқуқлари ҳимоясида асосий омиллардан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, семинар иштирокчиларининг эътибори касаба уюшмалари ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ҳудудий семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Н.Аллаёров “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари” мавзуида сўзга чиқиб, касаба уюшмаларининг жамият ҳаётида тутган ўрнига алоҳида тўхталди.
Бунда ҳудудий семинарлар Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати