|

|
2011 йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг II-мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари, корхоналар, жамоат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” мавзуидаги ҳамда 2011 йил 21 январда ўтказилган 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йил иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш масаласи кўриб чиқилди.
Мажлисда Концепцияда, шунингдек, жорий йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган вазифалар республикада энг катта жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларидан ҳам ўз фаолиятига янгича ёндошувни, келгусидаги фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаб олишни тақозо этиши таъкидланди. Бугунги кунда касаба уюшмалари фаолиятининг ўзагини ташкил этиши лозим бўлган ижтимоий шериклик масаласида фойдаланилмай келинаётган имкониятларни ишга солиш, тармоқ, тариф, ҳудудий келишувлар, жамоа шартномалари шартлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, уларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш сифатини яхшилаш, ижтимоий мулоқот имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш соҳасида касаба уюшмалари органларининг ишини янгича ёндошган ҳолда такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жойларда меҳнат қилаётган фуқароларга нисбатан меҳнат, меҳнат муҳофазаси ва бошқа қонунлар талаблари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, бартараф этиш масалаларида давлат ҳокимияти, прокуратура, суд органлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан тегишли чораларни кўриш, зарур ҳолларда қайд этилган йўналишдаги масала кўрилаётган касаба уюшмалари органлари мажлисларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларини таклиф этиш каби ишларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшмалари органлари томонидан аъзоларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасини ошириш соҳасида олиб борилаётган ишларни тубдан яхшилаш масаласи ўртага ташланди.
Мажлис иштирокчиларининг эътибори Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида амалга ошириладиган энг муҳим устувор вазифалар бажарилишига ҳар томонлама кўмаклашиш, барча бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан махсус тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда мазкур тадбирлар доирасида янги иш ўринларини яратиш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий, услубий ёрдам кўламини кенгайтириш масалаларига қаратилди. Шунингдек, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида касаба уюшмаларининг ролини бошқа фуқаролик жамияти институтлари қаторида янада кучайтириш, Республикада фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинган қонунлар моҳиятини касаба уюшма аъзолари томонидан чуқур англаб етилишига ҳар томонлама кўмаклашиш ишларида касаба уюшмалари фаолиятини жадаллаштириш каби масалалар муҳокама этилди.
|