15.10.2010. Газетхонлар билан учрашув
Республикада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, уларда касаба уюшмаларининг иштироки, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғомлаштириш ва дам олдириш, улар ўртасида маданий-маърифий, жисмонийний тарбия ва спорт ишларини йўлга қўйиш борасида касаба уюшма ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг халқ оммасига етказиб беришда Ўзбекистон касаба уюшмалари нашри бўлган “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари ўзига хос ўрин эгаллайди.
Таҳририят жамоасининг касаба уюшма аъзолари билан ўтказаётган учрашув ва мулоқотлари газета мазмунини янада бойитишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Куни кеча ана шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар кенгаши тасарруфидаги корхона, ташкилотларнинг касабақўм раислари ва фаоллари билан бўлиб ўтди.
Бўстонлиқ туманидаги “Қизил сув” спорт-соғломлаштириш масканида ташкил этилган ушбу тадбирда бош муҳаррир ўринбосари Зайниддин Рихсиев йиғилганларга айни кунларда қизғин давом этаётган обуна бўйича атрофлича маълумот бериб, унинг имтиёзли томонларини тушунтириб ўтди. Шунингдек, газета мазмун-мундарижасини бойитишда бевосита касаба уюшма фаолларининг иштироки муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
- Касаба уюшма фаолияти ва унинг афзалликларини одамларга етказишда тарғибот муҳим ўрин тутади. Агар тарғибот яхши йўлга қўйилса, иш ҳар жиҳатдан кутилган натижани беради. Шу боис газетамиз сизлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор. Ўз-ўзидан тушунарлики, тарғиботнинг таъсирчан бўлиши сизларнинг фаоллигингизга боғлиқ.
Учрашувда газетанинг русча нашри бўйича амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, “Ишонч-Доверие” саҳифаларида касаба уюшмалари фаолиятига оид мақолалар билан бир қаторда мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодининг русча таржимаси бериб борилаётгани миллий қадриятларимизни тарғиб этишда муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётгани таъкидланди.
Газеталар ижодкорлари томонидан фаол газетхонларни рағбатлантириш, тадбирларни ёритиш, реклама ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.





