Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

2011 йил 24 майда
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги томонидан
“Қайта давлат рўйхатига олинган”


2011 йил 21 декабрда
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг V Қурултойида
“Тасдиқланган”

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
УСТАВИ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси (бундан буён матнда “Федерация” деб юритилади) - ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида касаба уюшма аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамкорликда амалга ошириш ва ҳимоя қилиш учун бирлашган Ўзбекистон касаба уюшмаларининг касаба уюшма ташкилотлари ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳудудида амал қилувчи), тармоқ бирлашмалари билан ихтиёрий асосда тузилган Республика жамоат бирлашмасидир.
1.2. Федерация ўз фаолиятини асосий мақсади қилиб даромад(фойда) олиш учун кўзда тутмайдиган нодавлат нотижорат ўзини-ўзи бошқарадиган касаба уюшма ташкилотидир.
1.3. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади ва Республика ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўзининг аъзо ташкилотларига эга.
1.4. Федерация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат ва Фуқаролик кодекслари, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунлар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва ушбу Устав асосида амалга оширади.
1.5. Федерация ўз фаолиятининг структураси, мақсад, шакл ва услубларини белгилашда эркиндир, ўз органини мустақил равишда шакллантиради ва девон ходимлари штатини тузади.
1.6. Федерация ўзининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилади, касаба уюшмаларининг халқаро ва бошқа бирлашмаларига кириши мумкин.
1.7. Федерация қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти органлари, меҳнат, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунчилик устидан текширув ва назоратни амалга оширувчи давлат органлари, шунингдек, иш берувчилар бирлашмалари, сиёсий партия ва ҳаракатлар, бошқа жамоат бирлашмалари, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди.
1.8. Федерация ўз фаолиятида ҳокимиятнинг ижро органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақилдирлар, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
1.9 Федерациянинг номланиши:
ўзбек тилида, тўлиқ — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, қисқартмаси – ЎзКУФ;
рус тилида, тўлиқ – Федерация профсоюзов Узбекистана, қисқартмаси - ФПУ;
инглиз тилида, тўлиқ - Federation of Trade Unions of Uzbekistan, қисқартмаси - FTUU.
1.10. Федерация раҳбар органи — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг жойлашган ўрни: 100165. Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро кўчаси, 24-уй.

II.ФЕДЕРАЦИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1. Федерация касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-меҳнат ва фуқаролик ҳуқуқларини, ишлаб чиқариш, иқтисодий ва ижтимоий манфаатлари вакиллиги ва ҳимояси, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида аъзо ташкилотлар вакиллиги ва умумий манфаатлари ҳимояси ва аъзо ташкилотларнинг умумий мақсадларига эришиш, улар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатини таъминлаш бўйича ҳаракатини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадида тузилган.
2.2. Ўз мақсадларига эришиш учун Федерация:
2.2.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг стратегия ва тактикасини ишлаб чиқади, аъзо ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларни мустаҳкамлашга кўмаклашади.
2.2.2. Ижтимоий шерикчилик тизимини ривожлантириш, иш берувчилар ва давлат ҳамда ижро ҳокимияти органлари, касаба уюшмаларнинг уч тарафлама ҳамкорлиги принципларини амалга оширишга кўмаклашади.
2.2.3. Федерация, иш берувчиларнинг республика бирлашмалари билан Бош келишувни ва Федерацияга аъзо ташкилотлар манфаатларига жавоб берадиган бошқа келишувларни ишлаб чиқиш ва тузиш ташаббуси билан чиқади, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.
2.2.4. Меҳнат муносабатларига оид халқаро шартномалар, конвенцияларни ратификация қилишга кўмаклашади, тегишли давлат ҳокимияти органларига меҳнат муносабати, бандлик, меҳнат миграцияси, касб таълими, меҳнат ва соғлиқни муҳофаза қилиш, касаба уюшмалари ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатларини кенгайтириш, гендер тенглик, ёшлар, ижтимоий меҳнат соҳасига алоқадор бошқа масалаларга доир қонунлар, бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида таклифлар киритади ва ишлаб чиқишда иштирок этади.
2.2.5. Меҳнат қонунчилиги, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, бошқа меҳнат ҳуқуқи нормалари мавжуд норматив ҳуқуқий ҳужжатлар устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
2.2.6. Инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин ривожланишини, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлайдиган шароит яратишга йўналтирилган давлат ижтимоий дастурини ишлаб чиқиш ва шакллантиришда иштирок этади.
2.2.7. Санаторий-курортларда даволаниш, болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш, маданият, туризм оммавий жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини ривожлантириш бўйича давлат ҳокимияти органлари, мааҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, бирлашмалар, ташкилотлар билан ўзаро алоқани ўрнатади, касаба уюшмалари аъзолари ва уларнинг оилалари ўртасида соғломлаштириш тадбирларини ташкил этади ва ўтказади.
2.2.8. Федерация мулкидан самарали фойдаланиш бўйича хўжалик ва бошқа чораларни амалга оширади, аъзо ташкилотларнинг мулкдан фойдаланишлари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқади.
2.3. Федерация қуйидаги йўналишлар бўйича касаба уюшма ташкилотлари ҳаракатини бирлаштиради ва қўллаб-қувватлайди:
• миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъий назар касаба уюшма аъзосининг меҳнат, иш ва касбини эркин танлаш, адолатли меҳнат шароити ва ишсизликдан ҳимояланишга бўлган конституциявий ҳуқуқларига риоя этилиши;
• максимал даражада бандликни таъминлаш, даромадларни оширилиши ва мулкий табақаланиш даражасини камайтириш;

• меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизимини жорий этиш;
• маданий-маориф, жисмоний тарбия ва спорт ишларини ташкил этиш, маданият муассасалари ва спорт иншоотларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
• инсонни маънавий ва жисмонан ривожлантиришга ёрдам берувчи бўш вақтидан оқилона фойдаланиш;
• ишлаб чиқаришни ривожлантириш даражасига мувофиқ ишловчиларнинг малакасини ошириш ва касб жиҳатдан қайта тайёрлаш;
• меҳнат қонунчилиги, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонунлар, қоидалар, нормаларга риоя этиш;
• ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун база яратиш ва маблағ ажратиш;
• ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик, жамоа музокараларини ташкил этиш, жамоа шартномалари ва келишувлар тузишни йўлга қўйиш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
• давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабат ўрнатиш, меҳнаткашларни меҳнат, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, барқарорлик, ижтимоий тотувлик ва фуқаролар осойишталигини сақлаш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

III. КАСАБА УЮШМАЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Касаба уюшмалари Уставини тан олувчи ва бажарувчи, мунтазам аъзолик бадалларини тўлаб борувчи 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро касаба уюшма аъзоси бўлиши мумкин (ўн олти ёшга тўлган, иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган ёки ўқув юртида таҳсил оладиган фуқаро касаба уюшмаси аъзолигига кириши мумкин).
Касаба уюшма аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш кирувчининг шахсий аризасига биноан касаба уюшма гуруҳи, цех, бошланғич ташкилотлари йиғилишида амалга оширилади.
Касаба уюшмасига қабул қилиш ва ундан чиқиш санаси ариза берилган кундан ҳисобланади. Касаба уюшмасига қабул қилинган фуқарога бошланғич ташкилотнинг касаба уюшма қўмитаси томонидан ягона намунадаги аъзолик билети берилади.
Касаба уюшма ташкилоти бўлмаган корхона, ташкилот, муассасаларда ходимлар ва ўқувчиларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш касаба уюшмаларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри,шаҳар, туман кенгашларининг раёсатлари ёки касаба уюшма қўмиталари раислари кенгашлари томонидан амалга оширилади.
3.2. Бир касаба уюшмасидан бошқасига ўтганликда, шунингдек, меҳнат фаолияти вақтинча ёки доимий тугатилганда касаба уюшма ташкилоти билан алоқада бўлган ва аъзолик бадаллари тўлаб борилган тақдирда касаба уюшмасига аъзолик сақланиб қолинади.
3.3. Касаба уюшмаси аъзоси:

.

• давлат, суд ва мулк шаклидан қатъий назар хўжалик органларида меҳнат муносабатларига оид масалалар бўйича касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ёрдамини олиш ва уларнинг ҳимоясида бўлиш;
• касаба уюшма органларига сайлаш ва сайланиш;
• касаба уюшмаларининг тадбирларида иштирок этиш, ўз фикрларини эркин баён этиш, ўз фаолияти ва хулқ атворига таалуқли масала кўриладиган мажлис, йиғилиш, конференцияларда шахсан иштирок этиш;
• юқори касаба уюшма органларига мурожаат этиш;
• касаба уюшмаларининг санаторий-курортлари ва сиҳатгоҳларида, санаторий-профилакторий, дам олиш базалари, болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли тарифлар бўйича йўлланмалар олиш, касаба уюшмаларининг маданият муассасалари ва спорт иншоотларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
3.4. Касаба уюшмаси аъзоси:
• Уставга риоя қилиш ва касаба уюшма органлари қарорларини бажаришга;
• бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолиятида иштирок этишга;
• жамоа шартномалари ёки келишувлар бўйича мажбуриятларни бажарилишига кўмаклашишга;
• аъзолик бадалларини тўлаб боришга мажбур.
3.5. Узрли сабабсиз Устав талабларини бажармаган касаба уюшма аъзосига қуйидагича жамоат таъсири чоралари кўрилади: танбеҳ, хайфсан ва охирги чора сифатида касаба уюшмасидан чиқариш.
Касаба уюшма аъзосига жамоат таъсир чораларини қўллаш масаласи бошланғия ташкилот йиғилиши ёки унинг сайлаб қўйилган касаба уюшма органи мажлисида ўзининг иштирокида, шунингдек, уларнинг ташаббуси билан юқори касаба уюшма органларининг мажлисларида кейинчалик касаба уюшма аъзоси ҳисобда турган бошланғич касаба ташкилотини қабул қилинган қарордан хабардор қилган ҳолда узрсиз сабаб билан келмай қолса – унинг иштирокисиз ҳал қилинади.
Қарор кўпчилик, касаба уюшмасидан чиқариш ҳақидаги қарор йиғилиш қатнашчиларининг камида учдан икки қисми овоз берганда ёки сайлаб қўйилган орган мажлисида кворум бўлганда қабул қилинади.
Жамоат таъсири чорасини қўлланилиши устидан шикоят юқори турувчи касаба уюшмаси органига чора қўлланилган кундан сўнг бир ой муддат ичида берилиши мумкин.
3.6. Касаба уюшмасидан ўчирилган ёки чиққан касаба уюшма томонидан ўзининг ижтимоий меҳнат ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишидан, бепул ҳуқуқий ёрдам, касаба уюшмаси ёки унинг ташкилотига тегишли мулкдан ҳисса олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Тўланган аъзолик бадаллари суммаси унга қайтарилмайди.
Касаба уюшма аъзосидан ижтимоий таъсир чорасини олиб ташлаш масаласида тегишли касаба уюшмаси йиғилиши ёки органи томонидан қўлланилган кундан камида уч ойдан сўнг кўриб чиқилади.
6 ой аъзолик бадалини тўламаган касаба уюшма аъзоси (мазкур Уставнинг 8.2. бандида кўзда тутилган ҳолдан ташқари) касаба уюшмасидан чиққан ҳисобланади.
3.7. Касаба уюшмалари фаолиятида актив қатнашганлиги учун касаба уюшма аъзолари касаба уюшма органлари белгилаган тартибда маънавий ва моддий рағбатлантирилиши мумкин.

IV. ФЕДЕРАЦИЯГА АЪЗО ТАШКИЛОТЛАР, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ.

4.1. Мазкур Уставни тан оладиган ва бажарадиган, аъзолик бадалларини тўлайдиган Ўзбекистон касаба уюшмалари, (касаба уюшма ташкилотларининг тармоқ ва ҳудудий бирлашмалари) Федерацияга аъзо ташкилотлар бўлиши мумкин.
4.2. Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ҳақидаги қарор минтақавий, тармоқ касаба уюшмалари Раёсатига берилган ёзма ариза асосида, уларнинг коллегиал органи қарори, Устави, сони ҳақидаги маълумот, ташкилий структураси, раҳбар органларнинг жойлашган ўрни, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, аъзолик бадалларини тўлаш бўйича мажбурияти илова қилинган ҳолда амалга оширилади.
Минтақавий, тармоқ касаба уюшмалари томонидан Федерацияга қабул қилиш рад этилганда бу масала кирувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (бундан буён матнда “Федерация Кенгаши” деб юритилади) муҳокамасига қўйилиши мумкин.
4.3. Аъзо ташкилотларнинг Уставлари Федерациянинг мақсад ва вазифаларига зид бўлмаслиги керак.
4.4. Қуйидаги ҳолларда Федерацияга аъзолик тўхтатилади:
• амалдаги қонунчилик асосида аъзо ташкилот тугатилганда;
• аъзо ташкилотнинг Федерация таркибидан чиққанида;
• аъзо ташкилотнинг Федерация таркибидан чиқарилганда.
Федерация таркибидан чиқиш тўғрисида қарор Федерация Кенгашини камида уч ой олдин огоҳлантирган ҳолда аъзо ташкилотнинг Қурултойи, Конференциясида қабул қилиниши мумкин.
Федерация таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарор Федерация томонидан тасдиқлангунга қадар аъзо ташкилот мазкур Уставни бажаришга мажбур.
Уставни, Федерация коллегиал органи қарорини, Федерацияга аъзолик бадалини тўламайдиган аъзо ташкилот Федерация Кенгаши қарорига биноан Федерациядан чиқарилиши мумкин.
Федерациядан чиқиш ҳақидаги аъзо ташкилот Қурултойи, конференцияси қарори уч ой муддатда кўриб чиқилади.
4.5. Аъзо ташкилотлар қуйидаги ҳуқуққа эга:
• Мазкур Уставга ва Федерациянинг Ҳаракат дастури принципларига зид келмайдиган дастурий, норматив ва локал ҳужжатларни қабул қилиш;
• ўз вакилларини Федерация Кенгаши таркибига делегат қилиб юбориш, уларни чақириб олиш, алмаштириш;
• Федерациянинг сайлаб қўйилган органларига касаба уюшма фаолиятининг ҳар қандай масалалари бўйича мурожаат қилиш ва тушунтириш, ахборот олиш, зарурат туғилганда, қўйилган масалани ҳал қилишда қўллаб-қувватланиш;
• ҳужжатлар лойиҳаларини Қурултой ва Федерациянинг сайлов органларига кўриб чиқиш учун киритиш;
• ўз вакиллари орқали Федерациянинг коллегиал органлари ишига иштирок этиш;
• ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига алоқадор ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига Федерациянинг таклифларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

• Федерация Кенгаши, Республика иш берувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишувни ишлаб чиқиш бўйича таклиф киритиш ва Федерация фаолиятида қатнашиш.
• Федерациянинг турли хил дастурлари ишлаб чиқиш ва жамғармаларини тузишда иштирок этиш;
• Федерация мулкидан фойдаланиш ва уни бошқаришда иштирок этиш;
• касаба уюшма кадрларини ва фаолларини ўқитиш, ўз фаолияти учун зарур ахборот олиш ва тарқатиш учун Федерация имкониятларидан фойдаланиш. Ўз вакилларини Федерация томонидан ўтказиладиган тадбирлар, ўқув семинарларига юбориш.
Касаба уюшмаси ходимларини ва фаолларини Федерация нишони ва фахрий ёрлиғи билан мукофотлаш, шунингдек, уларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш бўйича тақдимномаларни Федерация томонидан қўллаб-қувватлашни илтимос қилиш ҳақида белгиланган тартибда таклиф киритиш;
4.6. Аъзо ташкилотлар мажбур:
• Федерация Уставини бажаришга;
• Федерация фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, Федерация аъзо ташкилотларини ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза этишда бирдамлик кўрсатишга. Федерациянинг мақомини мустаҳкамлаш ва унинг жамиятдаги ва халқаро касаба уюшма ҳаракатидаги ролини ошириш бўйича иш олиб боришга;
• Федерация органларининг мазкур Уставга мувофиқ қабул қилган қарорларини бажаришга;
• Федерация Кенгаши белгиланган миқдорда, муддатда ва тартибда Федерация фаолияти, мақсадли жамғармалар, дастурларига бадалларни ўз вақтида туширишга;
• Федерация Кенгаши, Республика иш берувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Бош келишувни тузиш ва бажаришга кўмаклашишга;
• Федерация кирган касаба уюшмаларида аъзолик ва стажини ўзаро тан олишга;
• Федерация ва унга кирган аъзо ташкилотлар манфаатларини чеклашга йўл қўймасликка.
• Федерацияга аъзо ташкилотларнинг олдиндан ўзаро тегишли розилигисиз бир касаба уюшма ташкилотидан бошқасига ўтишига йўл қўймасликка;
• ўз уставларида, низомларида ва раҳбар кадрларнинг таркибларида, қабул қилинадиган қарорлар ва ҳаракатлардаги ўзгаришлар ҳақида Федерацияга ахборот бериб боришга;
• Федерация таъсис этган оммавий ахборот воситалари, бошқа унга қарашли ташкилотлар фаолиятига кўмаклашишга;
• касаба уюшмаларига бирлашганлар сони ҳақида Федерацияга тушадиган аъзолик ва бошқа бадалларни ҳисоби билан боғлиқ молиявий ҳисобот, бошқа статистик маълумотларни норматив ҳужжатларда белгиланган ҳажм ва тартибда тақдим этишга;
4.7. Аъзо ташкилотлар раҳбарлари Федерация коллегиал органлари қабул қилган қарорларни амалга ошириш учун шахсан жавобгардирлар. Қарорларнинг бажарилмаслик ҳоллари Федерация коллегиал органлари мажлисларида кўриб чиқилади, кўрилиш натижалари ва қабул қилинган чоралар ҳақида ахборот аъзо ташкилотларга юборилади.

V. ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ ВА ФАОЛИЯТИ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

5.1. Федерация ўз фаолиятини эркинлик, мустақиллик, адолат, ҳамжиҳатлик, кўнгиллилик, демократия ва ўзини ўзи бошқариш, ошкоралик, қонунийлик, аъзо ташкилотлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенглигига риоя этиш, озчилик фикри ҳисобга олинган ва келишувга интилган ҳолда қабул қилинган Федерация органлари қарорларининг аъзо ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийлиги принципларига асосан амалга оширади.
5.2. Федерация структурасини қуйидагилар ташкил этади:
• бошланғич касаба уюшма ташкилотлари;
• бирлашган касаба уюшма қўмиталари;
• касаба уюшмаларининг туман, шаҳар, вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари;
• касаба уюшма ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари;
• касаба уюшмаси Марказий кенгашлари;
• Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши;
• тафтиш комиссиялари.
Касаба уюшмаларида хотин-қизлар, ёшлар, шунингдек, корхоналар директорлари (иш берувчилар) ассоциацияси (қўмиталар, кенгашлар) тузилиши мумкин, улар тўғрисидаги низом таъсисчи томонидан тасдиқланади.
Тармоқ касаба уюшма структураси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати (бундан буён матнда “Раёсат” деб юритилади) билан келишилган ҳолда касаба уюшмалари Марказий кенгашлари (бундан буён матнда “касаба уюшмаси МК” деб юритилади) раёсатлари томонидан белгиланади.

БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР

5.3. Касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилоти Касаба уюшмалари ташкилий тузилишининг асоси ҳисобланади.
5.4. Бошланғич касаба уюшма ташкилоти ишлаб чиқариш, тармоқ ёки касб-кор принципи бўйича мулк шакли ва кимга қарашлилигидан қатъи назар, юридик шахс бўлган ташкилотлар, корхоналар, муассасалар касаба уюшма аъзолари уч кишидан кам бўлмаган тақдирда тузилади.
Бошланғич ташкилотни тузиш ва касаба уюшмасига кириш тўғрисидаги қарор касаба уюшма аъзоларининг таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан қабул қилинади, касаба уюшма ташкилоти тузилганидан сўнг ўн кунлик муддат ичида бу ҳақда юқори касаба уюшма органига хабар қилинади.
Бирлашмада ягона касаба уюшма ташкилоти ёхуд бирлашган касаба уюшма қўмитасини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси Марказий кенгаши раёсати томонидан қабул қилинади.
Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўз фаолиятида касаба уюшмалари Устави ва бошланғич касаба уюшма ташкилоти ҳақидаги низомга амал қилади.
Касаба уюшма қўмитаси қарорига биноан бошланғич ташкилот таркибида структуравий бўлинмалар бўйича цех касаба уюшма ташкилотлари, касаба уюшма гуруҳлари тузиши мумкин.

1000 нафардан ортиқ касаба уюшма аъзоси бўлган бошланғич ташкилотларнинг касаба уюшма қўмиталарига, шунингдек, бирлашган касаба уюшма қўмиталарига касаба уюшмаси Марказий кенгаши раёсатининг қарорига биноан мазкур қўмиталар раёсатини сайлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш орқали туман (шаҳар) кенгаши ҳуқуқи берилиши мумкин.
Касаба уюшма йиғилиши ёки конференцияси бошланғич ташкилотнинг олий органи ҳисобланади.
Бошланғич, цех касаба уюшма ташкилотлари йиғилишлари заруратга қараб, лекин йилида камида бир марта ўтказилади.
Касаба уюшма ташкилотининг умумий йиғилишини чақириш имкони бўлмаган бошланғич, цех ташкилотларида ўша муддатларда конференциялар, смена йиғилишлари ўтказилиши мумкин.
Жорий ишларни олиб бориш учун касаба уюшма йиғилиши (конференция)да қуйидагилар 5 йил муддатга сайланади:
• касаба уюшма гуруҳларида – касаба уюшмаси гуруҳи ташкилотчиси;
• 30 нафаргача касаба уюшма аъзосини бирлаштирган бошланғич касаба уюшма ташкилотида – касаба уюшма ташкилотчиси, унинг ўринбосари ва ғазначи;
• 30 ва ундан ортиқ касаба уюшма аъзоларини бирлаштирган бошланғич, цех касаба уюшма ташкилотларида – касаба уюшма қўмитаси, цех қўмитаси ва тафтиш комиссияси (мустақил бюджетга эга бўлган цех касаба уюшма ташкилотларида).
Касаба уюшма қўмитаси, цех қўмиталари мажлислари заруратга қараб, лекин уч ойда камида бир марта ўтказилади.
Касаба уюшма гуруҳи ташкилотчиси, касаба уюшма ташкилотчиси, касаба уюшма органининг муддатдан илгари сайлови касаба уюшма ташкилотига бирлашган касаба уюшма аъзоларининг учдан биридан кам бўлмаган қисмининг талаби ёки юқори касаба уюшма органининг қарорига биноан, шунингдек, касаба уюшма гуруҳи ташкилотчиси, касаба уюшма ташкилотчиси, касаба уюшма органининг ўз ташаббуси билан ўтказилиши мумкин.
Корхона, ташкилот ёки муассасада мулкчилик шакли ўзгарган тақдирда, бошланғич ташкилотнинг касаба уюшма қўмитаси аввал ҳаракатда бўлган қўмитанинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади ва ўз ҳуқуқий мақомини сақлаб қолган ҳолда фаолият кўрсатишни давом эттиради.
5.5. Бошланғич касаба уюшма ташкилоти ва унинг сайланадиган органи:
• ходимларнинг ишлаб чиқариш, меҳнат, меҳнат муҳофазаси, турмуш, маънавият ва маърифат, жисмоний тарбия ва спорт, соғломлаштириш соҳаларида қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади;
• меҳнат жамоаси номидан иш берувчи билан жамоа шартномасини тузади ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
• меҳнат жамоасининг ижтимоий ривожлантириш жорий ва истиқбол режаларини ишлаб чиқиш, якка ва жамоага доир меҳнат низомларини ҳал қилишда қатнашади;
• амалдаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, уларнинг ихтиёрида қолдирилган маблағлар доирасида, касаба уюшма бюджети ва ҳаражат сметасини тасдиқлайди ҳамда бу маблағларни Уставда белгиланган мақсадларга сарфлайди;
• ижтимоий суғурта бўйича тасдиқланган сметага мувофиқ, маблағларни меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, меҳнат муҳофазаси, маданият, маърифат, оммавий спорт ишларига, спорт иншоотларини сақлаш ва қуришга сарфлашда қатнашади;

• касаба уюшма йиғилишлари, конференциялари, Қурултойлар, юқори касаба уюшма органлари қарорлари бажарилишини ташкил этади.
Касаба уюшма қўмитаси цех қўмиталари, касаба уюшма гуруҳларига касаба уюшма қўмитаси ваколатига кирадиган айрим ҳуқуқларни бериши, ўз комиссияларини ташкил қилиши ва уларнинг ваколатларини белгилаш мумкин.

КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ТУМАН, ШАҲАР, ВИЛОЯТЛАР, ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КЕНГАШЛАРИ

5.6. Раёсат томонидан белгиланган касаба уюшма аъзоларининг миқдори меъёрига мувофиқ касаба уюшмалари туман, шаҳар, вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари тузилиши мумкин. Уларни тузиш бўйича қарор касаба уюшмаси Марказий кенгаши Раёсати томонидан қабул қилинади. Ушбу кенгашларни шакллантириш тегишлича касаба уюшмалари туман, шаҳар, вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси конференцияларида амалга оширилади.
Кенгашларнинг ваколатлари ва вазифалари тармоқ касаба уюшмаси Уставлари билан белгиланади. Уларни молиялаштириш тартиби, структураси ва штатлари касаба уюшмаси МК ёхуд уларнинг Раёсатлари томонидан белгиланади.

ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ

5.7. Ўзбекистон касаба уюшмалари (бундан буён матнда “Касаба уюшмалари” деб юритилади) ишлаб чиқариш, шунингдек ноишлаб чиқариш соҳаларида, фаолияти тури бўйича манфаатлар муштараклиги асосида қисман иш билан банд бўлганлар ёки вақтинча ишсизлар, талабалар ва ўқувчи ёшлар, ишламайдиган пенсионерлар, аҳолининг бошқа тоифалари (бундан буён матнда “Ходимлар” деб юритилади) нинг ихтиёрий ўзини ўзи бошқарувчи жамоат нодавлат-нотижорат ташкилотларидир.
5.8. Касаба уюшмалари касб-кор, ишлаб чиқариш, ҳудудий-ишлаб чиқариш, тармоқ, тармоқлараро ҳудудий принциплар бўйича тузилади.
5.9. Касаба уюшмалари Федерациясининг ушбу Устави ва Ҳаракат дастурига зид бўлмаган ўз устави, низоми, дастурий ҳужжатларга эга бўлиши мумкин.
Қурултойлар касаба уюшмаларининг олий органи бўлиб, улар касаба уюшмаларининг МК томонидан беш йилда камида бир марта чақирилади. Уларни чақириш, вакиллик нормаси ва кун тартиби ҳақида камида икки ой олдин эълон қилинади.
ҚУРУЛТОЙ ВАКОЛАТИ

• касаба уюшмалари МКлари, тафтиш комиссиялари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
• касаба уюшмаларини тузиш ва тугатиш;
• устав, низом ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, уларга ўзгартишлар киритиш;
• касаба уюшмаси МК, тафтиш комиссияси раисларини сайлаш;
• Федерация Кенгаши таркибига вакиллар сайлови, касаба уюшмаси МК, тафтиш комиссияси ва Федерация Қурултойига делегатлар сайлаш;
• белгиланган квотага мувофиқ тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципига биноан сайланган касаба уюшмаси МК аъзолари ваколатини тасдиқлаш.

