Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қуйидагиларни бирлаштиради:

11 та тармоқ касаба уюшмаларини:


Авиация ходимлари касаба уюшмаси;
Транспорт, йўл ва капитал қурилиши, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси;
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси;
Алоқа ходимлари касаба уюшмаси;
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси;
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси;
Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси; Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси;
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси;
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси;
Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси;

14 та ҳудудий -  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар  касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларини.

  • 25700 та бошланғич касаба уюшма ташкилотларини
  • 6 млн. 300 минг аъзоларни.

Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши 7 та тасарруфдаги ташкилотларига эга, жумладан касаба уюшмалари Жисмоний тарбия ва спорт жамияти, Касаба уюшмалари курортлари бошқармаси, „Ишонч” ва „Ишонч-Доверие” газеталари муҳарририяти. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ўқув марказида тингловчиларнинг ўқишлари, яшашлари ва овқатланишлари учун барча шароитлар яратилган. Ҳар йили 1200дан ортиқ касаба уюшмалари ходимлари ва фаоллари унда ўз малакаларини оширадилар.
Касаба уюшмалари иқтисодий фаолиятнинг барча тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларнинг, шунингдек талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий – иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этадилар ҳамда ҳимоя қиладилар .
Касаба уюшмалари томонидан ҳар йили 75 дан ортиқ тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар ва 200 мингга яқин жамоа шартномалари тузилиб, улар орқали 5 млн. дан ортиқ меҳнаткашларнинг манфаатлари ҳимоя қилинади..
Касаба уюшмалари аъзолари жамоа шартномалари орқали олган бевосита ва билвосита даромадлар, улар тўлаган аъзолик бадалларидан 46 баробар ортиқни ташкил этади.
Касаба уюшмалари амалдаги қонунларга мувофиқ ходимларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар.
Касаба уюшмалари ишлаб чиқаришда бехатар меҳнат шароитлари яратилиши, жароҳатланишларни қисқартирилиши учун курашадилар.
Касаба уюшмалари ўз ташаббусларига кўра ёки ходимларнинг аризасига мувофиқ, ходимнинг майиб бўлиши оқибатида ёки меҳнат вазифаларини бажариш чоғида соғлиги шикастланиши натижасида унга етказилган зарарни қопланишига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун даъво аризаси билан судларга мурожаат этишлари мумкин.
Касаба уюшмалари жамоа битимлари ва шартномалари орқали ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ бепул сут, даволаш-профилактика таомлари, газланган шўр сув, махсус кийим-бош ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишларига эришадилар.
Касаба уюшмалари балансида 75 та маданият саройлари ва уйлари, клублар мавжуд. Уларда фаолият кўрсатаётган 485 та тўгарак, бадиий ҳаваскорлик жамоаларида 1,6 млн.га яқин киши шуғулланиб келмоқда.  Мавжуд 102 та кутубхонадаги китоб фонди 1,1 млн. нусхани, китобхонлар сони 130 мингдан ортиқни ташкил этади.
Касаба уюшмаларининг Жисмоний тарбия ва спорт жамияти 169 та ўйингоҳ, 340 та спорт заллари, 93 та сузиш ҳавзаси (бассейн), 6200 та спорт майдончаларига эга. Спорт секцияларида 1,5 млн. ортиқ киши шуғулланади. Жисмоний тарбия ва спорт жамияти спортчилари орасида кўплаб Олимпия ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионлари бор.
Жисмоний тарбия ва спорт жамияти тизимида 47 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, жумладан 18 та ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаблари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгани туфайли бугунги кунда касаба уюшмалари хорижий ҳамкасбларининг иш тажрибаларини ўрганиш имкониятига эгалар. Хорижий касаба уюшмаларининг иш тажрибалари, шунингдек долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга ёндошиш усуллари билан танишиш республика касаба уюшмалари фаолиятини анча бойитди.
Айниқса Япония, Жанубий Корея ва Хитой каби Осиё давлатларининг касаба уюшмалари билан яқин алоқалар ўрнатилди. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг вакиллари ҳар йили Япония меҳнат Фонди (ЖИЛАФ) ва Жанубий Корея меҳнат Фонди (КОИЛАФ) томонидан ташкиллаштириладиган ўқув дастурларида иштирок этиб келмоқдалар.
МДҲ давлатлари касаба уюшмалари билан ўзаро муносабатлар, масалан Трансмиллий корпорациялар, миграция жараёнлари, бандлик масалаларида, янгича қурилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳалқаро фаолиятида Ҳалқаро Меҳнат Ташкилоти (ҲМТ) билан ўзаро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва аъзо ташкилотларнинг саъй-харакатлар натижасида республикада ХМТнинг асос солувчи Конвенцияларининг кўпчилиги ратификация қилинган ва бир қатор конвенциялар ратификация қилиниш арафасида.
Ўзбекистон КУФК ХМТнинг Марказий Осиё ва Шарқий Европа бўйича Москва офиси билан ҳамкорликда ижтимоий шерикчилик, меҳнат муҳофазаси, ёшлар бандлиги ва бошқа масалаларга бағишланган семинарлар ўтказиб келмоқда.
Бугунги кунда касаба уюшмалари замонавий жиҳозланган, жами 2730 ўринга эга бўлган 16 та санаторийга эгалар. Мазкур санаторийларда ҳар йили мамлакатимизнинг 53 мингдан ортиқ фуқаролари, шулардан 25 мингдан ортиғи имтиёзли йўлланмалар асосида, дам оладилар ва соғломлаштириладилар. Бундан ташқари 6 мингдан ортиқ меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари касаба уюшмалари томонидан берилган йўлланмалар орқали дам олиш уйлари ва пансионатларда дам оладилар.
Ҳар йили 25000 дан ортиқ ходимлар ҳамда талабалар ўқиш ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда 41 та санаторий-профилакторийларда даволанадилар.
Ҳар йилги ёз мавсумида мамлакатимиздаги 300 мингдан ортиқ бола, жумладан 2000 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштирилади.
Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг қонуний ҳуқуқлари ҳимоясини мавжуд барча воситалар, жумладан касаба уюшмаларининг юридик хизматлари орқали амалга оширадилар.
Турли даражадаги касаба уюшмалари органлари юқори малакали юристларига эга. Улар маъмурият ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш, штатлар қисқариши, корхонани хусусийлаштирилиши ва ходимнинг корхонадаги мавқеи ҳамда меҳнат шароитларининг ўзгариши билан боғлиқ бошқа ҳолларда юзага келган муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатадилар.
Фақат касаба уюшмаси аъзосигина ўзини қизиқтирган барча саволлар бўйича ўз касаба уюшмасидан бепул маслаҳат ва ҳуқуқий ёрдам, судларга даъво аризаси киритилган ҳолларда эса адвокатлик ёрдамини олиши мумкин.