ЁШЛАР - ВАТАН ТАЯНЧИ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида Федерациянинг Ёшлар кенгаши III-мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар кенгаши раиси Н.Аллаёров бошқарди.
Ёшлар кенгаши раёсати, ҳудудий ва тармоқ касаба уюшма ташкилотларининг ёшлар кенгаши вакиллари, ёш касаба уюшма етакчилари ва касаба уюшмалари ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ёш мутахассислар иштирок этган мазкур йиғилишда асосий эътибор ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, маънавий дунёқарашини янада ўстириш, ёшларга оид давлат сиёсатининг бажарилишига кўмаклашиш борасида республика касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифаларга қаратилди.
Мавзу бўйича Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Ёшлар кенгаши раиси И.Тошов, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Ёшлар кенгаши раиси ўринбосари А.Аҳмадалиев, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашининг Ёшлар кенгаши раиси Н.Музаппарова, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгашининг Ёшлар кенгаши масъул котиби И.Хамроевлар сўзга чиқдилар. Улар бу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш, ёшларни иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари яратилишида касаба уюшмалари Ёшлар кенгашлари фаоллигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг II-мажлисида белгилаб олинган касаба уюшмаларининг Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлиси ҳамда 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалари асосий омил бўлиши таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан ўртага ташланган таклифлар атрофлича муҳокама этилди. Жумладан, Ёшлар кенгаши аъзолари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда Федерация Кенгаши томонидан илгари сурилаётган “Устоз-шогирд” йўналиши самарали натижаларни бериши, касаба уюшмалари Ёшлар кенгашлари қошидаги ёш олимлар билан ишлаш бўлимлари ишини ривожлантириш давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган имкониятлар қаторида яна бир амалий ёрдам бўлиши таъкидланди.
Мажлисда Ёшлар кенгаши қошида 5 та йўналиш бўйича фаолият кўрсатувчи доимий комиссияларни шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
*** *** ***
Йиғилишдан сўнг ташкил этилган Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева ёш касаба уюшма фаоллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
-- Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ Президентимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама баркамол авлод қилиб тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, - деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т.Нарбаева. – Бу борада қатор қонунлар, махсус Давлат дастурлари қабул қилинди. Бир бирининг узвий мантиқий давоми сифатида тизимли равишда амалга ошириб келинаётган ушбу дастурларда ҳам ёшлар манфаатларига йўналтирилган тадбирлар муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар доирасида соғлом фарзандни дунёга келтирувчи она саломатлигидан бошлаб дунёга келган гўдак соғлиғи, унинг жисмонан ва маънан етук инсон бўлиб камол топиши, билим олиши, касб-ҳунар эгаси бўлиши-ю жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашигача бўлган жараён қамраб олинган.
Ўзбекистон ёшлари ҳам ушбу ғамхўрликларга жавобан ўз билим ва маҳоратлари, ташаббусларини Ватанимизнинг бундан-да равнақ топишига йўналтиришлари лозим. Бунда сўзсиз, энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари сафидаги ёшлар ҳам муҳим ўрин эгаллайдилар. Шу боис бугунги кунда Федерация Кенгаши томонидан касаба уюшмалари ишини давом эттирувчи ёш кадрлар захираси тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбатида жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлган маънавият масаласига эътиборни кучайтириш бугунги кунда Республика касаба уюшмалари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада жойлардаги меҳнат жамоалари, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида касаба уюшма ташкилотлари ташаббуси билан ташкил этиладиган маънавият соатлари ёшларнинг маънавий комолотини таъминлашда асосий омиллардан бири бўлишига шубҳа йўқ. Ушбу маънавият соатларида мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун- моҳиятини халққа етказиш, ёшларни ёт иллатлар таъсиридан ҳимоялаш, миллий ғояни тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шунингдек, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида спорт тадбирларини кўпайтириш, бу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш самарасини ошириш масаласи ҳам мажлис иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ёшларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.