Социологик   тадқиқоти
 


“Ўзбекистон   касаба    уюшмалари    бозор    муносабатлари    шароитида    (2010)”
(социологик   тадқиқотнинг   қисқача   натижалари)

 

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан  “Ўзбекистон касаба уюшмалари бозор муносабатлари шароитида” мавзуси бўйича бевосита “Юзма-юз” интервью услуби ёрдамида стандартлаштирилган сўровнома асосида учинчи социологик тадқиқот ўтказилди (биринчи тадқиқот 2001 йилда, иккинчиси – 2004 йилда ўтказилган эди).
Тадқиқотнинг асосий мақсад ва вазифалари ходимларнинг касаба уюшма ташкилотларида аъзолик даражасининг ва аъзоликка ундовчи омилларнинг ўзгариши характерини, шунингдек касаба уюшмаларининг фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида ҳақиқий имкониятларига ва иштирокига меҳнаткашлар томонидан билдириладиган фикр ва баҳоларни аниқлашдан иборат эди.
Танловнинг умумий ҳажми 1507 та респондентдан ташкил топди, бу эса тадқиқотнинг репрезентативлиги (вакиллиги)ни таъминлаш имконини берди. Сўровда 15 та тармоқ касаба уюшмаларининг аъзолари қатнашдилар
Мазкур маълумотномада тадқиқотнинг қисқача натижалари келтирилган. Унинг тўлиқ матни билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг кутубхонасида танишиш мумкин.

