БАРКАМОЛЛИК ОСТОНАСИ
Болалар спортини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Президентимиз фармонлари, ҳукумат қарорлари, айниқса, «Баркамол авлод йили» Давлат дастури асосида ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш, спортга жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Шунга кўра, касаба уюшмалари болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг фаолиятини янада такомиллаштириш борасидаги тадбирлар эътиборга молик.
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамияти спорт мажмуасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, Тошкент вилояти ҳокимияти, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ОАЖ ҳамда ЎзКУФ Жисмоний тарбия ва спорт жамияти марказий кенгаши томонидан ташкил этилган касаба уюшмалари тизимидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчиларининг республика спартакиадаси ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
Аввало таъкидлаш жоиз, 1,5 миллион аъзони бирлаштирган касаба уюшмалари жисмоний тарбия ва спорт жамияти фаолиятини меҳнат жамоалари, ўқув юртларида ишчи-ходимлар, талаба ва ёшларни соғломлаштириш, спортнинг оммавийлигини ошириш орқали уларни соғлом, баркамол қилиб тарбиялашга йўналтириб келади.
Дарҳақиқат, болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт-соғломлаштириш, етакчи спортчиларни тайёрлаш борасида спорт мактабларининг аҳамияти ошиб бормоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида 40 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлиб, улардан 13 таси олимпия захиралари, 3 таси қишлоқ спорт мактабидир.
Республика спартакиадаси ҳам БЎСМ тарбияланувчиларини жисмонан соғлом, маънан баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган бўлиб, мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар БЎСМлари тарбияланувчиларидан ташкил топган жамоалар мини футбол ҳамда «Алпомиш» ва «Барчиной» махсус тестлари бўйича куч синашди.
Спартакиадада иштирок этаётган 300 дан зиёд ўқувчи мусобақа давомида шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш, маданий тадбирларда иштирок этиш, шунингдек таниқли спортчилар билан учрашиш имконига эга бўлдилар.
-- Бугунги тадбир, спорт байрами ёшларимизнинг камоли учун муҳим аҳамият касб этади, - деди ЎзКУФК раисининг биринчи ўринбосари, ташкилий қўмита раиси Мирзоҳид Содиқов. Касаба уюшмалари тизимидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 10 мингдан ортиқ болага 500 га яқин малакали мураббий спортнинг 42 тури бўйича таҳсил бериб келмоқда. Шунингдек, спортчи ёшларимиз мамлакат терма жамоаси таркибида ҳам халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу болалар спортига берилаётган катта эътибор самарасидир.
Шунингдек, сўзга чиққан олий тоифали мураббий Константин Хортек ҳамда бокс бўйича қатор халқаро турнирлар ғолиби, Олмалиқ БЎСМнинг собиқ тарбияланувчиси Адҳам Назаров спартакиаданинг аҳамияти, юртимизда спортга берилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Стадионни тўлдириб ўтирган ёшларга, айниқса, Олмалиқ шаҳар «Металлург» маданият саройи рақс ансамблининг дастури манзур бўлди. Миллий ва жаҳон классик рақслари, бадиий гимнастика бўйича чиқишлар, санъаткорларнинг қўшиқлари спартакиада қатнашчиларига янги куч ва яхши кайфият бахш этди.
Ҳис-ҳаяжонга бой ўтган мусобақалардан сўнг ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими тантанали тарзда ўтказилди. Дастлаб мусобақаларда ўзини кўрсатган бир гуруҳ умидли ёшлар, мини-футбол бўйича «Ғалабага бўлган иштиёқи учун» Улуғбек Бобоев (Бухоро вилояти), Элёр Исмоилов (Сирдарё вилояти), «Алпомиш» ва «Барчиной» махсус тестларида муваффақиятли иштирок этган «Энг ёш иштирокчи» Гўзал Аҳмедова (Хоразм), «Спорт маликаси» Ўғилой Юнусова (Андижон) ва бошқа бир қатор истеъдодли ёшлар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Мусобақаларнинг адолатли ўтишини таъминлашда муносиб ҳиссасини қўшган Рўзимурод Достонов «Энг ташаббускор ҳакам» дея эътироф этилди.
Ниҳоят, ҳамма кутган ҳаяжонли дақиқалар етиб келди.
Мини-футбол баҳсларида Тошкент шаҳар БЎСМ жамоаси фахрли учинчи ўринни қўлга киритгани эълон қилинди. Фарғона ва Тошкент вилояти вакиллари иккинчи ҳамда биринчи поғонадан жой олганини ҳамма давомли қарсаклар билан кутиб олди.
Ғолиб жамоа вакиллари диплом ва медаллар, спорт анжомлари ҳамда формалари билан тақдирланди.
Шундан сўнг «Алпомиш» ва «Барчиной» махсус тестлари совриндорларига навбат келди. 12-13 ёшли қизлар ўртасида кечган баҳсларда биринчи ва учинчи ўринлар пойтахтлик Олга Рапорорт ва Анастасия Крючковага, иккинчи ўрин эса фарғоналик Азиза Каримовага насиб этди. Ўғил болалар баҳсида эса омад фарғоналик Валерий Михайлов, Улуғбек Исроилов ҳамда тошкентлик Валерий Меренковга кулиб боқди.
Шу тариқа 14-15 ёшли қизлар ва ўғил болалар ўртасидаги ғолиблар эълон қилиниб, уларга эсдалик совғалари берилди.
Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари спартакиаданинг ёпилиш маросимига ўзгача файз киритди. Бир сўз билан айтганда, қатнашчилар олам-олам таассуротларга эга бўлишди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |











