15.10.2010. “Инсонга наф келтириш - олий баҳт”
”Мана бир неча йилдирки, “Ишонч” газетасида касаба уюшмалари ҳаётига чуқурроқ кириб бориш, фаолларнинг тажрибасини тарғиб этиш ва шу орқали янги ташаббусларга рағбат уйғотиш мақсадида “Инсонга наф келтириш -- олий бахт” республика анъанавий танлови ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ҳамда «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари таҳририяти томонидан ташкил этилган ушбу танлов икки йўналишда – профессионал журналистлар ҳамда касаба уюшма фаоллари ўртасида ўтказилаётганлиги боис жойлардаги касаба уюшма фаолларининг ижодкорлик қирралари ҳам кашф этилмоқда.
Танлов Республикамизнинг чекка ҳудудларида намунали фаолият кўрсатаётган жонкуяр ва изланувчан касабақўмларнинг иш тажрибаларини кенг оммага етказиш, уларнинг меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, иш ҳақи ва бандлик, моддий ва маънавий рағбатлантириш, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш ва дам олдириш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги самарали меҳнатларини, жамоа шартномаларининг аҳамиятини тарғиб этишга алоҳида ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда танловга келган мақола (лавҳа, очерк)ларни чоп этиш давом этмоқда.
Йил якунида ғолиблар аниқланиб, газета саҳифаларида эълон қилинади. Танлов ғолибларига эгаллаган ўринларига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва таҳририят раҳбарияти томонидан тантанали равишда мукофотлар топширилади.





