Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 18 декабрда 196 рақам билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ҳақида Низом

 

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

 томонидан 1995 йил 18 декабрда

196 рақам билан рўйхатдан ўтказилган

  Ўзбекистон Республикаси Меҳнат

Вазирлиги Коллегияси ва Ўзбекистон

 касаба уюшмалари Федерацияси  кенгаши

 раёсатининг 1995 йил 14 декабрдаги

  8/3-60- сонли қарори билан тасдиқланган

 

 

Меҳнат муҳофазаси бўйича  вакил ҳақида Низом

 

I. Умумий қоидалар

II. Вакилнинг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари

III. Вакил ҳуқуқларининг кафолатлари

 

I.   Умумий қоидалар.

 

  1. Мулкчилик шакли, хўжалик фаолияти соҳаси, идоравий дахлдорлигидан қатъий назар, ёлланма меҳнат қўлланиладиган ҳар бир корхонада Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг  23-моддасига асосан меҳнатни  муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатларга риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш учун меҳнат муҳофазаси бўйича вакил (бундан буён матнда  “меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” ўрнида “вакил” сўзи ишлатилади) сайланади.
  2. Вакил корхона, унинг бўлинмалари меҳнат жамоаси ва касаба уюшма ташкилотининг умумий йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан шу корхона ходимларидан сайланади. Вакил касабақўм ваколати муддатига ёки умумий йиғилиш белгилаган муддатга (касаба уюшма ташкилоти тузилмаган корхонада) аммо бир йилдан кам бўлмаган муддатга  сайланади.
  3. Вакиллар сайловини ўтказиш масъулияти иш берувчи ва корхона касабақўмига юклатилади. Вакиллар сони ишлаб чиқаришдаги шароитларга, бўлинма ва участкаларда жамоатчилик назоратини олиб бориш эҳтиёжига қараб аниқланади. Бу мажбурият жамоа шартномасида белгиланиши керак.
  4. Лавозими  бўйича   меҳнат   муҳофазаси   ҳолатига масъул бўлган  мансабдор шахслар ҳамда меҳнат муҳофазаси хизматининг  мутухассислари вакил бўлиб сайланиши мумкин эмас.
  5. Вакиллар сайлангандан  сўнг бир ой ичида иш  берувчи касабақўм иштирокида вакиллар ўқишини ташкил қилади. Ўқитиш иш берувчи томонидан тасдиқланган ва касабақўм билан келишилган дастур асосида ўтказилади, ўқитиш ҳаражатларини иш берувчи қоплайди.
  6. Иш берувчи вакилларга керакли шароитларни яратиб беришга масъулдир, яъни қоидалар, йўриқномалар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаши керак. Вакиллар томонидан  меҳнат шароити ва муҳофазаси ҳолатини яхшилаш юзасидан берилган таклифларнинг амалга оширилишини таъминлайди.

 

II. Вакилнинг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари.

  1. Вакил ходимларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя  қилиш бўйича жамоатчилик назоратини олиб боради, ходимларга маслаҳатлар беради ва иш олиб боришда хавфсизлик талабларига риоя қилиниши бўйича ходимларни  огоҳлантириб боради.
  2. Вакил корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш масаласи бўйича меҳнат жамоасининг ваколатли ходими бўлиб ҳисобланади, зарурат туғилганда касабақўм ёки меҳнат жамоаси топшириғига биноан у давлат, суд ва жамоат ташкилотлари ишида корхонанинг вакили сифатида қатнашади.
  3. Вакил ўз ишини корхона бўлинмаларининг  раҳбарлари, мутахассислари, касабақўми билан узвий ҳамкорликда бажаради.
  4. Вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • иш берувчилар ва бўлинмалар раҳбарлари  томонидан меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонун ва бошқа ҳужжатлар талабларини бажарилишини назорат қилиш;
  • ўзи мустақил ёки назорат идоралари ходимлари билан биргаликда меҳнат шароитлари ҳолатини текшириш, бўлинмалар раҳбарларига ва иш берувчига меҳнат муҳофазаси қоида ва меъёрларининг бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш бўйича таклифлар бериш;
  • ходимларнинг махсус кийим, пойабзал ва бошқа индивидуал ҳамда жамоавий  ҳимоя воситалари, ювиш ва дезинфекциялаш воситалари, сут ёки унга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, даволаш-профилактика озиқ-овқатлари  билан ўз вақтида таъминланишини текшириш;
  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларни текширишда иштирок қилиш;
  • корхона раҳбари ва бошқа мансабдор шахслардан ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар тўғрисида ахборот олиш;
  • ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф борлиги аниқланган ҳолларда бўлинмалар раҳбарларига ва иш берувчига ишни тўхтатиш тўғрисида талаб қўйиш;
  • касабақўм топшириғига биноан ишлаб чиқариш объектлари ва воситаларини ишлатишга қабул қилиш комиссияси ишида, янги техника ва жиҳозларни синовдан ўтказишда қатнашиш;
  • ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланганда томонларнинг аралаш жавобгарлигини ҳал қилиш учун, жабрланувчи манфаатини ҳимоя қилган ҳолда, корхона маъмуриятининг айби даражаси тўғрисида касабақўмга таклиф киритиш;
  • меҳнат муҳофазаси қоида ва меъёрларини бузган ёки ўзининг хатти-ҳаракати, лоқайдлиги билан ўзига ва бошқаларга хавф туғдирган ходимларни  жавобгарликка тортиш бўйича иш берувчига ва бўлинма раҳбарига мурожаат  қилиш.

 

 

III. Вакил ҳуқуқларининг кафолатлари.

 

  1. Вакилнинг ўқиши ва ўз вазифаларини иш вақтида бажарилиши учун ҳафтада икки соатдан кам бўлмаган вақт ажратилади ва ўртача маоши сақланади. Бу шарт жамоа шартномасида белгиланиши керак. 
  2. Вакилга, корхона жамоа шартномасига киритган ҳолда, ўз вазифасидан озод қилинмаган касабақўм аъзоларига бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар белгиланиши мумкин.
  3. Вакилнинг ҳуқуқларини бузган ёки унинг қонуний фаолиятига  тўсқинлик қилган иш берувчилар, маъмуриятнинг мансабдор шахслари қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
  4. Вакилнинг иш жойларига монеликсиз кириши таъмин этилади. Иш берувчи вакил ўқишини ва билим синовини ўтказгандан сўнг, унга тегишли гувоҳнома беради.
  5. Вакил меҳнат шароитини яхшилаш ва ходимлар манфаатларини  ҳимоя қилишдаги сидқидил меҳнати учун маънавий ва моддий (корхонада меҳнат муҳофазасига ажратилган маблағ ҳисобидан) рағбатлантирилади. Бу масала корхона жамоа шартномасига киритилиши керак.
  6. Вакил ўз иш фаолияти бўйича касабақўм ва меҳнат жамоасига ҳисоб беради. Меҳнат жамоаси ва касаба уюшма ташкилотининг умумий йиғилиши вакилнинг иш фаолиятини қониқарсиз деб топганда, унга берилган ваколатни муддатидан илгари олиши ва янги сайлов ўтказиши мумкин.

 

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi