01.10.2010. 2010 йилнинг ёз мавсумида болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришнинг ўтказилганлиги тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”га қўшилиб, болаларнинг алоҳида ғамхўрлик ва эътиборга лойиқ эканлигини яна бир бор эътироф этди.
Ёзги таътил даврида соғломлаштириш оромгоҳларида болаларни дам олдиришни ташкил этиш ўсиб келаётган ёш авлодга ғамхўрлик воситаларидан биридир. Ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилгани ҳолда жорий йилги соғломлаштириш мавсуми арафасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш Республика комиссиясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришни ташкил этиш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолият кўрсатиши учун тўлақонли шароитлар яратиш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди. Май ойида вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш ташкилотчиларининг Республика семинари ўтказилди. Семинар ишида республиканинг касаба уюшма фаоллари, вазирлик ва идоралар вакиллари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бошлиқлари иштирок этдилар. Семинар иштирокчилари иш тажрибаси билан танишиш мақсадида Бекобод металлургия комбинатининг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Юсупхона қишлоғида жойлашган “Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳида бўлдилар.
Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бошлиқларининг ўқуви олдиндаги ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарликка бағишланди. Ўқув дастурида Халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар вазирликлари мутахассислари билан учрашувлар, маърузалар кўзда тутилди. Болаларни соғломлаштириш ва дам олдиришнинг долзарб муаммолари бўйича машғулот-тренинглар ўтказилди. Ўқув натижаларига кўра аттестация ўтказилиб, тингловчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Ўқув маркази сертификатлари топширилди.
Болалар билан ишлашнинг тарбиявий йўналишини ошириш, уларнинг дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан плакатлар тўплами, ДВД фильмлар тайёрланиб, ҳар бир болалар соғломлаштириш оромгоҳига бепул тарқатилди.
“Баркамол авлод йили” Давлат дастурига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 19 йиллиги муносабати билан болалар соғломлаштириш оромгоҳларида байрам тадбирлари, суҳбат ва учрашувлар, саёҳатлар ва спорт мусобақалари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, алоқадор вазирликлар ва идоралар, хўжалик органлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида болаларни ёзги соғломлаштириш компанияси намунали даражада ўтказилди.
Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида режадаги 245 минг нафар ўрнига дастлабки якунларга кўра 268 мингга яқин бола соғломлаштирилди.
Жами миқдордан 60 мингга яқин йўлланмалар касаба уюшма қўмиталари, корхона ва ташкилотлар томонидан кам таъминланган ва кўп болали оилаларфарзандларини соғломлаштириш учун бепул ажратилди. Касаба уюшма ташкилотлари маблағлари ҳисобига Меҳрибонлик уйларининг 3500 нафарга яқин тарбияланувчилари соғломлаштирилди.
Оролбўйи ҳудудидан 4000 нафардан зиёд бола соғломлаштирилиб, уларнинг ҳордиғи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти корхоналарига қарашли 14 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилди.
Ёз мавсуми давомида шаҳардан ташқари соғломлаштириш ва мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлар иши ташкил этилди. Кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини ташкил этиш учун умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларнинг энг яхши базаларидан фойдаланилди.





