Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мазмун моҳияти, аҳамияти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари олдидаги долзарб вазифалар” мавзуидаги илмий-амалий Конференция тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби Ватанимиз Мустақиллиги, бугунги тинч ва осуда, фаровон ҳаётимизга эришиш йўлида олиб борилган машаққатли ва шарафли кураш тарихини яққол намоён этиб берган асардир.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур китобдан ўрин олган мураккаб тарихий даврда сўзлаган нутқлари, маъруза ва суҳбатлари, мақола ва интервьюларининг ижтимоий моҳияти, илмий-назарий қиммати ва аҳамияти барчамиз учун, айниқса, ёшларимиз учун ниҳоятда беқиёсдир. Чунки ушбу китобда ўша даврда юртимизда ҳукм сурган ўта носоғлом ва мураккаб, бир вақтнинг ўзида хатарли шароитда Давлат раҳбарининг Ўзбекистон, унда яшовчи миллионлаб инсонларнинг тақдири, авлодлар келажаги билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этувчи амалий фикр-мулоҳазалари, ўта донолик ва мардлик билан баён этилган ёндошувлари акс этган.
Ўша даврларда Президентимиз томонидан нафақат баён этилган, балки амалий ижросига эришилган ушбу фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар жуда катта донишмандлик ва жасоратни талаб этар эди. Китобда ҳар қандай оғир ва қалтис вазиятга қарамай Республика раҳбари сифатида иш бошлаган Ислом Каримов томонидан мамлакатни инқироздан олиб чиқиш, фитна ва бўҳтонларни чиппакка чиқариб, адолат йўлини тутиш орқали халқимизни бугунги ёруғ кунларга етказиш йўлида амалга оширилган улкан ишлар рўй-рост акс эттириб берилган.
Мазкур китоб, ундаги теран фикр ва мулоҳазалар, ўта халқпарварлик ғояларига йўғрилган қарашлар асосини мустақиллик ғояси, эл-юрт манфаати, халқнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлашга бўлган интилиш ва саъй-ҳаракатлар ташкил этади.
Ушбу асар нафақат ижтимоий-сиёсий, балки жуда катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эгадир. Унда муаллифнинг доимо ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, уларнинг амалий ижросига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, тинимсиз меҳнатлари кўзга ташланади. Ана шундай улуғ мақсадлардан бири – бугунги кунда реал воқеликка айланган улуғ мақсад – халқимиз учун дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитлари яратиш эди. Бугунги озод ва обод, тинч ва осуда, фаровон ҳаётимиз ўша йилларда амалга оширилган фидокорона саъй-ҳаракатлар, Истиқлол йўлидаги чинакам сиёсий ҳамда маънавий жасорат ва интилишлар натижасидир.
Мазкур китоб айниқса, ёшлар учун, уларнинг ҳаётда ўз йўлини топишлари учун, она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбия топишлари учун жуда муҳим манба эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Китоб ҳар биримизга, айниқса ёшларимизга ғоятда ибратли бўлган инсоний фазилатларни, хусусан, сўз ва иш бирлигини, халқимиз тарихи ва маданиятига, ўз она заминимизга, миллий қадриятларимизга муҳаббат туйғуларини сингдиради.
Китобни ўқир эканмиз, кўз ўнгимиздан ўша йилларда миллий тикланиш, миллий ўзликни англаш, маънавиятимизни юксалтириш, дунёда бебаҳо бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш йўлида Юртбошимиз томонидан олиб борилган мисли кўрилмаган ишлар ўтади. Бу китоб ҳар биримизнинг олдимизда тарих ойнаси каби айни ҳақиқатни намоён этади.
Президентимизнинг мазкур китобда акс этган “Фақат ўз кучимиз, ўз салоҳиятимизга таяниб иш кўришимиз керак”, “Ўзимиз ҳаракат қилмасак, четдан келиб биров бизга ёрдам бермайди” дея ўша даврларда таъкидлаган сўзлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Юртбошимизнинг касаба уюшмалари тўғрисида ушбу китобда таъкидлаган фикрлари айнан бугунги кунда ҳам Республика касаба уюшмалари тизимида олиб борилаётган такомиллашув жараёнларига ҳамоҳангдир. Бу ушбу фикрларнинг нақадар узоқни кўзлаган ҳолда билдирилганлиги далолатидир.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда “тараққиётнинг ўзбек модели” деб ном олган ривожланиш йўлимизнинг асосий принциплари, умуммиллий ижтимоий дастурлар ўша даврлардаги шиддатли курашлар, тинимсиз баҳс ва мунозаралар, аччиқ ҳаётий тажрибаларда туғилганини англашда ушбу китоб ғоят муҳим манба вазифасини бажаради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари олдидаги долзарб вазифалар” мавзуидаги илмий-амалий Конференцияда китобнинг ушбу муҳим аҳамиятлари касаба уюшма фаолларига етказилди. Таъкидлаш зарурки, мазкур конференцияда Президентимизнинг юртимизни миллий истиқлолга олиб келган машаққатли ва шарафли кураш тарихининг ўчмас саҳифаларини акс эттирган ушбу китобидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш асносида аввало, касаба уюшмалари мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда изчил давом этишлари алоҳида таъкидланди. Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган кучли ижтимоий ҳимоя тамойилининг амалга оширилиши йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш мақсадида қабул қилинган тадбирлар дастурини тўла тўкис амалга оширилишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ушбу китобнинг беқиёс мазмун-моҳияти, ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда унинг тизимли равишда ҳар бир бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида фаоллар ва аъзолар томонидан чуқур ўрганилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган тадбирлар дастури қабул қилинди. Унга мувофиқ Президентимизнинг мазкур китобидан ўрин олган маъруза ва нутқлари, суҳбат, мақола ва интервьюлари касаба уюшмалари томонидан жорий этилган “Маънавият соатлари”нинг асосий мавзулари этиб белгиланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати
















