Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

 

“Ўзбекистон   касаба    уюшмалари    бозор    муносабатлари    шароитида    (2010)”
(социологик   тадқиқотнинг   қисқача   натижалари)

 

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан  “Ўзбекистон касаба уюшмалари бозор муносабатлари шароитида” мавзуси бўйича бевосита “Юзма-юз” интервью услуби ёрдамида стандартлаштирилган сўровнома асосида учинчи социологик тадқиқот ўтказилди (биринчи тадқиқот 2001 йилда, иккинчиси – 2004 йилда ўтказилган эди).
Тадқиқотнинг асосий мақсад ва вазифалари ходимларнинг касаба уюшма ташкилотларида аъзолик даражасининг ва аъзоликка ундовчи омилларнинг ўзгариши характерини, шунингдек касаба уюшмаларининг фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида ҳақиқий имкониятларига ва иштирокига меҳнаткашлар томонидан билдириладиган фикр ва баҳоларни аниқлашдан иборат эди.
Танловнинг умумий ҳажми 1507 та респондентдан ташкил топди, бу эса тадқиқотнинг репрезентативлиги (вакиллиги)ни таъминлаш имконини берди. Сўровда 15 та тармоқ касаба уюшмаларининг аъзолари қатнашдилар
Мазкур маълумотномада тадқиқотнинг қисқача натижалари келтирилган. Унинг тўлиқ матни билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг кутубхонасида танишиш мумкин.
Касаба уюшмаларига аъзолик
Тадқиқот ўтган олти йил мобайнида касаба уюшмаларига аъзо бўлганлар сони ошганини кўрсатди. Масалан, 2004 йилги сўровда иштирок этганларнинг 89,4 фоизи касаба уюшмаларига аъзо бўлган, 2010 йилда эса касаба уюшмасига аъзо бўлганлар улуши 97,2 фоизни ташкил қилган.
Ўтган олти йил ичида касаба уюшмаларга аъзолик даражасининг жадал ўсиши Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида рўй берган.
Мулкчиликнинг жамоавий шаклидаги корхоналарда (АЖ, МЧЖлар), шунингдек давлат тасарруфидаги ташкилотларда хам аъзолик даражаси юқори кўрсаткичга эга эканлиги қайд этилди.
Сўров натижалари кўрсатдики, касаба уюшмаларида аъзолик даражаси меҳнаткашларнинг ёши бўйича гуруҳларининг барчасида ўсган. Бу кўрсаткичнинг ёшларга, яъни ёши 18-29 да бўлганларга хос эканлиги эътиборга лойиқ. Агар 2004 йилда ушбу ёшдаги сўровда иштирок этганларнинг 89,9 фоизи касаба уюшмаларига аъзо бўлган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрстакич 95,5 фоизни ташкил қилди.
Фуқароларнинг касаба уюшмасига аъзо бўлишга ундовчи сабаблар тузилмаси етарли даражада ўзгарибди. Яъни, касаба уюшмасига автоматик тарзда аъзо бўлган меҳнаткашларнинг сони қисқарган: бу каби аъзоларнинг улуши 24,7 фоизни ташкил қилди, ҳолбуки, 2004 йил бу кўрсаткич 35,1 фоизга яқин эди. Айни вақтда, уюшмага аъзолик туфайли тақдим этилувчи имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида аъзо бўлган фуқаролар сони сезиларли даражада ортган (2004 йилда 23,9 фоизни ташкил қилган бўлса, 2010 йилга келиб 30,5 фоизга етган). Шунингдек, меҳнат шароитларини яхшилаш борасида ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида аъзо бўлганларнинг улуши 20,6 фоизни (2004 йилда – 10,3 фоиз), ишдан ноқонуний бўшатилишдан ҳимоя қилиниш мақсадида аъзо бўлганларнинг улуши эса 15,0 фоизни (2004 йилда – 11,6 фоиз) ташкил қилди.
Касаба уюшмага аъзо бўлиш сабабларини ва аъзоликни давом эттиришга ундовчи омилларнинг ўзгариши барча тармоқ касаба уюшмаларида кузатилаяпти. Фарқланиш у ёки бу сабаблар ва омилларнинг устуворлигида намоён бўлганлигини қайд қилиш мумкин. Масалан, соғлиқни сақлаш муассасаларида хизмат қилувчилар учун асосий сабаб - ноқонуний ишдан бўшатилишдан ҳимоя қилинишдир. Авиация корхоналари, алоқа, агросаноат мажмуи ва таълим муассасаларида меҳнат қилувчиларнинг касаба уюшмаларига аъзо бўлишларининг асосий сабаби - имтиёзлардан фойдаланиш ҳисобланади.
Фуқароларнинг касаба уюшмаларининг вазифалари тўғрисидаги тасаввурлари
Бугунги кунда касаба уюшмаларнинг асосий вазифаларидан бири - фуқароларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони кўпайиб бормоқда (2010 йил сўровида – 45,5 фоиз). Айнан шундай фикрни нодавлат нотижорат ташкилотларда фаолият юритувчиларнинг 70,4 фоизи, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ишловчиларнинг 48,3 фоизи, мулкчиликнинг жамоавий шаклига эга ташкилотларда меҳнат қилувчиларнинг 43,3 фоизи, қўшма корхоналар ва хусусий секторга мансуб ташкилотларда ишловчиларнинг мос равишда 42,9  ва 41,8 фоизлари билдирдилар.
Респондентларнинг 14,3 фоизи касаба уюшмаларнинг асосий вазифаси – жамоа шартномасини тайёрлаш ва имзолаш чоғида ходимларни ҳимоя қилиш деб ҳисоблайдилар.
Касаба уюшмаларининг роли тўғрисидаги эскича тасаввурлар ҳам ўзгарган. Ўз аъзоларига моддий ёрдам кўрсатишни уюшманинг асосий вазифаси деб тан олувчи фуқаролар улуши 2004 йилдаги 22,4 фоиздан 2010 йилга келиб 14,7 фоизгача камайди. Ташкилотнинг асосий функцияси санаторий, дам олиш ва болаларни соғломлаштириш масканларига йўлланмалар бериш деб тушунувчи фуқароларнинг сони ҳам  2004 йилдаги 20,8 фоиздан, 2010 йилга келиб 18,7 фоизгача камайди.
Касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар муаммоларини ҳал қилишдаги тутган ўрни
Қуйида келтирилган диаграммдан кўриниб турибдики, сўнгги олти йил мобайнида касаба уюшма органларига мурожаат қилган ишчи-ходимлар сони 2004 йилги 44,1 фоиздан 2010 йилги 65,9 фоизгача ортган.
Ўз корхона ёки ташкилотининг касаба уюшма қўмитасига энг кўп мурожаат қилганлар улуши Хоразм вилоятида (62,9 фоиз), Наманган вилоятида (56,6 фоиз), Самарқанд вилоятида (54,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (53,8 фоиз) қайд этилган.
Тармоқ кесимида касаба уюшма қўмитасига мурожаат қилганларнинг энг кўп сони Маданият (79,3 фоиз), Автотранспорт ва йўл хўжалиги, Темир йўл транспорти (77,4 фоиздан), Ёқилғи-энергетика (75,0 фоиз), Авиация (73,2 фоиз), Давлат муассасалари (71,9 фоиз), Машинасозлик (71,4 фоиз) ходимлари касаба уюшмаларида қайд этилди.
Сўров иштирокчиларининг ёши бўйича 18 дан 29 ёшгача бўлган респондентлар орасида касаба ташкилотига мурожаат қилганлар сони камчиликни, 40-54 ёшлилар (73,5 фоиз) ва 55-60 ёшлилар (72,8 фоиз) эса кўпчиликни ташкил қилгани аниқланди.
          

Диаграмма 1. Ишлаётганингизда касаба уюшмасига бирон илтимос билан мурожаат қилганмисиз? (сўровда иштирок этган фуқароларнинг умумий сонига нисбатан фоизда)
Барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотларига меҳнаткашлар томонидан қилинган мурожаатларнинг ўсиш даражаси
Касаба уюшма қўмитасига 2006-2010 йилларда мурожаат қилган сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғи – 53,4 фоизи - ўзлари меҳнат қилаётган корхона, ташкилотнинг касаба уюшмасига, 12,4 фоизи - касаба уюшмаларининг туман кенгашига, 6,1 фоизи - шаҳар кенгашига, 4,6 фоизи - вилоят кенгашига ва 1,2 фоизи - Ўзбекистон Рсепубликаси касаба уюшмалари Марказий кенгашига мурожаат қилганлар.
Касаба уюшмаларнинг туман кенгашига мурожаатларнинг энг катта улуши Хоразм вилояти (30,5 фоиз) ва Қашқадарё вилоятларига (20,0 фоиз) тўғри келади.
2006-2010 йилларда давомида касаба уюшмаларнинг туман кенгашига мурожаатларнинг энг кўп улуши (18,1 фоиз) таълим ва фан соҳасида меҳнат қилувчилар томонидан қилинган. Давлат муассасалари учун бу кўрсаткич 15,6 фоизни, Агросаноат мажмуи учун эса – 14,6 фоизни ташкил қилган. Тадбиркорлар касаба уюшмаси аъзолари бошқа тармоқ касаба уюшмалари аъзоларига қараганда кўпроқ (яъни - 20,0 фоиз) шаҳар кенгашига мурожаат қилганлар.
Диаграммадан кўриниб турибдики, корхона (ташкилот) касаба уюшма қўмитасига 2010 йилда 2004 йилга нисбатан моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар сони камайган (47,4 фоиз), йўлланмалар берилишига аризалар сони эса сезиларли кўпайган (45,1 фоиз).
Диаграмма 2. Ташкилотингиз касаба уюшмасига охирги марта қайси масала бўйича мурожаат қилгансиз? (сўраб чиқилган фуқароларнинг умумий сонига нисбатан фоизда)

2010 йилда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида дам олиш уйлари ва болаларни соғломлаштириш масканларига йўлланма тақдим этилиши хусусидаги мурожаатлар сони ҳам анча ортган.
Сўров натижаларига кўра, охирги марта корхона касаба уюшма қўмитасига қилинган мурожаатларнинг мутлақ кўпчилиги ижобий ҳал қилинган (2010 йилда - 92,9 фоизи, 2004 йилда – 86,0 фоиз эди).
Мулкчилик шакллари бўйича касаба уюшма қўмитасига қилинган мурожаатларнинг  ижобий ҳал қилиниши давлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотларда  (94,7 фоиз), қўшма корхоналарда (94,4 фоиз) ва жамоа мулкидаги корхоналарда (94,4 фоиз) кузатилди.
Касаба уюшмаларининг шаҳар кегашига 2006-2010 йиллар давомида мурожаат қилганлар сони эса 10,6 фоиздан 6,1 фоизгача камайган ва бу мурожаатлар бўйича ижобий натижалар салмоғи туман кенгашига қилинган мурожаатларникига қараганда бир мунча пастроқ.
Вилоят кенгашига мурожаат қилган респондентлар, умуман олганда, уларининг ҳал қилинишидан қониққанлар (70,6 фоизи), лекин вилоят кенгашига мурожаат қилганларнинг 8,8 фоизи учун натижа салбий кўринишга эга бўлган.
2006-2010 йиллар давомида касаба уюшмаларнинг марказий кенгашига сўровда иштирок этганларнинг 1,2 фоизи мурожаат қилган. Ушбу кўрсаткич 2001-2004 йиллардагига (3,9 фоиз) қараганда уч баробарга камайган.
Касаба уюшмаларининг бугунги кундаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш муносабатларда тутган ўрни ҳақида фуқароларнинг тасаввурлари ва фикрлари
Меҳнаткашларнинг кундалик муаммоларини ҳал қилишда касаба уюшмаларининг роли респондентлар томонидан етарли даражада юқори баҳоланади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг фаоллиги ортганини ижобий баҳоловчи фуқаролар сони кўпайган. Мисол учун, респондентларнинг 54,7 фоизининг таъкидлашича иш ҳақи ўз вақтида тўланишида касаба уюшмаларининг ҳам иштироки бор экан. Ўтган сўров вақтида бу кўрсаткич 43,5 фоизни ташкил қилган эди. Иш ҳақи миқдорини белгилаш ва меҳнатнинг хавфсиз шароитларини яратиш борасида ижобий фикр билдирганлар улуши, мос равишда, 8,3 ва 7,5 фоизга ортган.
Тармоқ кесимида, масалан, тадбиркорлик соҳасида,  иш ҳақи ўз вақтида берилишида, дам олиш, саёҳатлар ва экскурсияларни ташкиллаштириш ишларида касаба уюшмаларининг иштироки анча сезиларли бўлаяпти. 2004 йилда ушбу йўналишлар бўйича фуқароларнинг, мос равишда, 21,8, 62,1 ва 69,0 фоизи ижобий жавоб берган бўлсалар, 2010 йилдаги кўрстакичлар 52,7, 83,6 ва 89,1 фоизни ташкил қилди.
Енгил ва мебель саноати корхоналарида ноқонуний ишдан бўшатилганларни қайта ишга тиклаш, меҳнатнинг хавфсиз ва қулай шароитларини яратиш ва жамоа шартномаси тузилишини назорат қилиш каби долзарб ижтимоий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмаларининг аҳамияти ва таъсири ортгани қайд этилган.
Алоқа соҳасида дам олишни ташкиллаштириш ишларида касаба уюшмаларининг ўта фаол ҳаракат қилаётгани таъкидланган.
Автотранспорт ва йўл хўжалигида меҳнатнинг хавфсиз ва қулай шароитларини яратишда касаба уюшмаларининг фаоллиги анча ошган.
Темир йўл корхоналарида меҳнат қилувчиларнинг фикрига кўра, кўрилаётган давр мобайнида касаба уюшмаларнинг фаоллиги 67,2 дан 65,7 фоизгача камайган бўлсада, ноқонуний ишдан бўшатилганларни қайта ишга тиклаш каби долзарб масалани ҳал қилишда касаба ташкилотларининг таъсири ҳануз кучлилигича қолган.
Давлат муассасалари ва тиббиёт соҳаларида касаба уюшмаларининг роли тўғрисидаги ижобий жавобларнинг улуши, мос равишда, 5,7 ва 4,9 фоизга ошган.
Касаба уюшмалари ва жамоа-шартномавий муносабатлар
“Ижтимоий шерикчилик” атамасининг асл моҳиятини англаб етган фуқаролар улуши 2004 йилги 31,8 фоиздан 2010 йилда 52,3 фоизгача ортган. Бу эса, бугунги кунга келиб иш берувчи ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари айнан ижтимоий шерикчилик принципига асосланганини билдиради.
Ижтимоий шерикчилик моҳияти ҳақида тўғри тушунчани Наманган  ва Самарқанд вилоятлари респондентлари энг кўп намойиш этишди.
“Ижтимоий шерикчилик” атамаси тўғрисида ННТ ва давлат корхоналари ходимлари қўшма ва жамоа корхоналари ходимларига нисбатан кўпроқ маълмуотга эга эканлар.
Корхонангизда жамоа шартномаси борми? Деган саволга сўров қилинганларнинг кўпчилиги (74,7 фоиз) ижобий жвавоб беришди, салбий жавобни 4,7 фоиз респеондентлар берди, шартнома бор-йўқлигини билмайдиганлар 20,6 фоизни ташкил этди.

Диаграмма 3. “Ижтимоий шерикчилик атамаси нимани англатади?

 “Жамоа шартномаси” тушунчаси: 57,3 фоиз респондентлар жамоа шартномаси, бу иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси, иш вақтини белгилаш масалалари бўйича тузиладиган шартнома деб тўғри ҳисобалашар экан.
Жамоа шартномалари бўйича аниқ ва тўғри тасаввурга эга бўлган респондентларнинг энг катта улуши алоқа (71,4 фоиз), маданият (69,0 фоиз) ва таълим ва фан (63,0 фоиз) тармоқларида кузатилган.
2004 йилда ўтказилган оҳирги сўровдан кейин ўтган давр мобайинида ўзларининг ташкилот, корхонасида барча касаба уюшма аъзолари иштирокида жамоа шартномасини муҳокама қилишга бағишланган мажлис ўтказилганини тасдиқлаган ходимлар сони бирмунча кўпайди: 2004 йилдаги 62,7 фоиздан 2010 йилда – 69,1 фоизгача. Шу даврнинг ўзида бундай мажлислар ўтказилмаган корхоналар ходимлари сони камайди.
Ана шу олти йил мобайнида жамоа шартномаси шартларини муҳокама қилишда касаба уюшма аъзоларининг иштироки Хоразм вилоятида 71,7 дан 90,1 фоизгача, Қашқадарё вилоятида эса – 71,4  дан 86,2 фоизгача ортган.
Жамоа шартномасини  ишлаб чиқиш ва қабул қилишда жамоанинг таклифлари ҳисобга олинди ва ҳужжатнинг якуний қариантига киритилди, деб айтган ходимлар сони ҳам кўпайди. Бу борада энг катта ижобий силжишлар Агросаноат мажмуи, Маданият, Алоқа, Соғлиқни сақлаш ходимларининг тармоқ касаба уюшмаларида юз берди.
Касаба уюшмалари ҳуқуқларини амалга оширишнинг энг таъсирчан услублари – касаба уюшма мажлисларини ўтказиб туриш ҳамда касаба уюшма етакчиларининг бошланғич ташкилотлар билан бевосита мулоқот қилишларидир.
Сўровда иштирок этганларнинг 85,3 фоизи касаба уюшмасининг охирги йиғилиши жорий 2010 йилда бўлиб ўтгани ҳақида маълумот бергани касаба уюшмалари фаоллиги ортиб бораётгани тўғрисида далолат беради (2004 йилда худди шундай жавоб берганлар улуши 61,1 фоизни ташкил этганди). Охирги мажлис ўтган йили ўтказилган деб жавоб берган респондентлар 10,0 фоизни, икки йил аввал деганлар – 0,6 фоизни, икки йилдан аввалроқ деганлар - 0 фоизни ва касаба уюшма йиғилиши қачон бўлганини умуман эслай олмаганлар –4,1 фоизни ташкил қилган. Сўнгги учта кўрсаткич 2004 йилдагига қараганда анча камайган, бу ҳам касаба уюшмалари умуман ҳамда бошланғич ташкилотлар миқёсида етарли фаоллик кўрсатаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон вилоятлари бўйича ҳам касаба уюшмаларининг фаоллиги ортганини қайд этиш мумкин. Энг фаол касаба уюшма ташкилотлари Наманган вилоятида экан (88,7 фоиз). Фаолликнинг ортиш даражаси Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятларида кўпроқ бўлгани эътиборга молик.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, барча тармоқларда касаба уюшмалари фаолияти яхшиланган. Фаолликнинг энг юқори даражаси енгил, мебель саноатида кузатилган. Мисол учун, 2004 йилда касаба уюшмасининг мажлиси жорий йилда ўтказилган деб жавоб берган респондентлар улуши 47,3 фоизга тенг бўлса, 2010 йилга келиб 90,5 фоизга етган. Касаба уюшмалари фаоллик даражасини ортиши, шунингдек, тадбиркорларда (54,0 дан 81,6 фоизгача), авиацияда (73,6 дан 100 фоизгача) ва қурилиш соҳасида (60,5 дан 84,6 фоизгача) қайд этилган.
Касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий фаоллигининг ортиши касаба уюшма  органлари раҳбарлари ишини ташкиллаштирилиши яхшилангани билан изоҳланади, зеро, улар корхоналарга кўпроқ ташриф буюришаяпти, у ердаги вазият билан яқиндан танишиб, назорат ишларини кучайтиришаяпти.
2004 йидан 2010 йилгача бўлган давр ичида деярли барча вилоятларда касаба уюшмаларининг туман, шаҳар, вилоят кенгашлари раислари, шунингдек Марказий кенгаш раисининг корхона, ташкилот ва муассасаларга қилган ташрифлари сони кўпайган. Бу каби ташрифларнинг 3,5 баробарга ортиши Тошкент шаҳрида кузатилган.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тармоқ касаба уюшмасининг туман (шаҳар, вилоят, Марказий) кенгаши ёки касаба уюшмаларнинг вилоят кенгаши раислари маданият (82,1 фоиз), машинасозлик (80,8 фоиз), кичик бизнес (79,6 фоиз), енгил ва мебель саноати (78,6 фоиз), таълим (71,5 фоиз) ва соғлиқни сақлаш (71,3 фоиз) соҳасига қарашли корхона ва муассасаларга кўпроқ ташриф буюрганлар. Қурилиш соҳасида меҳнат қилувчи респондентларнинг 11,5 фоизга тенг улуши турли даражадаги касаба ташкилотларининг раҳбарлари корхона ва ташкилотларга умуман келмаган деб жавоб беришган.
Диаграмма 4. Касаба уюшмасининг туман (шаҳар, вилоят ёки Марказий) кенгаши раиси Сиз ишлаётган корхонага охирги марта қачон келган эди? (Сўровда иштирок этганларнинг умумий сонига нисбатан фоизда)

Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг тутган ўрни
Жинсига қараб ишчи-хизматчиларни камситиш ва касбий ҳақ-ҳуқуқларини, шу жумладан мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиш ҳуқуқини чеклаш каби иллатларга қарши курашиш касаба уюшмаларининг вазифаларидан бири ҳисобланади.
Сўров натижаларига кўра, раҳбар лавозимларни эгаллаган аёлларнинг салмоғи айтарли даражада катта эмас экан.
Сўров натижалари шуни кўрсатди: раҳбар лавозимларда ишлайдиган аёлларнинг энг катта фоизи давлат корхоналари ва муаасасаларига тўғри келар экан. Мулкчиликнинг бошқа шаклига эга корхоналарнинг аксарият қисмида, тахминан ярмисидан кўпида раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар улуши 25,0 фоиздан камроқ экан. Раҳбар аёлларнинг энг кам фоизи қўшма корхоналарда кузатилган.
Жамоада ишловчи аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча мажбуриятлар кўзда тутилиши тўғрисидаги масала ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ.
Жамоа шартномасида аёллар учун иш ҳақини оширишни сўровда иштирок этганларнинг 22,9 фоизи ёқлаб чиқди. Респондентларнинг 15,4 фоизининг фикрича, фақат экологик жиҳатдан зарарли, оғир ва соғлиқ учун зарарли бўлган шароитларда ишлаётган аёллар учун қўшимча иш ҳақини белгилаш керак. Шартномага фарзандлари бор аёллар учун имтиёзларни кўпайтириш ҳақидаги таклифни киритганлар тахминан 25 фоизни ташкил қилди. Сўров иштирокчиларининг 17,5 фоизининг фикрига кўра, шартномага аёлларни соғломлаштириш бўйича қўшимча имтиёзлар киритилиши керак экан. Касаба уюшмалари аъзоларининг 12,5 фоизи аёллар учун иш вақтини қисқартириш лозим деб таъкидлаганлар. Аёлларга қўшимча меҳнат таътиллари берилиши керак деган респондентлар улуши 7,3 фоизни ташкил қилди.
Бугунги кунда аёллар орасида касаначилик фаолиятининг кенг миқёсда ривожланиши, биринчидан, бу тоифага кирувчи меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришни, иккинчидан эса, уларга ҳар томонлама ижтимоий, моддий ва молиявий ёрдам берилишини талаб этади. Сўров иштирокчилари, биринчи навбатда, айнан шу жиҳатларга эътибор беришган.
Гарчи, жинсига қараб камситиш, ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш каби иллатларга йўл қўймаслик мамлакатимиз қонунчилигида белгилаб қўйилган бўлсада, айрим ҳолларда бундай салбий ҳолатлар учраб туради.
Ўтказилган сўров натижаларидан маълум бўлдики, аёллар ҳақ-ҳуқуқларининг чекланиши, асосан, уларни ишга қабул қилиш ва мансаб лавозимларига кўтариш вақтида содир бўлар экан.
Сўров иштирокчиларининг 11,1 фоизи аёлларга нисбатан, биринчи навбатда, уларнинг эгаллаган лавозимларига қараб муносабатда бўлишларини, яъни улар ишлаётган ташкилот ёки корхонада лавозими юқори бўлмаган ва юқори малака талаб этилмайдиган ишларни бажарувчи аёллар камситилишини тан олишган.
Ундан ташқари, баъзи ҳолатларда, ташкилот ёки корхонанинг у ёки бу раҳбарига аёлларнинг қариндошлиги муносабат қандай бўлишини белгилаб берар экан - респондентларнинг 5,6 фоизи шу ҳақда фикр билдирганлар.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолияти
Касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш корхона ёки ташкилотда фаолият юритаётган касаба уюшмларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзлари, оила аъзолари ва фарзандаларини даволаниши ёки дам олиши учун йўлланмаларни олишда касаба уюшмаларининг хизматларидан фойдаланган респондентлар улуши 48,0 фоизни ташкил қилган. Уларнинг 58,6 фоизи йўлланма номинал нархининг 40 фоизини тўлаганлар. Йўлланмаларни бепул олган респондентлар улуши 13,1 фоизни ташкил қилган. Сўров иштирокчиларининг фақат 0,1 фоизи даволаниш ёки дам олиш учун йўлланманинг тўлиқ қийматини тўлаганлар.
Сўров натижаларига кўра, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ташкилот ёки корхона маблағлари ҳисобига соғломлаштиришга қаратилган барча масалалар қисман ҳал қилинар экан. Сўров иштирокчиларининг 77,2 фоизи ўзлари ишлаётган корхона ва ташкилотлар соғломлаштириш санаторийларига бериладиган йўлланмалар учун тўланадиган ҳақни қисман қоплашларини таъкидлашган. Респондентларнинг 73,9 фоизи учун дам олиш уйларига, 60,2 фоизи учун – профилакторийларга, 53,2 фоизи учун - болалар соғломлаштириш оромгоҳларига бериладиган йўлланмаларни қисман корхоналар тўлаб берар экан. Касаба уюшма аъзоларига корхоналар томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдам, айниқса, болаларни соғломлаштириш масканларига йўлланмалар беришда сезилар экан: сўровда иштирок этган фуқароларнинг тўртдан бир қисмидан ортиқроғи ўз фарзандларини соғломлаштириш масканларига корхона ҳисобидан юборган экан.
Болаларнинг соғломлаштириш оромгоҳларига бериладиган йўлланмалар учун респондентларнинг 42,5 фоизи умуман пул тўламаганлар, 26,2 фоизи эса – йўлланма нархининг 40 фоизини тўлаганлар. Болаларнинг соғломлаштириш оромгоҳларига  бериладиган йўлланмалар учун тўлиқ қийматни тўлаганлар 0,1 фоизни ташкил қилган.
Қўшимча тарзда ижтимоий суғурталаш
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, сўровда иштирок этган фуқароларнинг 74,9 фоизи жамғармаларни қўшимча пенсия ёки нафақаларга йўналтирилиши ва ушбу маблағлар меросхўрларга ўтиши шартида ижтимоий суғурталаниши бўйича қўшимча тадбирларнинг тадбиқ қилинишини зарур деб ҳисоблар эканлар. Респондентларнинг 10,0 фоизи, аксинча, бунга қарши чиққанлар. Фуқароларнинг 74,7 фоизи эса, кўп фарзандли, кам таъминланган оилаларни, ёлғиз қолган қариялар, нафақахўр, фахрийлар ва бошқаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат ижтимоий дастурларига ташкилотлар ҳисобидан қўшимча маблағлар ажратилиши лозим деб фикр билдирганлар. 11,1 фоиз сўров иштирокчиларининг фикрича, моддий қўллаб-қувватлашнинг бошқа манбалари (ҳомийлар, маҳалла, ҳокимликлар ва ҳк.) бўлиши керак экан.
Маданий-оммавий ва спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш
Анъанага кўра, касаба уюшма ташкилотлари нафақат корхоналарнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун ёзги дам олиш ва соғломлаштиришни, балки маданий-оммавий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ҳам ўтказишда фаол иштирок этадилар.
Тадқиқот давомида респондентларнинг 32,1 фоизи корхоналарининг балансида маданият саройи, клуб ва бошқа муассасалар бор деб жавоб берганлар. Бу каби жавоб берганларнинг энг катта улуши (38,9 фоизи)и давлат ташкилотларида, энг кам улуши (3,7 фоизи) эса – хусусий корхоналарда ишлайдилар.
Сўров натижаларига кўра, кўпинча концерт (46,1 фоиз), илмий-маърифий мавзуларга бағишланган суҳбатлар (31,1 фоиз), олимлар, ёзувчилар, санъат намоёндалари билан ижодий учрашувлар (18,5 фоиз) каби тадбирлар ўтказилган.
Респондентларнинг 60 фоизига яқини ташкилотларида кутубхона бор деб жавоб беришган. Кутубхоналарга қилинадиган ташрифлар сонининг энг кўпи давлат корхоналари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига тўғри келган (92 фоизи ва ундан кўпроқ).
Маълумки, республикамиз мустақилликка эришганидан кейин миллий истиқлол ғоясини кенг тарғиботи йўлга қўйилган ва ана шу ташвиқот-тарғибот ишларида ҳам касаба уюшмаларининг салмоқли ҳиссаси бор.
Респондентларнинг аксарият қисми (80,8 фоизи) корхоналарида миллий истиқлол ғоясини тарғиб қилиш бўйича маърузалар, учрашувлар ва кўргазмалар ўтказилар экан.
Респондентларнинг аксарияти – 82,1 фоизи, корхоналарида, ташкилотларида “Маънавият-маърифат” хонаси ёки бурчаги бор деб жавоб берганлар.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ташкилот ва корхоналардаги касаба уюшма қўмиталари Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” жамғармаси билан яқиндан, «Нуроний» жамғармаси ва Байнал-миналчи жангчилар уюшмаси билан эса - нисбатан камроқ  ҳамкорлик қилар эканлар.
Касаба уюшмалари ва фуқароларнинг меҳнат ҳукуклари
Сўров натижаларидан маълум бўлдики, барча тармоқ корхоналари ва ташкилотларида иш ҳафтасининг давомийлиги 40 соатни ташкил этаркан, респондентларнинг 72,4 фоизи айнан шундай фикр билдирганлар. 23,6 фоиз респондентлар ишлайдиган корхоналарда иш ҳафтасининг давомийлиги 40 соатдан ортиқ бўлиб, муайян шароитларга боғлиқ равишда 41-50 соатни ташкил қилиши мумкин экан. Фуқароларнинг 4,0 фоизи иш ҳафтаси 50 соатдан ошиб кетиши мумкин эканлиги ҳақида айтганлар.

Диаграмма 5. Сизнинг ташкилотингиз, корхонангизда иш ҳафтасининг давомийлиги неча соатни ташкил килади? (Сўровда иштирок этганларнинг умумий сонига нисбатан фоизда)

Мулкчиликнинг жамоавий шаклига эга корхоналарда ва нодавлат нотижорат ташкилотларидаги иш ҳафтаси давомийлиги энг кам бўлиб чиққан: респондентларнинг 80,0 фоизи ҳафтасига 40 соатгача ишлашларини айтганлар. Давлат корхоналари ва муассасаларида ишловчиларнинг 74,5 фоизи учун ҳам иш ҳафтасининг давомийлиги шунча экан. Иш ҳафтасининг энг кўп давомийлиги қўшма ва хусусий корхоналарда кузатилган.
Иш ҳафтаси 40 соатдан ошмайдиган корхоналарнинг энг катта улуши (92,9 фоиз) машинасозлик корхоналарига тўғри келди. Кейинги ўринларда автотранспорт ва йўл хўжалиги корхоналари – 90,3 фоиз ва авиакорхоналар туради.
Иш ҳақи
Иш ҳақининг миқдори энг муҳим ва нозик ижтимоий масалалардан бири ҳисобланиб, касаба уюшма ташкилотлари фаолиятидаги энг асосий масалалар сирасига киради.
Сўров натижаларидан кўриниб турибдики, шаҳарликларнинг ўртача маошлари қишлоқ жойларда истиқомат қилувчиларникига қараганда бир мунча каттароқ экан.
Сўров натижаларига кўра, аёлларнинг маоши эркакларникига қараганда пастроқлигича қолган. Мисол учун, сўровда иштирок этган аёлларнинг ярмисидан кўпи, яъни 53,4 фоизи 200 000 сўмгача миқдорда ойлик маош оладиган бўлса, эркакларнинг 60,4 фоизи 200 000 сўмдан кўпроқ бўлган маошга эга эканлар.
Диаграммадан кўриниб турибдики, Сизнинг корхонангиз, ташкилотингизда иш ҳақи ўз вактида, кечиктирилмасдан бериладими? деган саволга сўров иштирокчиларининг учдан икки қисми (67,1 фоиз) корхоналарида маош ўз вақтида тўланиши ҳақида фикр билдирган. 2004 йилда худди шундай жавоб берганлар 63,9 фоизни ташкил қилган эди.
Ойлик маошларнинг ўз вақтида ва мунтазам тўланиши ҳақида кўпроқ Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ва ишловчи фуқаролар гапиришган. Ана шундай жавоб берган респондентлар улуши 82,6 фоизни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич бўйича кейинги ўринда Хоразм вилояти (71,4 фоиз), Қашқадарё вилояти (71,1 фоиз) ва Самарқанд вилояти (67,4 фоиз) туради.

Диаграмма 6. Сизнинг ташкилотингизда иш ҳақи ўз вактида, кечиктирилмасдан бериладими? (Сўровда иштирок этганларнинг умумий сонига нисбатан  фоизда)

Қанча вақт мобайнида Сизга иш ҳақини тўлашмайди, яъни иш ҳақини тўлаш қанча вақтга кечиктирилаяпти? деган саволга жорий йилда респондентларнинг 52,2 фоизи бир ойгача (2004 йилда – 66,3 фоиз эди), 42,1 фоизи – бир ойдан уч ойгача (2004 йилда – 45,9 фоиз эди) деб жавоб беришган.  3 ойдан 6 ойгача ва 6 ойдан 12 ойгача ойлик иш ҳақларини кечикиб олаётган фуқароларнинг улуши 2004 йилга нисбатан кескин қисқарган.

Диаграмма 7. Қанча вақт мобайнида Сизга иш ҳақини тўлашмайди, яъни иш ҳақини тўлаш қанча вақтга кечиктирилаяпти? (Сўровда иштирок этганларнинг умумий сонига нисбатан фоизда)

Этиборли томони шундаки, респондентларнинг 5,1 фоизи улар ишлайдиган корхона ёки ташкилотда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик учун умуман нафақа тўланмаслигини айтишган. Бу каби ҳолатлар, асосан, хусусий ва жамоавий корхоналарда учрар экан.

Диаграмма 8. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик учун иш берувчи томонидан нафақалар тўланиши қай тарзда амалга оширилади?  (Сўровда иштирок этганларнинг умумий сонига нисбатан фоизда)

2008 йилдан бошлаб барча корхона ва ташкилотларда иш ҳақини нақд пул кўринишида беришдан ташқари пластик карточкаларига ўтказиб бериш ҳам жорий этилаяпти. Сўров натижаларидан маълум бўлдики, сўнгги 12 ой ичида респондентларнинг 51,8 фоизига ойлик маош айнан шу йўл билан берилган.
Ходимларга таътиллар берилиши
Ходимларга меҳнат таътиларини беришда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳоллари кўпроқ енгил ва мебель саноати корхоналарида, кичик бизнесда, автотранспорт ва йўл хўжалиги корхоналарида, таълим тизими ва агросаноат комплексида учрар экан.
Эътиборга лойиқ яна бир ҳолат: сўровда иштирок этган 16,9 фоиз фуқароларнинг айтишича, баъзи корхона ва ташкилотларда ходимлар иш ҳақини сақламаган ҳолда таътилга ходим ташаббуси ёки илтимоси билан аризага кўра эмас, балки корхона раҳбариятининг буйруғига кўра чиқариб юборилар экан.
Респондентларнинг Ўзбекистон Республикасининг меҳнатга тўғрисидаги қонунларини билиши
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодексини қай даражада биласиз? деган саволга жавоб олиш шуни кўрсатдики, фуқароларнинг меҳнат ва меҳнат муносабатлари ҳақидаги билимлари айтарли даражада юқори эмас экан. Мисол учун, сўров иштирокчиларининг фақат 12,5 фоизи Ўзбекистон Републикаси Меҳнат кодексини яхши ўрганиб чиққанларини айтганлар ва ушбу кўрсаткич охирги олти йил ичида ўзгармаган экан
Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунидан хабардорлик хусусида сезиларли ўзгаришлар рўй берган. Ушбу Қонуннинг умумий жиҳатларидан хабардор фуқаролар улуши 2004 йилдаги 49,2 фоиздан 2010 йил 65,2 фоизгача ортган. Шу билан бирга, ушбу Қонунни умуман билмайдиган респондентлар сони ҳам камайган – 2004 йилдаги 39,8 фоиздан 2010 йилги 26,6 фоизгача.
Сўровда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи (59,3 фоиз)  “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун билан умуман таниш экан. 2004 йилда уларнинг улуши камроқ эди – 43,7 фоиз. Респондентларнинг учдан бир қисми (33,0 фоиз) ушбу Қонун тўғрисида умуман ҳеч нарса билмайди, бу эса 2004 йилдагига нибатан 13,5 фоизга камроқ.
Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунини билиш борасида респондентларнинг билимлари юзаки эканлиги аниқланди. Ушбу қонун билан умуман таниш бўлганлар улуши 64,2 фоизни ташкил қилди (2004 йилда – 52,0 фоиз). Респондентларнинг тўртдан бир қисми (25,3 фоиз) шундай Қонун борлигини умуман билмайди. Бу кўрсаткич 2004 йилдагига (31,8 фоиз) қараганда бир мунча яхшиланган. Шу билан бирга, Қонунни яхши билган респондентлар улушининг камайгани эътиборга лойиқ (2004 йилдаги 12,2 фоиздан 2010 йил 8,8 фоизга).
Жорий йилда (88,8 фоиз) ва олти йил аввал (84,5 фоиз) сўровда иштирок этганларнинг аксарияти бахтсиз ҳодиса ёки касбий касалланиши натижасида вафот этган ёки жабр чеккан ходим оиласига иш берувчи томонидан товон тўланиши ҳақида хабардор эканлиги аниқланди.
Касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси бўйича фаолияти
Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики,
- касаба уюшмалари хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси ҳолатини назорат қилади (2004 йилдаги 73,2 фоиздан 2010 йилги 79 фоизгача);
- ишчиларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилишини назорат қилади (68,5 фоиздан 73,5 фоизгача);
- санитария-хўжалик хоналари (тиббий пункт, душ, ҳожатхона) билан таъминланишини назорат қилади (61,4 фоиздан 66,9 фоизгача)
деб ҳисобловчи респондентлар сони ортган.
Касаба уюшмалари ишчилар учун иш жойларида меҳнат қилишнинг хавфсиз усуллари бўйича инструктаж ўтказилишида ва шу усулларга ўргатилишини назорат қилади деб жавоб берган респондентлар улуши 74,0 фоизни ташкил қилган.
Респондентларнинг ярмидан кўпроғи (54,5 фоиз) хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси ҳолатини уч босқичли маъмурий-ижтимоий назорати ҳақида тасаввурга эга экан. 2004 йилда шундай жавоб берганлар улуши 53,3 фоизни ташкил қилган эди.
Касаба уюшмалари фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар
80 фоиздан кўпроқ респондентлар ўз таклифларини бердилар, ана шу таклифларни шартли равишда қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
1. Йўлланмалар сонини кўпайтириш ва улар нархини камайтириш (имкон қадар бепул бериш) – 20,4 фоиз;
2. Моддий ёрдам миқдорини кўпайтириш ва бериш муддатини қисқартириш – 19,6 фоиз;
3. Касаба уюшмалар маъмурият манфаатларини эмас, балки ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиши керак - 19,2 фоиз;
4. Касаба уюшмалари ходимларига кўпроқ ҳуқуқлар бериш, уларнинг мустақиллиги ва ҳимояланишини кучайтириш – 16,4 фоиз;
5. Маданий тадбирлар ва дам олишни ташкиллаштириш - 10,2 фоиз;
6. Касаба уюшмалари ходимлари малакасини ошириш – 5,1 фоиз;
7. Жамоа шартномалари бажарилишини касаба уюшмаси томонидан назорат қилинишини кучайтириш – 4,7 фоиз;
8. Касаба уюшмалар фаолиятини юқори ташкилотлар томонидан назорат қилиш – 3,3 фоиз.

ХУЛОСАЛАР

  • Ўтказилган тадқиқот жараёнида қуйидагилар аниқланди: мамлакатимизда бозор муносабатлари шаклланаётган, мулкчилик шаклларининг турли кўринишлари ва биринчи навбатда хусусий мулкчилик муқим ўринга эга бўлаётган бугунги кунда фуқароларнинг касаба уюшмаларига аъзо бўлиш истаклари тобора ўсиши кузатилаяпти. Бунга касаба уюшмалари аъзолари сонининг ўсиши ва фуқаролардаги касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ва ижтимоий-ҳуқуқий мақсадлари ҳақидаги тасаввурларнинг ўзгариши далил бўла олади.
  • Фуқароларнинг онгида касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ва мақсадлари тўғрисидаги тасаввурларнинг тубдан ўзгараётгани қайд этилаяпти. Аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатламларининг аксарият қисмининг фикрича, касаба уюшмаларининг асосий вазифаси, бу санаторий, дам олиш уйлари ва болалар соғломлаштириш масканларига йўлланмалар билан таъминлаш эмас, балки, биринчи навбатда, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Шундай қилиб, касаба уюшмалари фаолияти тўғрисидаги эски тушунча ва тасаввурлар тубдан ўзгариб бораётган ва янгичасига шаклланаётган иқтисодий, ишлаб чиқариш, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар таъсири остида бутунлай ўтмишда қолиб кетаяпти. Уларнинг ўрнини ҳам назарияда, ҳам амалда бозор муносабатлари шароитларига мос келувчи касаба уюшмаларининг янги концепцияси эгаллаяпти ва татбиқ этилаяпти.
  • Оҳирги социологик тадқиқот ўтказилганидан (2004 йил) кейинги олти йил ичида турли даражадаги касаба уюшмаларига мурожаат қилган, касаба уюшмасининг фаолияти ва иши натижасида ижобий жавоб олган, ўзларининг маиший ва меҳнат фаолиятлари билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал қилган фуқаролар сони сезиларли даражада ортди. Ишчи-хизматчилар томонидан касаба уюшмаларига қилинган мурожаатларнинг аксарияти ўтган 2009 ва жорий 2010 йилларга тўғри келганлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Бу хол, фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан касаба уюшмаларининг эътиборлироқ муносабатда бўлаётганини, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда фаоллиги сўнгги икки йил давомида анча ортганидан далолат беради.
  • Фуқароларнинг назарида касаба уюшмаларининг мавқеи ва обрўси ортганлиги (бу ҳақда дадил гапириш мумкин) биринчи навбатда, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат ва касбга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган муҳим ижтимоий ва ижтимоий-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишдаги касаба уюшмаларининг реал имкониятлари ортишига, салмоқлироқ бўлишига ёрдам беради. Ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни қайта ишга тиклаш, иш ҳақи миқдорини белгилаш, иш ҳақи ўз вақтида берилиши, меҳнатнинг хавфсиз ва қулай шароитларини яратиш, жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилиш каби йўналишлар бўйича касаба уюшмаларининг фаоллиги ва ижобий иштирокини ҳис қилган, гувоҳи бўлган фуқароларнинг сони кўп бўлмасада, лекин сезиларли даражада ошган. Меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг фикрича, касаба уюшмалари, биринчи навбатда, айнан шу йўналишлардаги масалаларни ижобий тарзда ҳал қилинишига ёрдам беришлари лозим. Сабаби, касаба уюшмаларида зарур ҳуқуқий ва ташкилий салоҳият ҳамда малакали қадрлар ва моддий ресурслар етарли.
  • Охирги тадқиқот ўтказилгандан кейинги олти йил ичида корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган касаба уюшмаларининг ўз аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш борасидаги имкониятлари сезиларли даражада ортди. Касаба уюшмасига 2006-2010 йиллар давомида моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 51,4 фоизи ушбу ёрдамни олганлиги бунинг исботидир. Мисол учун, 2000-2004 йилларда бу каби мурожаатларнинг фақат 37,3 фоизи ижобий ҳал қилинган эди.
  • Иш берувчи ва ёлланма ходимлар ўртасидаги муносабатларнинг моҳияти ва жиҳатларини белгилаб берадиган “ижтимоий шерикчилик” деб номланувчи янги принцип корхона, ташкилот, фермер хўжаликларининг кундалик ҳаётида кенг татбиқ этилаяпти. Фуқароларнинг тўртдан уч қисми бу атаманинг моҳияти ва мазмунини аниқ тасаввур қилишлари, яъни “ижтимоий шерикчилик” атамасини нафақат эшитиб билганлари, балки амалда ҳис қилишлари айнан шундай хулоса чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.
  • Иш берувчи, корхона маъмурияти бир томондан ва иккинчи томондан меҳнат жамоаси номидан касаба уюшмаси ўртасида тузилган жамоа шартномаси аҳамиятини фуқаролар томонидан англаниш даражаси ҳам ортиб бормоқда. Ташкилот ва корхоналарда тузилаётган жамоа шартномаларининг сони ва, шу билан бирга, ушбу шартномалар муҳокамасида иштирок этаётган касаба уюшмалари аъзоларининг фаоллиги ҳам ортаяпти.
  • Меҳнат жамоаси ташаббуси билан жамоа жартномаси матнига киритилаётган ва корхонада меҳнат қилувчи ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ифодаловчи қушимча ва ўзгартишлар сонининг ортиши жамоа шартномасининг якуний вариантини қабул қилишда жамоанинг таъсири сезиларли даражада ортганидан далолат беради.
  • Шу билан бирга, жамоа шартномаси муҳокамасида шахсан қатнашган ва ўз номидан таклифлар киритган ишчи-хизматчиларнинг сони, аввалги сўровдагига қараганда, камроқ бўлган. Бу ҳолатни касаба уюшмаларининг етакчилари томонидан ходимлар билан юзма-юз ёки гуруҳларда олиб борилган суҳбатлар, ишчи-хизматчилар томонидан билдирилаётган таклиф ва фикрларни ёзиб олиниши, жамланиши ва умумлаштирилган ҳолда умумий йиғилиш вақтида меҳнат жамоаси номидан эълон қилиниши билан изоҳлаш мумкин.
  • Ўтказилган сўров қуйидагиларни аниқлаб берди: ташкилотлар, корхоналар, фирмаларнинг деярли ҳаммасида аёллар раҳбарият таркибидан ўрин олганлар. Маъсулиятли ва раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар сонининг ўсиши ҳамда сифати, яъни аёллар эгаллаган лавозимларнинг (бўлим бошлиғидан тортиб ташкилот раҳбаригача) салмоғи ва мақоми ортиб бормоқда.
  • Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиниши борасида фуқаролар томонидан берилаётган таклифлар, асосан, икки йўналиш бўйича бўлган. Биринчи йўналиш – иш ҳақи миқдорини, шу жумладан ноқулай, оғир ва зарарли шароитларда меҳнат қилувчи аёллар учун ойлик маошларни ошириш. Иккинчи йўналиш – фарзандлари бор аёллар учун имтиёзлар, шу жумладан аёллар соғлиги профилактикаси, соғломлаштиришга қаратилган имтиёзлар сонини ошириш.
  • Ташкилот ва корхоналарнинг аксарият қисмида иш ҳафтасининг давомийлиги 40 соатни ташкил қилади, яъни иш ҳафтаси Меҳнат қонунчилигида белгиланган меъёрлар чегарасида. Иш ҳафтасининг давомийлиги 40 соатдан ошиқ бўлишини, асосан, хусусий ва қўшма корхоналарда кузатиш мумкин.
  • Сўров ўтказилган корхона ва ташкилотларнинг аксарият қисмида ишчи-хизматчиларга иш ҳақи ўз вақтида берилаяпти. Лекин, сўровда иштирок этган фуқароларнинг учдан бир қисми корхоналарида ойлик маош берилиши мунтазам равишда кечиктиралаётгани ҳақида маълумот берганига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Бу ҳолат иш ҳақини ўз вақтида бериш муаммоси ҳамма ерда ҳам ижобий ҳал қилинмаганидан далолат беради. Мазкур корхоналарда меҳнат қилувчилар ўзлари учун жуда муҳим бўлган бу муаммони ижобий ҳал қилинишида касаба уюшмасининг ёрдамига ва фаол иштирок этишига муҳтожлар.
  • Фуқароларнинг меҳнат қонунчилиги борасидаги билимларини ўртача даражада деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, Меҳнат Кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ва ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонунлар ҳақидаги билимларини ошириш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш бўйича ишларни давом эттириш лозим.

Ўзбекистон КУФК меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими

 

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi