Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Республика “Саломатлик” спартакиадаси
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш билан бирга ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бугунги кунда Федерация Кенгаши республикада жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг жорий йидан бошлаб велоспорт Федерациясининг бош ҳомийси сифатида амалга ошираётган ишлари фикримиз далилидир.
Бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Федерация кенгаши томонидан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда Республика ҳудудларида Велоспорт турини ривожлантириш бўйича 2011-2012 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар қабул қилинди.
Меҳнаткашлар ўртасида спорт тадбирларини тизимли равишда йўлга қўйишдан мақсад аввало, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва улар саломатлигини мустаҳкамлашдир. Шунингдек, бундай тадбирлар орқали ишчи-хизматчилар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш, уларда кўтаринки кайфиятни шакллантириш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ҳам ҳисса қўшиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилаётган бугунги “Саломатлик” спартакиадаси ҳам худди шу мақсадларда ташкил этилган. Таъкидлаш зарурки, оммавийликни таъминлаш мақсадида жорий йилда мусобақаларнинг ҳар бир корхона ва ташкилотда, муассасаларда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг бошланғич 2 босқичи меҳнат жамоаларида ва туман, шаҳар, ҳамда вилоятлар миқёсида ташкил этилди.
Спартакиаданинг Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсидаги мусобақалар ғолиблари бўлган 200 нафарга яқин турли соҳа вакиллари иштирок этмоқдалар. Улар спортнинг 6 тури – волейбол, оилавий мусобақалар, стол тенниси, тош кўтариш, армрестлинг, арқон тортиш бўйича беллашадилар. Таъкидлаш зарурки, меҳнаткашларнинг оила аъзоларини оммавий спортга янада кенгроқ жалб этиш мақсадида бу йилги спартакиада дастурига янгилик киритилиб, “Оилавий мусобақалар” ташкил этилди. Ушбу мусобақалар дастуридан енгил атлетика эстафетаси, жойдан узунликка сакраш, баскетбол тўпини тўрга ташлаш, граната ва теннис тўпини узоқликка улоқтириш бўйича беллашувлар ўрин олган.
Спартакиада мусобақаларида умумжамоа натижалари бўйича аниқланган ғолиб жамоалар ҳамда спорт турлари бўйича ғолиблар аниқланиб, касаба уюшмалари Федерацияси Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати
