ХУЛОСАЛАР

  • Ўтказилган тадқиқот жараёнида қуйидагилар аниқланди: мамлакатимизда бозор муносабатлари шаклланаётган, мулкчилик шаклларининг турли кўринишлари ва биринчи навбатда хусусий мулкчилик муқим ўринга эга бўлаётган бугунги кунда фуқароларнинг касаба уюшмаларига аъзо бўлиш истаклари тобора ўсиши кузатилаяпти. Бунга касаба уюшмалари аъзолари сонининг ўсиши ва фуқаролардаги касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ва ижтимоий-ҳуқуқий мақсадлари ҳақидаги тасаввурларнинг ўзгариши далил бўла олади.
  • Фуқароларнинг онгида касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ва мақсадлари тўғрисидаги тасаввурларнинг тубдан ўзгараётгани қайд этилаяпти. Аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатламларининг аксарият қисмининг фикрича, касаба уюшмаларининг асосий вазифаси, бу санаторий, дам олиш уйлари ва болалар соғломлаштириш масканларига йўлланмалар билан таъминлаш эмас, балки, биринчи навбатда, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Шундай қилиб, касаба уюшмалари фаолияти тўғрисидаги эски тушунча ва тасаввурлар тубдан ўзгариб бораётган ва янгичасига шаклланаётган иқтисодий, ишлаб чиқариш, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар таъсири остида бутунлай ўтмишда қолиб кетаяпти. Уларнинг ўрнини ҳам назарияда, ҳам амалда бозор муносабатлари шароитларига мос келувчи касаба уюшмаларининг янги концепцияси эгаллаяпти ва татбиқ этилаяпти.
  • Оҳирги социологик тадқиқот ўтказилганидан (2004 йил) кейинги олти йил ичида турли даражадаги касаба уюшмаларига мурожаат қилган, касаба уюшмасининг фаолияти ва иши натижасида ижобий жавоб олган, ўзларининг маиший ва меҳнат фаолиятлари билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал қилган фуқаролар сони сезиларли даражада ортди. Ишчи-хизматчилар томонидан касаба уюшмаларига қилинган мурожаатларнинг аксарияти ўтган 2009 ва жорий 2010 йилларга тўғри келганлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Бу хол, фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан касаба уюшмаларининг эътиборлироқ муносабатда бўлаётганини, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда фаоллиги сўнгги икки йил давомида анча ортганидан далолат беради.
  • Фуқароларнинг назарида касаба уюшмаларининг мавқеи ва обрўси ортганлиги (бу ҳақда дадил гапириш мумкин) биринчи навбатда, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ва касбга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган муҳим ижтимоий ва ижтимоий-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишдаги касаба уюшмаларининг реал имкониятлари ортишига, салмоқлироқ бўлишига ёрдам беради. Ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни қайта ишга тиклаш, иш ҳақи миқдорини белгилаш, иш ҳақи ўз вақтида берилиши, меҳнатнинг хавфсиз ва қулай шароитларини яратиш, жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилиш каби йўналишлар бўйича касаба уюшмаларининг фаоллиги ва ижобий иштирокини ҳис қилган, гувоҳи бўлган фуқароларнинг сони кўп бўлмасада, лекин сезиларли даражада ошган. Меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг фикрича, касаба уюшмалари, биринчи навбатда, айнан шу йўналишлардаги масалаларни ижобий тарзда ҳал қилинишига ёрдам беришлари лозим. Сабаби, касаба уюшмаларида зарур ҳуқуқий ва ташкилий салоҳият ҳамда малакали қадрлар ва моддий ресурслар етарли.
  • Охирги тадқиқот ўтказилгандан кейинги олти йил ичида корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган касаба уюшмаларининг ўз аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш борасидаги имкониятлари сезиларли даражада ортди. Касаба уюшмасига 2006-2010 йиллар давомида моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 51,4 фоизи ушбу ёрдамни олганлиги бунинг исботидир. Мисол учун, 2000-2004 йилларда бу каби мурожаатларнинг фақат 37,3 фоизи ижобий ҳал қилинган эди.
  • Иш берувчи ва ёлланма ходимлар ўртасидаги муносабатларнинг моҳияти ва жиҳатларини белгилаб берадиган “ижтимоий шерикчилик” деб номланувчи янги принцип корхона, ташкилот, фермер хўжаликларининг кундалик ҳаётида кенг татбиқ этилаяпти. Фуқароларнинг тўртдан уч қисми бу атаманинг моҳияти ва мазмунини аниқ тасаввур қилишлари, яъни “ижтимоий шерикчилик” атамасини нафақат эшитиб билганлари, балки амалда ҳис қилишлари айнан шундай хулоса чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.
  • Иш берувчи, корхона маъмурияти бир томондан ва иккинчи томондан меҳнат жамоаси номидан касаба уюшмаси ўртасида тузилган жамоа шартномаси аҳамиятини фуқаролар томонидан англаниш даражаси ҳам ортиб бормоқда. Ташкилот ва корхоналарда тузилаётган жамоа шартномаларининг сони ва, шу билан бирга, ушбу шартномалар муҳокамасида иштирок этаётган касаба уюшмалари аъзоларининг фаоллиги ҳам ортаяпти.
  • Меҳнат жамоаси ташаббуси билан жамоа жартномаси матнига киритилаётган ва корхонада меҳнат қилувчи ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ифодаловчи қушимча ва ўзгартишлар сонининг ортиши жамоа шартномасининг якуний вариантини қабул қилишда жамоанинг таъсири сезиларли даражада ортганидан далолат беради.
  • Шу билан бирга, жамоа шартномаси муҳокамасида шахсан қатнашган ва ўз номидан таклифлар киритган ишчи-хизматчиларнинг сони, аввалги сўровдагига қараганда, камроқ бўлган. Бу ҳолатни касаба уюшмаларининг етакчилари томонидан ходимлар билан юзма-юз ёки гуруҳларда олиб борилган суҳбатлар, ишчи-хизматчилар томонидан билдирилаётган таклиф ва фикрларни ёзиб олиниши, жамланиши ва умумлаштирилган ҳолда умумий йиғилиш вақтида меҳнат жамоаси номидан эълон қилиниши билан изоҳлаш мумкин.
  • Ўтказилган сўров қуйидагиларни аниқлаб берди: ташкилотлар, корхоналар, фирмаларнинг деярли ҳаммасида аёллар раҳбарият таркибидан ўрин олганлар. Маъсулиятли ва раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар сонининг ўсиши ҳамда сифати, яъни аёллар эгаллаган лавозимларнинг (бўлим бошлиғидан тортиб ташкилот раҳбаригача) салмоғи ва мақоми ортиб бормоқда.
  • Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиниши борасида фуқаролар томонидан берилаётган таклифлар, асосан, икки йўналиш бўйича бўлган. Биринчи йўналиш – иш ҳақи миқдорини, шу жумладан ноқулай, оғир ва зарарли шароитларда меҳнат қилувчи аёллар учун ойлик маошларни ошириш. Иккинчи йўналиш – фарзандлари бор аёллар учун имтиёзлар, шу жумладан аёллар соғлиги профилактикаси, соғломлаштиришга қаратилган имтиёзлар сонини ошириш.
  • Ташкилот ва корхоналарнинг аксарият қисмида иш ҳафтасининг давомийлиги 40 соатни ташкил қилади, яъни иш ҳафтаси Меҳнат қонунчилигида белгиланган меъёрлар чегарасида. Иш ҳафтасининг давомийлиги 40 соатдан ошиқ бўлишини, асосан, хусусий ва қўшма корхоналарда кузатиш мумкин.
  • Сўров ўтказилган корхона ва ташкилотларнинг аксарият қисмида ишчи-хизматчиларга иш ҳақи ўз вақтида берилаяпти. Лекин, сўровда иштирок этган фуқароларнинг учдан бир қисми корхоналарида ойлик маош берилиши мунтазам равишда кечиктиралаётгани ҳақида маълумот берганига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Бу ҳолат иш ҳақини ўз вақтида бериш муаммоси ҳамма ерда ҳам ижобий ҳал қилинмаганидан далолат беради. Мазкур корхоналарда меҳнат қилувчилар ўзлари учун жуда муҳим бўлган бу муаммони ижобий ҳал қилинишида касаба уюшмасининг ёрдамига ва фаол иштирок этишига муҳтожлар.
  • Фуқароларнинг меҳнат қонунчилиги борасидаги билимларини ўртача даражада деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, Меҳнат Кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ва ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонунлар ҳақидаги билимларини ошириш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш бўйича ишларни давом эттириш лозим.

Ўзбекистон КУФК меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими

 

 

 

 

© Copyright. 2008-2011.O'zbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasi