Ўзбекистон Федерация кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси

 

 

 

 
Комиссия йиғилишидан
лавҳа
Комиссия йиғилиши
иштирокчилари тажрибалар билан
ўртоқлашмоқдалар

    ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТЛАРИ – КАСАБА УЮШМАЛАРИ ҲИМОЯСИДА 

2011 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Ўқув марказида Федерация кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиясининг I йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Федерация кенгаши раиси ўринбосари Элбек Миржўраев бошқарди.

Федерация кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси аъзолари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари ва тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари бошланғич ташкилотларининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари раислари иштирок этган мазкур йиғилишда асосий эътибор хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги мавқеини янада ошириш, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш, жамиятимизда рўй бераётган туб ислоҳотларда фаол иштирок этишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш, уларнинг маънавий савияларини юксалтириш, хотин-қизлар ўртасида маданий-маърифий ва спорт йўналишидаги ишлар кўламини кенгайтириш масалаларига қаратилди.   

Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Танзила Нарбаева иштирок этиб, Федерация кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида алоҳида тўхталди.

-- Мамлакатимизда Истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, саломатликларини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда, - деди Федерация кенгаши раиси. – Ушбу масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширди. Бугунги кунда республикада энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланган касаба уюшмалари аъзоларининг 3 миллион 300 минг нафарга яқини, яъни 48,9 фоизини аёллар ташкил этади. Шу боис, касаба уюшмалари фаолиятида хотин-қизларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий шерикчилик асосида жамоа шартномалари орқали улар учун етарли иш шароитлари ва қулайликлар яратиб бериш масаласи муҳим ўрин эгаллайди. Демак, хотин-қизларни касбга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, касаначиликни ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорликни кенг йўлга орқали уларга янги иш ўринларини яратиш ишларида фаоллик кўрсатиш, нодавлат корхоналарда ишлаётган хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, касб касалликларининг олдини олиш учун соғлом меҳнат шароитларини яратиш каби масалалар касаба уюшмалари Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияларининг доимий диққат марказида бўлмоғи зарур. Бунда барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятини самарали йўлга қўйишга эришиш муҳим воситалардан бири бўлади.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган аёллар аввало она. Шу маънода, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий ва маънавий ишлар савиясини ошириш, хотин-қизлар дунёқарашини кенгайтиришда муҳим ўрин тутувчи Маънавият соатларини ташкил этиш аёлларимизнинг фарзанд тарбияси ва турли соҳалардаги меҳнат фаолиятларини бир-бирига уйғун ҳолда олиб боришларида катта ёрдам беради.

Шунингдек, касаба уюшмалари тизимида кадрлар заҳирасини яратишда хотин-қизларга ҳам етарли эътибор қаратиш, қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, жамоа шартномалари ва келишувлари асосида хотин-қизларга берилган кафолат ва имтиёзларнинг амалдаги ижросига эришиш, хотин-қизларга бўш вақтларидан унумли ва мазмунли фойдаланишларида кўмаклашиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалалари ҳам касаба уюшмаларининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлиси Қонунчилик  палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” мавзуидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган мажлисидаги маърузаларида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда Федерация кенгашининг II мажлисида белгилаб олинган касаба уюшмаларининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда асосий омил бўлади.

Йиғилишда Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси ўринбосари Зулфия Исаева вилоят касаба уюшмалари ташкилотларининг хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб бораётган фаолиятлари, Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Муҳаббат Давлатёрова вилоятда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида  амалга оширилаётган ишлар борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда Федерация кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси таркибида барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш, меҳнат муҳофазаси ва ҳуқуқий масалалар, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя, маданият-маърифат ва спорт-соғломлаштириш, тарғибот-ташвиқот ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.

Комиссия йиғилишида ташкилий масала ҳам кўрилди. Федерация кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси этиб Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент вилоят кенгаши раиси Мавжуда Халилова, комиссия раиси ўринбосарлари этиб Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Эътибор Раҳмонова ҳамда Ўзбекистон енгил, мебел саноати ва коммунал-маиший хизмат ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Маъмура Одилова, комиссиянинг масъул котиби этиб Федерация кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими бош мутахассиси Мавлуда Шукурова сайланди.

 

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши
матбуот котиби

 

 

© Copyright. O'zbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasi. 2011