Касаба уюшмаларининг навбатдан ташқари Қурултойи касаба уюшмаси МК қарори билан унинг ўз ташаббусига биноан ёки касаба уюшма аъзоларининг камида учдан бир қисмининг талаби, шунингдек, касаба уюшмаси МК Раёсати қарорига биноан чақирилади. Навбатдан ташқари Қурултойни чақириш тўғрисидаги қарор, вакиллик нормаси ва кун тартиби бир ойдан кам бўлмаган муддатдан кечикмай эълон қилинади.
5.10. Касаба уюшмаси МК Қурултойлар оралиғида тармоқ касаба уюшмаларининг раҳбар органи ҳисобланади ва Қурултойда беш йил муддатга сайланади ва фақат Қурултой олдида ҳисоб беради.
Касаба уюшмаси МК мажлислари заруратига қараб, лекин йилда камида бир маротаба ўтказилади.
МАРКАЗИЙ КЕНГАШЛАР:

• Федерация, тармоқ касаба уюшмаси Қурултойлари томонидан қабул қилинган қарорлар, Федерация Кенгаши, Раёсат қарорларининг бажарилишини таъминлайдилар;
• давлат ва жамоат органларида, мулк шаклидан қатъи назар, хўжалик структураларида касаба уюшма ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қиладилар;
• Республика давлат органлари ва хўжалик бошқармаларининг тармоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларини тайёрлаш ва амалга ошириш ишларида қатнашади;
• тегишли иш берувчилар бирлашмалари (вазирликлар, идоралар, ассоциациялар, мулк шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик структуралари) билан тармоқ ходимларига тааллуқли ижтимоий-иқтисодий муаммолар мажмуи бўйича келишувлар тузадилар;
• касаба уюшма ташкилотлари фаолиятига раҳбарлик қиладилар ва уларга ўз фаолиятларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатадилар;
• амалдаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ва текширувини ташкил этадилар, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси ва саломатлик масалалари бўйича норматив актлар лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашадилар;
• хўжалик органларининг амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилган бошқаришга оид қарорларининг белгиланган тартибда бекор қилинишига эришадилар;
• касаба уюшма ходимлари ва фаолларини ўқитишни ташкил этадилар, касаба уюшма фаолиятига оид ижобий тажрибаларни умумлаштирадилар ва тарқатадилар;
• қўйилган мақсадларга эришиш учун касаба уюшма ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари билан ҳамкорлик қиладилар;
• касаба уюшмаси МК раис ўринбосарини, зарурат туғилганда – раисини, шунингдек, Федерация Кенгашига ўз вакилларини сайлайди ва вазифасидан озод этади;
• касаба уюшмаси МК мажлислари оралиғида жорий масалаларни ҳал қилиш учун раёсатни сайлайди ва уларнинг ваколатларини белгилайди. Раёсат мажлислари заруратга қараб, аммо чоракда камида бир марта ўтказилади;

.

• касаба уюшма бюджетининг бажарилиши ва тақсимланишини бошқарадилар, улар устидан назоратни амалга оширадилар, касаба уюшма маблағларининг Федерация Кенгашига ўз вақтида ва тўла-тўкис ўтказиб берилишини таъминлайдилар;
• ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун Раёсат томонидан белгиланган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қиладилар.

ТУМАН (ШАҲАР) МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ
КЕНГАШЛАРИ

5.11. Бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ташаббуси билан Раёсат қарорига кўра, низоми Раёсат томонидан тасдиқланадиган касаба уюшмаларининг туман (шаҳар) мувофиқлаштирувчи кенгашлари тузилиши мумкин.
5.12. Бошланғич ташкилотларнинг касаба уюшма қўмиталари, туман, шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган тегишли касаба уюшмалари Уставига мувофиқ фаолият юритадилар.

КАСАБА УЮШМА ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР,
ТОШКЕНТ ШАҲАР БИРЛШМАЛАРИ

5.13. Касаба уюшмаси ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари Федерация манфаатларини ифодалайди ва амалга оширади, Ўзбекистон касаба уюшмаси структуравий ташкилотлари ҳаракатини мувофиқлаштиради ва бирлаштиради, Республика ҳудудий бўлинмаларида вакил бўлиб қатнашади, касаба уюшма аъзолари ҳуқуқ ва манфаатлари бўйича фаолиятини таъминлашга кўмаклашади.
Федерацияга аъзо ташкилот ҳисобланган касаба уюшмаларининг структуравий ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларда касаба уюшма ташкилотининг вакиллари бўлиши керак.
Касаба уюшма ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари Федерацияга аъзо ташкилот ҳисобланган фақат структуравий касаба уюшма ташкилотларини бирлаштириши лозим.
5.14. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари Раёсат қарори билан тузилади ёки тугатилади. Улар ўз фаолиятини мазкур Устав ва Раёсат томонидан тасдиқланган “Касаба уюшмалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари ҳақида”ги Низом асосида амалга оширади.
Бирлашма конференцияси касаба уюшма ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмаларининг олий органи ҳисобланади, у бирлашма кенгаши томонидан беш йилда камида бир марта чақирилади. Уни чақириш, вакиллик нормаси ва кун тартиби ҳақида икки ойдан кечикмай эълон қилинади. Навбатдан ташқари конференциялар бирлашма кенгаши қарори билан уларнинг ўз ташаббусига кўра ёки унга кирувчи ташкилотларнинг камида учдан биридан кам бўлмаган қисмининг талаби, шунингдек, Раёсат қарори билан чақирилади. Уни чақириш, вакиллик нормаси ва кўзда тутилган кун тартиби ҳақида бир ойдан кечикмай эълон қилинади.

КОНФЕРЕНЦИЯЛАР ВАКОЛАТИГА:

• Касаба уюшма ташкилотлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмалари, тафтиш комиссиялари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
• низом ва дастурий ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, уларга ўзгартишлар киритиш;
• бирлашма раиси, кенгаш ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш, Федерация Кенгаши таркибига вакиллар ва Федерация Қурултойига делегатлар сайловини ўтказиш;
• белгиланган квотага мувофиқ тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципига биноан аъзо ташкилотлар томонидан сайланган бирлашма кенгаши аъзолари ваколатини тасдиқлаш киради.
Касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси бир вақтнинг ўзида бирлашма кенгаши ва кенгаш раёсати раиси ҳам ҳисобланади.
5.15. Касаба уюшма ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бирлашмаси кенгаши конференциялар оралиғида раҳбар орган ҳисобланади ва беш йил муддатга сайланади.
Кенгаш мажлиси заруратга қараб кенгаш раёсати қарори билан, лекин йилда камида бир марта чақирилади.

КАСАБА УЮШМА ТАШКИЛОТЛАРИ
БИРЛАШМАЛАРИ КЕНГАШЛАРИ:

• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар органлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида касаба уюшма аъзоларининг иқтисодий, меҳнат, ижтимоий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади;
• жойларда иш берувчилар бирлашмаси ва ижро ҳокимияти органлари билан ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича келишувлар тузади ва уларни амалга оширишга эришади;
• меҳнат, бандлик, турмуш, соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт ишлари масалалари, шунингдек, бошқа масалалар бўйича таклифлар киритади ҳамда уларни ҳаётга тадбиқ этишга эришади;
• ишчи ходимларнинг касб тайёргарлиги ва қайта тайёргарлигини ташкил этишга эришади;
• аҳолининг турли гуруҳ ва табақалари ҳаёт даражасини ўрганади, аҳоли даромадларидаги нисбийликни бошқариш ҳамда халқ истеъмоли моллари ва хизмат кўрсатишда нарх-навонинг ўсиши индекси бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этади;
• минтақада ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш режаларини шакллантириш ишларида қатнашади;
• амалдаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат муҳофазаси бўйича қоидаларга риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ва текширувини ташкил этади, ишлаб чиқаришда меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси ва соғломлаштириш масалаларига оид норматив актларга риоя этилишини назорат қилади;

• ижтимоий суғурта бюджети ва йўлланмаларни тақсимлаш режасини тасдиқлайди, ижтимоий суғурта маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатади ва жавоб беради, Федерация Кенгашига бюджет ижроси бўйича молиявий ҳисобот тақдим этади;
• хўжалик органларининг амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилган бошқаришга оид қарорларининг белгиланган тартибда бекор қилинишига эришади;
• касаба уюшма ташкилотларига ҳуқуқий, услубий, ташкилий, консультатив ёрдам кўрсатади, касаба уюшма ходимлари ва фаолларининг ўқувини ташкил қилади, тадбирлар ўтказади;
• умумий мақсадларда касаба уюшмаси МКлари билан ҳамкорлик қилади;
• бирлашма кенгашига қарашли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради ва раҳбарлик қилади;
• касаба уюшма бюджети қисмини бошқаради;
• касаба уюшма маблағлари, шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун ажратиладиган маблағларнинг тўла-тўкис ва ўз вақтида тушишини таъминлайди;
• ходимлар, уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга доир ишларни ташкил этади.
• кенгаш раиси ўринбосарини, зарурат туғилганда бирлашма раисини сайлайди ва лавозимидан озод қилади, янги вакил қилинган кенгаш аъзоларининг ваколатини тасдиқлайди, бирлашма кенгаши аъзоларини тўлдиради, шунингдек, Федерация Кенгаши таркибидан ўз вакилларини чақириб олади ҳамда вакил қилади;
• Федерация Қурултойи, бирлашма конференцияси, Федерация Кенгаши, Раёсати, томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлайди.
Кенгаш мажлислари оралиғида жорий масалаларни ҳал қилиш учун кенгаш мажлисида кенгаш раёсати сайланади.
Раёсат мажлиси заруратга қараб, лекин чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
Касаба уюшма ташкилотлари ҳудудий бирлашмаси кенгаши структураси ва девон штати Раёсат томонидан белгиланади.

ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМА ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ
ТАФТИШ КОМИССИЯЛАРИ

5.16. Касаба уюшма ташкилотлари тафтиш комиссияси касаба уюшмаларининг тегишли сайлов органлари билан бир вақтда йиғилишлар, конференциялар, Қурултойда ўша муддатга ва ўша тартибда раис ва комиссия аъзолари таркибида сайланадиган мустақил орган бўлиб, уни сайланган орган олдида ҳисоб беради.
Тафтиш комиссиялари ўз фаолиятида мазкур Уставга, тармоқ касаба уюшмалари уставларига, тегишли конференциялар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Қурултойи томонидан тасдиқланган “Тафтиш комиссиялари тўғрисида”ги Низомга амал қилади. Тафтиш комиссияларининг иши, шунингдек, Федерациянинг назорат-тафтиш комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади ва йўналтирилади.

VI. ФЕДЕРАЦИЯ ОРГАНЛАРИ

6.1. Қуйидагилар Федерация органлари ҳисобланади:

• Федерация Қурултойи;
• Федерация Кенгаши;
• Федерация Кенгаши Раёсати;
• Федерациянинг Назорат-тафтиш комиссияси.
6.2. Федерация Қурултойи Федерациянинг олий органи ҳисобланиб, у беш йилда камида бир марта ўтказиладиган Қурултой Федерация Кенгаши қарори билан чақирилади. Унинг чақирилиши, вакиллик нормалари ҳамда кун тартиби Қурултой очилишидан камида уч ой олдин эълон қилинади.
Федерациянинг навбатдан ташқари Қурултойи Федерация Кенгаши томонидан ёки Федерация аъзо ташкилотларнинг камида учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади. Навбатдан ташқари Қурултойни чақириш, вакиллик нормаси, кур тартиби тўғрисида Федерация Кенгаши қарори унинг очилишидан камида бир ой олдин эълон қилинади.
6.3. Агар аъзо ташкилотларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса ҳамда сайланган делегатларнинг учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, Қурултой тўла ваколатга эга ҳисобланади.
6.4. Кворум бўлгани ҳолда, Қурултойда иштирок этаётган делегатларнинг ярмидан кўпи овоз берган бўлса ва мазкур Устав билан бошқа ҳол кўзда тутилмаган бўлса, Қурултой қарорлари қабул қилинган ҳисобланади. Қурултой қарорларини қабул қилишда овоз бериш тартиби унинг делегатлари томонидан белгиланади.
6.5. Қурултой қарорлари қарорлар шаклида қабул қилинади.

ҚУРУЛТОЙ ВАКОЛАТИГА:

• Федерацияни қайта ташкил этиш, тугатиш ва фаолиятини тўхтатиш;
• Устав ва Ҳаракат дастурини қабул қилиш, шунингдек, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
• Федерация Кенгаши ва Федерация Назорат-тафтиш комиссияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботни тинглаш;
• Федерация раиси, шунингдек, Федерация Кенгаши аъзоларини сайлаш, тўғридан-тўғри вакиллик принципига мувофиқ белгиланган квотага мувофиқ аъзо ташкилотлар томонидан сайланган Федерация Кенгаши аъзолари ваколатларини тасдиқлаш;
• Федерация Назорат-тафтиш комиссияси сайловларини ўтказиш, унинг ваколатларини белгилаш ва ҳисоботларини тасдиқлаш;
• мамлакат ҳаёти, касаба уюшмалари ҳаракати, ҳукумат органлари фаолиятига доир муҳим масалалар бўйича қарорлар, резолюциялар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилиш;
• аъзо ташкилотлар аппеляцияларини кўриб чиқиш;
• Федерациянинг халқаро касаба уюшмалари ва бошқа бирлашмалар, ташкилотларга аъзо бўлиш тўғрисидаги Федерация Кенгаши қарорларини тасдиқлаш;
• Федерация Кенгаши, Президиуми, Федерация раисига алоҳида ваколатлар бера олиши киради.
6.6. Касаба уюшмалари ҳаракати билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун Федерация конференцияси чақирилиши мумкин. Конференциянинг ўтказилиш тартиби ва муддати Федерация Кенгаши томонидан белгиланади.

6.7. Навбатдаги Қурултойлар оралиғида Федерациянинг сайлов-коллегиал органи — тенг ҳуқуқлилик асосида, ҳар бир аъзо ташкилотнинг икки вакилидан шаклланадиган Федерация Кенгаши доимий раҳбар орган ҳисобланади.
Вакилларни Федерация Кенгашига сайлаш Қурултойлар, Федерацияга аъзо ташкилотларнинг конференциялари ёки пленумларида амалга оширилади.
Уларни чақириб олиш ва алмаштириш ҳам худди шу тартибда амалга оширилади.
Федерация Кенгаши таркибига лавозимига кўра Федерация раиси ва унинг Федерация Кенгаши бўйича ўринбосарлари киради.
Федерация Кенгаши заруриятга кўра аммо камида бир йилда бир марта чақирилади.
6.8. Федерация Кенгашининг ваколат муддати беш йил.
6.9. Федерация Кенгаши:
• Устав вазифаларини ва Федерация Қурултойининг қарорларини бажариш бўйича фаолият олиб боради;
• ўз фаолияти тўғрисида Қурултойга ҳисобот беради;
• ходимларнинг ижтимоий - меҳнат ҳуқуқларига алоқадор, жумладан, бандлик, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, иш ҳақи, меҳнат шароити ва муҳофазаси, саломатлиги ва атроф-муҳит, уй-жой, турмуш шароити ва маданий хизмат кўрсатиш, ходимларнинг ижтимоий кафолат масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни қонунларда ва бошқа норматив ҳужжатларда мустаҳкамлаш юзасидан фаолият олиб боради;
• мамлакат ҳаёти, касаба уюшмалари ҳаракати, давлат ҳокимияти органлари фаолиятига доир муҳим масалалар юзасидан қарорлар, резолюциялар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилади;
• меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича уч томонлама комиссиядаги Федерациянинг мухтор вакиллари таркибини тасдиқлайди;
• Федерацияга мурожаат қилинган ҳолларда Федерацияга аъзо ташкилотлар ўртасидаги низоли масалаларни кўриб чиқади.
• хорижий мамлакатлар касаба уюшмалари билан халқаро алоқаларни ривожлантиради ҳамда улар тажрибасини ўрганиб боради;
• ўз фаолияти ҳақида аъзо ташкилотларга мунтазам равишда маълумот бериб боради;
• Федерацияга аъзо ташкилотлар томонидан тўланадиган аъзолик бадали миқдори, тўлов тартиби ва муддатини белгилайди, Федерациянинг махсус жамғармаларини (бирдамлик, суғурта, маданий-маърифий, кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш ва Федерациянинг Устав мақсадларига мувофиқ бошқа масалаларга оид) ташкил қилади, шунингдек, ажратилган маблағларни фақат ушбу жамғармалар Низомида белгиланган мақсадларда сарфланишини назорат қилади.
• Федерация мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш масалалари юзасидан норматив характердаги қарорлар қабул қилади;
• Қурултой чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;
• аъзо ташкилотлардан Федерация Кенгаши таркибига вакиллик нормалари тўғрисида таклифлар киритади;
• Федерация Раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тартибини белгилайди;
• Федерация раҳбарлари ва аъзо ташкилотлар раҳбарларининг Федерация органлари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тинглайди. Аъзо

ташкилот томонидан Федерация Устави, Федерациянинг коллегиал органлари қарорларининг бажарилмаганлиги, аъзолик бадаллари ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаганлиги аниқлангани ҳолда, ушбу ташкилотга хизмат кўрсатишни тўхтатиш ва унинг вакилларини Федерациянинг коллегиал органлари мажлисларида ҳал қилувчи овоздан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Аъзо ташкилотнинг тегишли сайлов органларига жавобгарликка тортиш тўғрисида мурожаат қилади;
• Президиум, Федерация Кенгаши Раисига алоҳида ваколатлар бера олади;
• аъзо ташкилотларнинг республикалараро, минтақалараро ва умумкасаба вазифаларини бажариш борасидаги ҳаракатларини бирлаштиради ва мувофиқлаштиради касаба уюшмаларининг умумреспублика тадбирларини ўтказади;
• касаба уюшмаларига қонунчилик томонидан бериладиган ҳуқуқларни амалга оширади;
• барча даражадаги касаба уюшма ташкилотлари учун ягона молиявий фаолиятни белгилайди ва интизомни ўрнатади;
• зарур ҳолларда, жумладан, Республикада янги қонунлар қабул қилинганда, тегишлича ушбу Уставга ўзгартиш киритади, сўнг тасдиқлаш учун Қурултойга тақдим этади;
• Раёсатининг сон таркибини белгилайди ва шакллантиради;
• Федерация Кенгашига қайта сайланган аъзоларнинг ваколатларини тасдиқлаш, шунингдек, аъзоларни Федерация Кенгашидан чиқариш, сайлаш ҳамда кооптация қилиш ҳуқуқига эга;
• Федерациянинг халқаро фаолият стратегиясини белгилайди, унинг касаба уюшма ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, турли халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши тўғрисида қарор қабул қилади, аъзо ташкилотларнинг халқаро фаолиятини мувофиқлаштиради;
• касаба уюшма фаолияти йўналишлари бўйича комиссиялар тузади;
• нашр органларига эга бўлади ва нашриётчилик фаолиятини олиб боради, ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатни хабардор қилади, касаба уюшмаларининг ягона ахборот хизматини ривожлантиради;
• Раёсатнинг Федерацияга янги аъзо ташкилотларни қабул қилиш ёки аъзоликдан чиқариш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлайди;
• Федерация вакилларини Халқаро касаба уюшма марказларига танлайди ва улар билан ўзаро муносабат принципларини белгилайди;
• Федерация Кенгаши Раиси ўринбосарларини, зарур ҳолларда эса Федерация Кенгаши Раисини сайлайди ёки вазифасидан озод қилади;
• Қурултойлар оралиғидаги даврда Федерация Раиси ўз хоҳишига кўра лавозимидан кетган ҳолатда, навбатдаги Қурултой ўтказилгунига қадар Федерация Кенгаши аъзоларидан бирига Федерация Раиси вазифасини бажаришни юклаш тўғрисида қарор қабул қилади;
• унга аъзо ташкилотлар томонидан юклатилган бошқа вазифаларни амалга оширади;
• ўз фаолияти тўғрисида фақат Федерация Қурултойига ҳисобот беради.
Федерация Кенгаши қарори билан Раёсатга Федерация Кенгаши вазифасига кирувчи баъзи ваколатлар берилиши мумкин.
6.10. Федерация Кенгаши заруриятга қараб, аммо бир йилда камида бир марта ёки Федерация Кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисмининг талабига кўра

