Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (2010 йил 29 август 1-13/2352 сонли) ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (2010 йил 29 август ДЖ-09/492 сонли) қўшма хати
|
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 2010 йил 29 август 1-13/2352 сон
Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари бошлиқларига |
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши 2010 йил 29 август ДЖ-09/492 сон
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари раисларига |
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раёсатининг 2010 йил 8 июлдаги 17-1 сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 2010 йил 30 апрелдаги 10/12-14-10 сонли тақдимномасида келтирилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг чора-тадбирлари” тасдиқланган ва унинг ижроси назоратга олинган.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисидаги Давлат дастурларига кўра охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда юздан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилишга оид ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб тасдиқланди ва Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.
Корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоат назоратини янада самарали олиб бориш, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари раисларига:
“Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ҳақида Низом”да (рўйхат рақами 196, 1995 йил 18 декабрь) белгиланган тартибда сайланган меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни иш берувчилар ҳисобидан ўқитилиши ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйилиши юзасидан давлат ва жамоат назоратини кучайтириш;
касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислари ва фаоллари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияси ўзаро ҳамкорликда ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат назоратини олиб борувчи вакилларга амалий ва услубий ёрдам бериш билан биргаликда, ҳудудларда вакилларнинг ўқув семинарларини ташкил қилиш;
белгиланган тартибда жойларда янги ташкил қилинган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ишлари, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарликларини мажбурий суғурта қилиш ҳамда ногиронларнинг ҳаракатланиши учун қўлайликлар яратилганлигини ҳамкорликда ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга тавсиялар бериш;
корхона ва ташкилотларда вояга етмаганлар меҳнатининг муҳофаза қилиниши, уларнинг ноқулай ва зарарли меҳнат шароитларида ишлашларига йўл қўйилмаслиги ва мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги, иш берувчилар томонидан вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этилиши юзасидан белгиланган тартибда давлат ва жамоат назоратини амалга ошириш ҳамда ҳар бир аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан қатъий чоралар кўриб бориш;
ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг раёсат йиғилишларида ҳисобот даврида икки ва ундан ортиқ ходим ҳалок бўлган ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни давлат меҳнат техник инспекторлари иштирокида муҳокома қилиш ҳамда шу каби бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиш ва тааллуқлиги бўйича иш берувчиларга етказиш топширилсин.
Юқорида кўрсатиб ўтилган топшириқлар юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ҳар чорак охирги ойининг 25 санасига қадар ахборот тақдим қилишингизни сўраймиз.
|
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири
А.Хаитов |
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси
Д.Жаҳонгирова |





