Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгашининг Низоми
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгаши тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ёшлар кенгаши (кейинги ўринларда – “Ёшлар кенгаши” деб юритилади) ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқарашини ўстириш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига жалб этиш, барча поғоналардаги касаба уюшма тузилмалари қошида ёшлар кенгашларини тузиш ва улар ишини такомиллаштириш учун тегишли тавсияларни тайёрлаш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш борасида Федерация, унинг аъзо ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун ташкил этилади.
1.2. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига бирлашган касаба уюшмаларининг Уставига, Федерация қурултойлари қарорларига, Федерация Кенгаши, унинг Раёсати ва Ижроия қўмитаси қарорларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
1.3. Ёшлар кенгаши таркиби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан унинг ваколатлари муддатига, аъзо ташкилотлар тавсия қилган 40 ёшгача бўлган касаба уюшма фаолларидан иборат вакиллар таркибида тасдиқланади. Хар бир аъзо ташкилот ўз Раёсатининг қарори билан Ёшлар кенгаши таркибига биттадан вакилни сайлаш ҳуқуқига эга. Бунга қўшимча тариқасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати хам Ёшлар кенгаши таркибига вакиллар киритиши мумкин.
1.4. Аъзоларни чақиртириб олиш ва алмаштириш, улар қай тартибда Ёшлар кенгаши таркибига сайланган бўлса, шу тартибда амалга оширилади.
1.5. Ёшлар кенгашини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосарларидан бири бошқаради. Ёшлар кенгаши раисининг ўринбосари ва масъул котиби Ёшлар кенгаши тавсиясига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланади.
II. Ёшлар кенгашининг асосий мақсад ва вазифалари
2.1. Ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқарашини ўстириш борасида аъзо ташкилотлар, барча поғоналардаги ёшлар кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш.
2.2. Касаба уюшмалари Федерациясининг ёшлар сиёсатини, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
2.3. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг аъзо ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган органларида ёшлар вакиллигини таъминлашга кўмаклашиш.
2.4. Ёшларнинг ўқиш, меҳнат қилиш, муносиб иш ҳақи олиш, уй-жой билан таъминланиш, хордиқ чиқариш, бўш вақтини сермазмун ўтказиш борасидаги қонуний ҳуқуқларини кенгайтириш ишларида иштирок этиш .
2.5. Ёшлар ўртасида касаба уюшмаси аъзолигига ундовчи омилларни кучайтириш, уларни касаба уюшмалари сафига жалб қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш.
2.6. Ёшларни ватанпарварлик ва Миллий ғоя руҳида тарбиялашга, ёшлар орасида маънавий-маърифий ва маданий-спорт ишларини ўтказишга кўмаклашиш.
2.7. Ёшлар салоҳияти рўйёбга чиқишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни ўзаро бирлашишига ёрдам бериш.
2.8. Барча поғоналардаги касаба уюшма тузилмалари қошида ёшлар кенгашларини тузиш, улар ишига замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.
2.9. Ёшлар сафидан касаба уюшмалари кадрлари заҳирасини тайёрлашга кўмаклашиш.
2.10. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аъзо ташкилотларининг ёшлар билан иш олиб боришдаги тажрибасини, ёшлар кенгашлари иши амалиётини ўрганиш, умумлаштириш ва кенг ёйиш, мазкур йўналишдаги ишнинг шакл ва услубларини такомиллаштириш.
III. Ёшлар кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари
3.1. Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш ҳамда уларни жамоа келишувлари ва шартномаларига киритиш мақсадида таклифлар тайёрлаш.
3.2. Тайёрланаётган қонунлар, Ҳукумат қарорлари, жамоа келишувлари лойихаларининг ёшлар ҳуқуқларига оид масалалар бўйича экспертизадан ўтказишда иштирок этиш.
3.3. “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик ишларини олиб бориш.
3.4. Ишлаётган ва таълим олаётган ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш борасида давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш.
3.5. Касаба уюшмаларининг ёшларга оид сиёсатини такомиллаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши фаолиятида иштирок этиш.
3.6. Корхоналар, ташкилотлар, ўқув муассасалари қошида ёшлар билан ишлаш тузилмаларини барпо этиш ва янада ривожлантириш ишларига амалий, ташкилий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш.
3.7. Норасмий секторда банд бўлган ёшлар билан ишлаш, уларнинг ўзаро бирлашиш ҳуқуқини рўйёбга чиқаришга кўмаклашиш.
3.8. Минтақалар кесимида аҳолининг турмуш даражасини аниқлашда иштирок этиш. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини улар билан мўътадил нархларда таъминлаш устидан мониторинг ўрнатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи эҳтиёж моллари нарх-навоси асоссиз кўтарилишини олдини олиш бўйича таклифлар тайёрлаш.
3.9. Ёшларни, биринчи галда таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштирилиши ва бандлиги кафолатлари рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш. Ишга жойлаштирилишга муҳтож ёшларга оид маълумотлар базасини ҳамда бўш иш ўринлари тўғрисидаги тармоқлараро маълумотлар базасини шакллантириш.
3.10. Ёшларнинг ўз-ўзларини банд қилишларига ёрдам бериш, ёшлар ўртасида кичик тадбиркорликни ҳамда ёшларнинг иш жойларини яратишга ёрдам берадиган жамият учун муҳим бошқа ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.
3.11. Ўқувчи ёшларнинг ўқишдан бўш вақтларда меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш. Болалар меҳнатининг ўта ёмон шаклларига йўл қўймаслик чора-тадбирларини амалга оширишда иштирок этиш.
3.12. Ходимларни ўқитиш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш.
3.13. Касаба уюшмаларининг жамиятдаги ижобий сиймосини шакллантириш борасидаги ахборот ишларидан кенг фойдаланиш чораларини кўриш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва аъзо ташкилотларнинг ёшлар билан ишлаш тажрибасини умумлаштириш ва кенг ёйиш.
3.14. Ёш касаба уюшмалари фаоллари ва етакчилари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш. Ёшлар муаммоларига тааллуқли анжуманлар, конференциялар, йиғилишлар, семинарлар, давра суҳбатларини ўтказиш.
3.15. Маданий-спорт тадбирлари, спартакиадалар, кўрик-танловлар, фестиваллар, реклама акциялари ва бошқа тадбирларни ўтказиш.
IV. Ёшлар кенгаши ишини ташкил этиш
4.1. Ёшлар кенгаши йиғилишлари заруратга қараб, лекин йилида камида бир марта ўтказилади. Ёшлар кенгаши аъзолари умумий сонидан камида учдан икки қисми иштирок этган йиғилиш ваколатли ҳисобланади. Йиғилишда иштирок этаётган Ёшлар кенгаши аъзоларининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирдагина қарорлар қабул қилинган деб ҳисобланади.
4.2. Ёшлар кенгаши йиғилишлари оралиғида унинг номидан 11 киши миқдорида сайланган Раёсат иш олиб боради.
4.3. Ёшлар кенгаши Раёсати йиғилишлари заруратга қараб, лекин йилида камида тўрт маротаба ўтказилади. Раёсат аъзолари умумий сонидан камида ярми иштирок этган йиғилиш ваколатли ҳисобланади. Йиғилишда иштирок этаётган Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирдагина қарорлар қабул қилинган деб ҳисобланади.
4.4. Ёшлар кенгаши ва унинг Раёсати фаолиятига Раис раҳбарлик қилади. Раис иштирок эта олмаган тақдирда кенгаш ишини раис ўринбосари бошқаради.
4.5. Ёшлар кенгашининг раис ўринбосари ва масъул котиби унинг йиғилишида сайланадилар.
4.6. Ёшлар кенгаши ўз Раёсатида тасдиқлаб оладиган иш режалари асосида фаолият юритади.
4.7. Кечиктириб бўлмайдиган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Ёшлар кенгаши Раёсати ўз аъзоларидан сўров йўли билан овоз бериш асосида қарор қабул қилиши мумкин, бундай қарорлар тўғрисида кенгашнинг навбатдаги йиғилишида ахборот берилади.
4.8. Ёшлар кенгаши ва унинг Раёсати таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқади ва қабул қилади, уларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг сайланма органларида кўриб чиқиш учун киритади, амалий ишда фойдаланиш учун Федерациянинг аъзо ташкилотларига юборади.
4.9. Ёшлар кенгаши ўз фаолиятида “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ва ёшлар муаммолари билан шуғулланувчи бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
4.10. Ёшлар кенгаши ўз йиғилишларида иштирок этиш учун давлат ҳокимияти органлари, иш берувчилар, жамоат ташкилотлари, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тегишли бўлимлари вакилларини таклиф қилиши мумкин.
4.11. Ёшлар кенгаши ўз мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари ва олимларни жалб этган холда ишчи гуруҳлар, комиссиялар тузиши мумкин.
4.12. Ёшлар кенгаши раиси:
-
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қурултойларида, Федерация Кенгаши, унинг Раёсати ва Ижроия қўмитаси йиғилишларида, бошқа жамоат ташкилотларида, иш берувчилар уюшмаларида, давлат ҳокимияти органларида Ёшлар кенгаши номидан иш кўради;
-
Ёшлар кенгаши ва унинг Раёсати йиғилишларини чақиради ва ўтказади.
4.13. Ёшлар кенгаши ишини ташкилий-техникавий жиҳатдан таъмин этиш Ўзбекистон КУФК Ишлар бошқармаси томонидан амалга оширилади.
4.14. Ёшлар кенгаши ва унинг Раёсати йиғилишларини тайёрлаш ва ўтказиш, иш юритиш ҳамда баённомаларни расмийлаштириш Ёшлар кенгаши Раисининг ўринбосари ва масъул котиб томонидан амалга оширилади.
4.15. Ёшлар кенгашининг фаолияти Ўзбекистон КУФК сметаси доирасида молиялаштирилади.
V. Ёшлар кенгаши фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўҳтатиш
5.1. Ёшлар кенгашини тугатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарорига биноан амалга оширилади.