чақирилади ва унда Федерация Кенгаши аъзоларининг учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, у тўла ҳуқуқли ҳисобланади;
6.11. Федерация Кенгаши қарорлари, агар ушбу Уставда бошқача ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, мажлисда қатнашаётган аъзолар томонидан, кворум бўлгани ҳолда, кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
6.12. Федерация Кенгаши қарорлари қарор, резолюция ва мурожаатномалар шаклида қабул қилинади.
6.13. Федерация Кенгаши мажлисини Федерация Кенгаши Раиси, у йўқ бўлган ҳолларда — ўринбосарларидан бири олиб боради.
6.14. Раёсат Федерациянинг жорий раҳбарият фаолиятини амалга оширувчи сайланадиган коллегиал ижроия органи ҳисобланади.
6.15. Раёсат Федерация Кенгаши томонидан Федерация Кенгаши аъзолари орасидан, ташкилотларнинг ҳудудий ва тармоқ бирлашмаларидан, тенг миқдорда аъзо ташкилотлар ва уларнинг бирлашмалари (ассоциациялар, раис кенгашлари, бошқа бирлашмалар) томонидан Раёсат таркибига тавсия қилинганлар ҳисобидан сайланади.
6.16. Раёсат таркибига лавозимига кўра Федерация Раиси ва унинг Кенгаш бўйича ўринбосарлари киради. Раёсатнинг қолган аъзолари Федерация Кенгаши мажлисда Кенгаш аъзолари орасидан сайланади.
Раёсат мажлиси заруриятга қараб, аммо ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Раёсат ўз ваколати доирасида ҳаракат қилар экан:
• Федерация Кенгаши мажлисини чақиради, кун тартиби ва уни ўтказиш жойи юзасидан таклифлар киритади, муҳокама қилинаётган масалаларга оид материаллар тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ва назоратини ташкил қилади;
• Федерацияга янги ташкилотларни аъзоликка қабул қилиш, шунингдек, аъзоликдан чиқариш масалаларини олдиндан кўриб чиқади ҳамда Федерация Кенгаши мажлисига тақдим қилади;
• мамлакат ижтимоий-иқтисодий дастурларининг ишлаб чиқилиши ва уларнинг амалга оширилишида иштирок этади, мамлакат ҳаёти, касаба уюшмалари ҳаракати, давлат ҳокимият органлари фаолиятига доир муҳим масалалар бўйича қарорлар, резолюциялар, баёнотлар, мурожаатномалар қабул қилади;
• Ҳукумат органлари, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, бирлашмалар (ассоциациялар) ва ташкилотлар билан биргаликда санаторий-курорт, даволаш, болаларни соғломлаштиришга қаратилган маданий муассасалар, дам олиш, саёҳат, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини ривожлантиришга ҳаракат қилади;
• Федерация матбуот органининг нашриётчилик фаолиятини таъминлайди, бошқа нашрлар ва оммавий ахборот воситаларининг таъсис этилиши тўғрисида қарорлар қабул қилади;
• Федерация Кенгаши Раиси ёки Федерация Назорат-тафтиш комиссияси кўрсатмаси билан Федерациянинг коллегиал органлари қарорларини бажармаётган аъзо ташкилотлар раҳбарларининг фаолиятини кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижалари ҳақида қарор қабул қилиши учун аъзо ташкилотларга маълум қилади;
• Федерация Кенгашига Федерация Кенгаши Раиси ўрибосарларини лавозимидан озод қилиш тўғрисида таклиф киритади, шунингдек, уларни ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилади ва Федерация Кенгаши мажлиси тасдиғига киритади.
• Федерация Кенгаши корхоналари ва структуравий тузилмаларини тузади ва фаолиятини мувофиқлаштиради.

• Федерация номидан қонунчилик, мазкур Устав, Қурултой, Федерация Кенгаши қарорларида белгиланган доирада юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширади;
• Давлат ҳокимияти органларида аъзо ташкилотлар томонидан илгари сурилган ҳимоя хусусидаги талабларни қўллаб-қувватлайди, қонунчиликда кўзда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиб, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади;
• аъзо ташкилотлар тақдимига кўра касаба уюшма ходимлари ва фаолларининг давлат мукофотига тавсия қилиш, уларга фахрий унвонлар бериши ҳақида илтимоснома киритади;
• Федерация нишони, Фахрий ёрлиғи Фахрий унвонларини таъсис этади ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
• Федерация нишони, Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади;
• аъзо ташкилотларнинг таклифи билан Федерацияга аъзо ташкилотлар раҳбарият лавозимларининг заҳира таркибини шакллантиради ва уларнинг тайёрлашни йўлга қўяди;
• Федерацияга аъзо ташкилотларнинг раҳбар сайланма лавозимларига номзодларни таклиф қилади;
• касаба уюшмага аъзолик билетининг ягона шаклини тасдиқлайди;
• аъзо ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар касаба уюшмалари билан халқаро алоқаларни ривожлантиради, уларнинг иш тажрибасини ўрганади, шунингдек, ўз фаолиятини тарғиб қилади;
• ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида Федерация Кенгашига ахборот беради;
• аҳолининг бандлик даражасини таҳлил қилади, давлат органларига ишсизликни камайтириш, вақтинча ишсизларни ижтимоий ҳимоялаш борасида дастурлар ишлаб чиқиш ва аниқ иш олиб боришига кўмаклашади;
• касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича, Федерация Кенгаши ваколатига кирадиган масалалардан ташқари, норматив ҳужжатлар ва услубий тавсиялар ишлаб чиқади;
• касаба уюшмаларининг санаторий-курорт, спорт, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш, маданий-маърифий муассасаларининг, шунингдек, қўшимча таълим муассасаларининг асосий йўналишини белгилайди;
• иш берувчиларнинг Республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан келишиб ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаш юзасидан Федерация номидан музокаралар олиб боради ва Бош келишувни тузади;
• Қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда меҳнаткашларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва фаолият олиб боради;
• давлат ва мулк шаклидан қатъи назар, хўжалик ташкилотларидан, қонунчиликка зид ҳамда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган қарорларнинг бекор қилиниши, ижросининг тўхтатилиши ва ўзгартирилишини талаб қилади;
• ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмаларининг касаба уюшма кадрлари ва фаолларини ўқитиш борасидаги ишларини ташкил қилади, йўналтиради ва мувофиқлаштиради;

• барча даражадаги касаба уюшма ташкилотлари девони ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;
• ҳар йили Федерация Кенгашининг мулк (бино ва иншоот) реестрини тасдиқлайди;
• маданият, дам олиш, туризм, спорт ва бошқа объектлар қурилишида ягона буюртмачи сифатида чиқади;
• меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, Федерациянинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун касаба уюшмалари бюджети, Федерация Кенгашининг даромад ва харажатлари сметаси, Федерация Кенгашининг ижтимоий суғурта бюджетини тасдиқлайди;
• Федерация Кенгашининг касаба уюшма бюджетининг бажарилиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботини тасдиқлайди;
• Федерация Кенгашига қарашли муассаса, ташкилот ва корхоналарни яратиш, бошқа мулк шаклига айлантириш, қайта ташкил қилиш, ижарага бериш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади, улар фаолиятини йўналтиради ва назорат қилади.
• янги иш ўринлари яратиш мақсадида касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан тадбиркорлик тузилмалари яратиш тўғрисида қарор қабул қилади;
• Уставда кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун ўзи таъсис қилган ташкилотлари, корхоналари орқали тадбиркорлик, капитал қурилиш фаолияти ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида таъқиқланмаган бошқа турдаги фаолиятларни олиб боради. Федерация Кенгаши томонидан олинган даромад фақат Федерациянинг Уставида белгиланган мақсадларга йўналтирилади;
• Федерацияга мурожаат қилинган ҳолларда, Федерацияга аъзо ташкилотлар ўртасидаги низоли масалаларни кўриб чиқади;
• касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида аъзо ташкилотга кўриб чиқиш учун касаба уюшмаларини қайта ташкил этиш ёки бирлаштириш юзасидан таклифлар киритади;
• Федерация тизимида ҳисобот-сайлов йиғилишларининг ўтказиш муддатини мувофиқлаштиради;
• Федерация Кенгашининг бўлимлари тўғрисида Низомни тасдиқлайди;
• ҳисоботлар тартибини, уларнинг аъзо ташкилотлар томонидан Федерация Кенгашига тақдим қилиниш даврийлигини белгилайди;
• иш режасига ёки заруриятга кўра, аъзо ташкилотлар ва Федерацияга қарашли муассасаларнинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботларини тинглайди;
• Республика ижтимоий ҳимоя, таълим ва бошқа жамғармаларини ташкил қилади;
• Федерация Кенгашининг иш режасини тасдиқлайди;
• туман, шаҳар мувофиқлаштириш кенгашлари, касаба уюшма ташкилотлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар бирлашмаларини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилади, уларнинг тузилиши ва штатини белгилайди;
• Қурултой, Федерация Кенгаши томонидан ваколат берилган бошқа вазифаларни бажаради;
• Федерация Кенгаши Раисига алоҳида ваколатлар бера олади;
6.17. Федерациянинг назорат-тафтиш комиссияси
6.17.1 Касаба уюшмаларининг назорат-тафтиш органи бўлиб, Федерациянинг молиявий-хўжалик фаолиятини, аъзолик ва бошқа бадалларнинг ҳисобланиши,

тушиши, ўтказилиши, пул маблағларининг тўғри сарфланиши, Федерация мулкидан фойдаланишни назорат қилади.
Комиссия ўз фаолиятида мустақил бўлиб, Қурултой олдида ҳисобот беради.
6.17.2. Аъзо ташкилотлар тақдимига кўра Қурултойда сайланади.
Назорат-тафтиш комиссиясининг фаолияти Қурултой қарорига кўра ёки Федерациянинг фаолияти тугатилган тақдирда комиссия ўз фаолиятини тугатган ҳисобланади.
6.17.3. Ўз фаолиятида Мазкур Устав ва Қурултойда тасдиқланган Назорат-тафтиш комиссияси ҳақидаги Низомига амал қилади.
6.17.4. Беш йил муддатли ваколатга эга.
6.18. Федерация раиси.
6.18.1. Федерацияга бошчилик қилади;
6.18.2. Қурултой қарорларини имзолайди;
6.18.3. Федерация раиси бир вақтнинг ўзида Федерация Кенгаши ва Раёсат раисидир.
6.19. Федерация Кенгаши раиси:
• Устав вазифалари, Қурултой, Федерация кенгаши, Раёсат қарорларини бажарилиши юзасидан фаолият кўрсатади;
• Қурултой ва Федерация Кенгаши ва Раёсат олдида ҳисобот беради.
• Ўзбекистон Республикаси ҳукуматида, қонунчилик органларида, хорижий мамлакатларда, халқаро ташкилотларда; Федерация Кенгаши вакили сифатида қатнашади;
• Хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатлар ҳақида келишувлар тузади;
• Ишончномасиз Федерация номидан фаолият юритади, қонунчилик ижро, суд ҳокимияти, ўз-ўзини бошқариш органларида иш берувчилар бирлашмаларида, жамоат бирлашмаларида ва бошқа ташкилотларда, оммавий ахборот воситаларида Федерациянинг манфаатларини ифода этади.
• Федерация Кенгаши раҳбарияти ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
• Федерация Кенгаши ва назорат-тафтиш комиссияси билан қўшма мажлислар ўтказади;
• касаба уюшма фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ишни таҳлил қилади ва умумлаштиради;
• ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чеклайдиган ёки қонунчиликка зид қарорлари ижросини тўхтатиб қўйиш ёки ўзгартирилишини хўжалик органларидан талаб қилади;
• зарур ҳолларда Федерация Кенгаши номидан мурожаатнома ва илтимоснома юборади;
• меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда Федерация Кенгашининг иштирокини таъминлайди;
• касаба уюшма бирлашмалари, иш берувчилар бирлашмалари, ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабати ҳақида, сўнг бу ҳақда Раёсатга ахборот берган ҳолда, келишувлар тузади;

.

• Федерация Кенгаши мулкини, жумладан, пул маблағларини тасарруф этади, Федерация Кенгаши ва Раёсат томонидан белгиланган бошқа ташкилий бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларини амалга оширади;
• Ходимлар, уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ва уларни маънавий ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган касаба уюшма ва ижтимоий суғурта бюджетининг жорий ижросини, шунингдек, Федерация Кенгашининг молиявий хўжалик фаолиятини таъминлайди.
• Федерация Кенгаши раиси ўринбосарларини лавозимидан озод этиш ёки сайлаш бўйича Федерация Кенгашига таклиф киритади;
• Федерация Кенгаши девонининг штатлар жадвалини тасдиқлайди, Федерация Кенгаши структуравий қисмлари раҳбарларини, девон ходимларини лавозимидан бўшатади, лавозимга тайинлайди, уларнинг вазифаларини белгилайди, рағбатлантиради ва интизомий жазо чораларини қўллайди;
• Федерация Кенгаши ташкилотлари ва муассасаларига умумий раҳбарликни амалга оширади, унга қарашли ташкилотларга раҳбарлар тайинлайди, улар билан меҳнат шартномаси тузади ва рағбатлантиради, ёки интизомий жазо қўллайди.
• Федерация Кенгаши девонининг ички меҳнат тартибини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
• чет элга сафарга кетувчилар номзодини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
• Мазкур Уставда белгиланган тартибда ўзининг ваколати доирасида буйруқлар чиқаради;
• Федерация Кенгаши номидан ишончнома беради;
• Федерация аъзо ташкилотларининг сайланадиган раҳбарлик лавозимларига номзодлар тавсия қилади;
• Раёсатни чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан мажлисга материаллар тайёрлайди, киритади, қабул қилинган қарор ижросини таъминлайди ва назорат қилади.
• Федерация Кенгаши ва Раёсат қарорларини имзолайди;
• Федерация Кенгаши номидан хўжалик ва бошқа шартномаларни тузади;
• Қурултой, Федерация Кенгаши ва Раёсат томонидан топширилган бошқа вазифаларни бажаради.
6.20. Федерация раиси этиб, Федерацияга кирган касаба уюшма аъзоси сайланиши мумкин. Федерация Кенгаши раислигига номзод (номзодлар) Федерация Кенгаши тасдиқлаган Федерация раислигига номзодларни кўрсатиш тартибига мувофиқ Федерацияга аъзо ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Федерация раиси 5 йил муддатга сайланади. Федерация Кенгаши раиси билан Қурултой қарорига биноан 5 йилга муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Уни Федерация номидан Қурултойда ваколат берилган шахс имзолайди.
6.21. Федерация раисини белгиланган муддатдан илгари ваколатини тугатиши ва лавозимдан бўшатиш ҳақида навбатдан ташқари Қурултой чақириш ҳақидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда, жумладан, мазкур Устав, Қурултой ва Қурултой оралиғида Федерация Кенгаши, қарори у томонидан бузилган ҳолларда Федерация Кенгашининг мажлисида аъзо ташкилотларнинг камида учдан икки қисмининг талаби асосида қабул қилинади.
6.22. Федерация раисини ўз илтимосига кўра лавозимдан бўшатиш ҳақидаги қарор Федерация Кенгаши томонидан қабул қилинади. Бундай ҳолатда Федерация Кенгаши раиси вазифасини бажариши навбатдаги Қурултой чақирилгунига қадар Федерация Кенгаши раиси ўринбосарларидан бирига юклатилади.
6.23. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар Раёсат қарорига асосан тузилади.
Унинг тасарруфидаги ташкилотлар мазкур Устав ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, Раёсат томонидан тасдиқланган ўз таъсис ҳужжатлари асосида фаолият юритади.

VII. ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ҚУРУЛТОЙЛАРИ, КОНФЕРЕНЦИЯЛАРИ ЙИҒИЛИШЛАРИ, САЙЛАБ ҚЎЙИЛАДИГАН ОРГАНЛАРИ МАЖЛИСЛАРИНИНГ ТЎЛА ҚОНУНИЙ ҲУҚУҚЛИ БЎЛИШИ, УЛАРДА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА
ОВОЗ БЕРИШ ШАКЛЛАРИ

7.1. Касаба уюшмалари қурултойлари, конференцияларида делегатларнинг камида 2/3 иштирок этгандагина улар тўла қонуний ҳуқуқли ҳисобланади.
7.2. Қурултой, конференция делегатларининг тўла қонуний ҳуқуқли бўлиши қурултой, конференцияни чақираётган касаба уюшма органларининг раёсатлари (бошланғич ташкилотнинг касаба уюшма қўмитаси, касаба уюшма қўмиталари раислари кенгаши) томонидан тасдиқланади.
7.3. Касаба уюшмалари йиғилишлари, сайланма органлар мажлислари уларнинг ишида мазкур ташкилот, касаба уюшма аъзоларининг, сайланма органлар аъзоларини ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда тўла қонуний ҳуқуқли ҳисобланади.
7.4. Касаба уюшмалари қурултойлари, конференциялари, сайланма органлар мажлисларининг қарорлари, уларда қатнашаётган делегатлар аъзоларининг ёки йиғилиш қатнашчиларининг ярмидан кўпроғи қўллаб овоз берганда қабул қилинган ҳисобланади.
Касаба уюшма фаолиятини тўхтатиш, шунингдек, Федерация таркибидан чиқариш тўғрисидаги қарорлар унинг учун Қурултой барча делегатларининг камида 2/3 қисми овоз берган тақдирдагина қабул қилинган ҳисобланади.
7.5. Овоз бериш шакли (очиқ ёки ёпиқ) қурултой, конференция делегатлари, йиғилишлар иштирокчилари, касаба уюшмалари сайланма органлари аъзолари томонидан белгиланади.
7.6. Касаба уюшмаларнинг Қурултой, конференция йиғилишларида, сайланма органлари мажлисларида муҳокама этилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинади ва якуни бўйича баённомалар расмийлаштирилади.

VIII. МОЛИЯ ВА ФЕДЕРАЦИЯ МУЛКИ

8.1. Касаба уюшма маблағлари касаба уюшма аъзоларининг кириш ва ҳар ойлик аъзолик бадалларидан, ишлаб чиқариш, хўжалик, ноширлик, хайр-эҳсон, қонунчиликда рухсат этилган бошқа фаолиятдан келадиган тушумдан шаклланади.
8.2. Кириш ва аъзолик бадаллари камида ўртача ойлик иш ҳақи (стипендия)нинг бир фоизи миқдорида белгиланади.
Аъзолик бадалининг миқдори ва тўлаш тартиби Федерация Кенгаши қарори асосида белгиланади.
Касаба уюшмасида ҳисобда турган ишламайдиган пенсионерлар, ишни вақтинча тўхтатган шахслар, белгиланган энг кам пенсия, ойлик иш ҳақининг бир

фоизи миқдорида бадал тўлайдилар, стипендия олмайдиган студентлар, ўрта-махсус ўқув юртининг ўқувчилари, уч ёшгача боласини парваришлаш билан шуғулланаётган аёллар аъзолик бадали тўлашдан озод этиладилар.
Касаба уюшма аъзоси бўлган фермер (деҳқон) хўжаликлари эгалари, якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахслар йилида улар томонидан декларацияда кўрсатилган сумманинг бир фоизи миқдорида аъзолик бадали тўлайдилар.
8.3. Касаба уюшмалари ўз маблағлари ўз фаолиятларини таъминлашда фойдаланадилар, амалдаги қонунчилик доирасида тасдиқланган бюджетга мувофиқ Устав мақсадларига ҳаражат қиладилар.
8.4. Қўшимча молиявий маблағ олиш, касаба уюшма аъзоларининг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиш, шунингдек, қўшимча ишчи ўринлари яратиш мақсадида касаба уюшмалари белгиланган тартибда ишлаб чиқариш-хўжалик, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, банклар, суғурта ва акциядорлик жамиятлари, ўзига тегишли қўшма корхоналарни яратишлари, мақсадли жамғармаларни шакллантиришлари мумкин. Бу фаолиятдан тушган даромад Устав талабларига мувофиқ сарфланади.
8.5. Федерация Кенгаши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўла ҳуқуқли мулкдор ҳисобланади.
Федерация Кенгаши ўзининг аъзо ташкилотлари манфаати йўлида фойдаланиш учун яратилган ёки олинган, шунингдек, белгиланган тартибда берилган мол-мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади.
Мулк объектларига бинолар, иншоотлар, ер участкалари, механизмлар, жиҳозлар, транспорт ва техник воситалар, инвентарь, маданий-маърифий, жисмоний тарбия, спорт ва соғломлаштиришга ажратилган мулк, пул маблағлари, қимматбаҳо қоғозлар, корхоналар ва хўжаликлар, оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, босмахоналар, санаторий-курорт, соғломлаштириш, спорт, ўқув муассасаси, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, интеллектуал мулк, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мол-мулклар киради.
Касаба уюшмалари, Федерация Кенгашига қарашли ташкилотлар касаба уюшма мулкини акциялаш, сотиш масалаларини Федерация Кенгаши Раёсати розилиги билан ҳал қиладилар.
8.6. Федерация ўз мулкини ишончли бошқарув учун бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) ўтказиши мумкин. Мулкни ишончли бошқарувга ўтказилиши ишончли бошқарувчига унга эгалик қилиш ҳуқуқини бермайди, у Федерация манфаатларини ҳисобга олиб мулкни бошқариши керак.
8.7. Федерация ҳохишига кўра ўз мулкига нисбатан қонунга ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга зид бўлмаган, ўзга шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган, уларнинг ҳуқуқларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириши, жумладан, ўз мулкини бошқалар ихтиёрига ўтказишга, эгалик қилиш учун беришга, мулкни гаровга қўйиш, фойдаланиш ва бошқа тарзда тасарруф этишга ҳақли.
8.8. Федерация Кенгашининг мулки ҳисобланган мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ёки унинг ишончли бошқарувида, беғараз фойдаланишда ёхуд бошқа ҳуқуқда бўлиши, шунингдек, Федерация мол-мулкини олиш ва бошқалар ихтиёрига ўтказиш масаласи бўйича қарорини Федерация Кенгаши қабул қилади.

.

8.9. Федерация ўзининг аъзо ташкилотларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, аъзо ташкилотлар ҳам Федерациянинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.
8.10. Федерация Кенгашининг маблағи ҳар йили Федерация Кенгаши Раёсатида тасдиқланган Федерациянинг кирим ва чиқим сметаси асосида сарфланади.
8.11. Федерация молиявий фаолиятининг мустақиллиги, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги ва ҳимояси Ўзбекистон республикаси қонунчилиги билан кафолатланади.
8.12. Федерациянинг мол-мулки ва унинг розилигисиз фақатгина суд қарорига биноан олиб қўйилиши мумкин.

IX. ФЕДЕРАЦИЯДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

9.1. Касаба уюшмалари органларининг девон ходимлари билан меҳнат муносабатлари, улар билан меҳнат шартномаси тузиш йўли билан лавозимга қабул қилиш (умумий тартибда номуайян муддатга) ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.
9.2. Касаба уюшма органларининг девони Федерация сайланма органларининг фаолиятини таъминлаш учун тузилади ва ўз фаолиятини Раёсатда тасдиқланган регламент асосида амалга оширади.
9.3. Сайланма лавозимларга сайланган ходимлар билан 5 йилга муддатли меҳнат шартномалари тузилади. Меҳнат шартномаси умумий йиғилиш, конференция, Қурултой номидан умумий йиғилиш, конференция, Қурултой ваколат берган шахс томонидан имзоланади.
9.4. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий варақалари ва меҳнат дафтарчалари меҳнат шартномаси (контракт) тузилган касаба уюшма ташкилотида сақланади. Мазкур ташкилот меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш(сайланиши), бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни киритади.

X.ФЕДЕРАЦИЯНИНГ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ

10.1. Федерация Кенгаши ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини олиб боради ва белгиланган тартибда ўз ҳисоботларини рўйхатдан ўтказган орган, статистика ва солиқ идораларига тақдим этади.

XI. ФЕДЕРАЦИЯ, УНИНГ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ЮРИДИК ШАХС СИФАТИДА ҲУҚУҚЛАРИ

11.1. Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, касаба уюшма қўмиталари, туман шаҳар, вилоят (республика), касаба уюшма Марказий Кенгашлари, касаба уюшма ташкилотлари ҳудудий бирлашмалари, Федерация Кенгаши юридик шахс ҳисобланади. Улар ўз муҳрлари, штамп ва бланкалари, банкларда ўз ҳисоб рақамларига эгалар.
Федерация, республика тармоқ касаба уюшмалари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўз рамзларига эга бўлишлари мумкин.

XII.ФЕДЕРАЦИЯНИ ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ
ЭТИШ ТАРТИБИ

12.1. Федерация қайта ташкил этиш, (бирлашиш, қўшилиш, ажралиш, ажралиб чиқиш, янгидан тузиш) ёки тугатиш тўғрисидаги қарор Федерациянинг Қурултойида қабул қилинади. Мажлисда қатнашаётган делегатларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берганда, кворум бўлганда, қарор қабул қилинган ҳисобланади.
Федерацияни қайта ташкил этиш амалдаги қонунчилика кўзда тутилган ҳолларда амалга оширилади. Федерацияни қайта ташкил этишда Қурултой Федерациянинг ҳуқуқий ворисини белгилайди.
12.2. Федерация тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда Федерация Қурултойи тугатиш комиссиясини тайинлайди, шунингдек, Федерация Уставига мувофиқ кредитлар талаби қаноатлантирилгандан сўнг, мулкни қайси мақсадга йўналтиришни белгилайди.
12.3. Федерация фаолиятини тўхтатиш, Федерацияни тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда суд қарорига асосан амалга оширади.
XIII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

13.1. Устав ҳамда унинг айрим қоидаларини шарҳлаш ҳуқуқи Федерация Кенгашининг, унинг мажлислари оралиғида Раёсатнинг мутлоқ ваколатига киради.
Уставни шарҳлаш юзасидан келишмовчилик вужудга келган тақдирда унинг давлат тилидаги матни устунликка эга.
13.2. Мазкур Уставга ўзгартиш ва қўшимчалар Қурултойда ёки Қурултойда тасдиқланиши шарти билан Федерация Кенгаши қарори билан киритилади.
Уставга киритилган барча ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш муддатида қайта рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.
13.3 Касаба уюшмалар фаолиятларида ўзларининг Уставларига, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Уставига амал қиладилар.

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi