Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Давр мавзуси

Нима учун сизга касаба уюшмаси керак?

Gov.uz xabarlari

 

Ижтимоий шериклик:
ютуқлар ва галдаги вазифалар

 

 Мамлакатимиз касаба уюшмалари фаолиятида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик муҳим аҳамият касб этади. Буни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан тузган келишув ва меморандумлари меҳнаткашлар манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя этишда асос бўлиб хизмат қилаётганида кўриш мумкин. 2011 йилда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2011-2013 йиллар учун имзоланган Бош келишув ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлашнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош келишувдан келиб чиққан ҳолда жойларда имзоланаётган жамоа шартномалари ва келишувларига давр талабига мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, мазмунан бойитилмоқда. Натижада ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, жамоа шартномалари орқали кам таъминланган ва кўп болали оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоат назоратини кучайтириш каби йўналишларда тизимли ишлар йўлга қўйилди.


ЎзКУФК томонидан ташкил этилган «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзуидаги давра суҳбатида ўтган даврда бу борада эришилган ютуқлар ва келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, Молия, Адлия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Иқтисодиёт, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Бош прокуратура, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Саноатгеоконтехназорат», «Ўздавэнергоназорат» давлат инспекциялари, Санитария-эпидемиология республика маркази, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотлар мутасаддилари иштирок этдилар.  

 Федерация Кенгаши раиси Танзила Нарбаева давра суҳбатини очар экан, жумладан, шундай деди:
— Давра суҳбатимиздан асосий мақсад меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ечими хусусида тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини тарғиб қилишни янада кучайтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни белгилаб олишдир.
Маълумки, касаба уюшмалари меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш борасида давлатнинг энг яқин ҳамкори ҳисобланади. Шу йилнинг бошида уч томонлама имзоланган Бош келишув фаолларимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Чунки бу ҳужжат ўз навбатида жойлардаги ҳудудий, тармоқ ва тариф келишувлари ҳамда энг қуйи бўғинда амалда қўлланилаёт­ган жамоа шартномалари мазмун-моҳиятини ўзгартириш, бойитиш ҳамда меҳнаткашларнинг ижтимой-иқтисодий манфаатларини янада яхшироқ ҳимоя қилиш имконини берди. Жамоа шартномалари қайта кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ёшлар масаласи, жумладан, уларни иш билан таъминлаш, амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари учун яратилган иш ўринларининг барқарорлигини мониторинг қилиш ҳамда тегишли тав­сия­ларни иш берувчиларга тақдим этиб, ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, жамоа шартномаларига хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш бўйича алоҳида йўналишлар киритилди. Бу хотин-қизларимизнинг манфаатларини яхшироқ ҳимоялаш, ишлаши учун етарли шарт-шароитлар яратиш, маънавий дунёқарашини бойитиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштиришда қўл келмоқда. Ушбу ишларни янада мазмунли ташкил этиш мақсадида кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорлик режаларини ҳам ишлаб чиқдик. Улардаги аниқ чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб борилмоқда. Келгуси йилда бу йўналишдаги фаолиятимизни янада такомиллаштириб, ижтимоий шерикликни кучайтиришимиз лозим.
Касаба уюшмалари Федерациясига «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш топширилган эди. Ишчи гуруҳи томонидан қонун лойиҳаси тайёрланиб, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилди.
Ўтган бир йил давомида жамоа шартномаларининг бажарилиши чуқур таҳлил қилиниб, меҳнаткашлар томонидан билдирилган таклифлар тегишли вазирликларга тақдим этилди. Бугунги давра суҳбатимиз нафақат касаба уюшмаларининг кейинги йилдаги иш режаси, балки ҳамкор ташкилотлар иш режаларини мувофиқлаштириш учун ҳам амалий кўмак бўлади.
Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жорий йилда давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий шериклик асосидаги фаолиятни кучайтириш йўналишларида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Нуроний» жамғармаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси билан қўшма тадбирлар режаси тасдиқланди. Ёшлар маънавиятини юксалтириш йўналишидаги ишлар сифатини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорлик битими имзоланди. Мазкур қўшма тадбирлар ва ҳамкорлик битимлари доирасида амалга оширилаётган ишлар жойларда меҳнат кишиси манфаатлари йўлидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 59 минг нафарга яқин фуқаро ва 33,4 мингга яқин оила ижтимоий кўмак билан қамраб олинди.
Бундай тадбирлар ногиронлар, кўп болали оилалар, 3 ёшгача боласи бўлган аёлларга, меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини корхоналар ҳисобидан дам олдириш ва соғломлаштириш, ходимларга асосий, қўшимча ва ижтимоий таътилларни корхона ҳисобидан узайтириб бериш, ёш болали аёлларга иш вақтини қисқартириш, кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари олиб бериш каби тадбирларни ўз ичига олган.
Хусусан, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури тадбирларига мувофиқ жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 500 та корхонадаги минг нафар кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари 37,5 млн. сўмлик ўқув қуроллари билан таъминланди. Шунингдек, 1412 та кичик бизнес корхонасида 3127 та кам таъминланган оилага 201,8 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Касаба уюшмалари томонидан 32 та олий ўқув юрти билан ҳамкорлик тўғрисида ишлаб чиқилган дастур асосида кам таъминланган талабаларга устама стипендиялар таъсис этилди. Кўзи ожиз 70 нафар талаба махсус плеер ва ўқув қуроллари билан таъминланди. 40 нафар профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимлар бепул соғломлаштирилди. Худди шундай ишлар республиканинг барча ҳудудларидаги олий ўқув юртлари билан тармоқ касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ҳам амалга оширилди.
Фурқат Халилов, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари:
— Меҳнаткашларни қўллаб-қувватлаш борасида вазирлигимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Аввало, ишсиз аҳолини банд бўлмаган ва квоталанган иш ўринларига жойлаштириш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга эътибор қаратилди. Биринчи навбатда, аёллар, коллеж битирувчилари ва ҳарбий хизматдан бўшаганларни ишга жойлаштириш ҳамда ишсизларни моддий қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш каби ишларга алоҳида аҳамият берилди.
Кейинги вақтда янги иш ўринлари яратиш ва шу орқали фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилнинг 9 ойида Бандликка кўмаклашув марказларига мурожаат этган 549 200 нафар аҳолининг 487 300 нафари ишга жойлаштирилди. Шунингдек, коллеж битирувчиларининг 90 фоизидан ортиғининг бандлиги таъминланди. Ушбу даврда республикамизда 815 минг 400 та иш ўрни яратилди.
Меҳнат ресурслари ортиқча бўлган ҳудудлар бўйича алоҳида дастурлар белгиланди. Бунда уй меҳнати, миллий ҳунармандчилик, хусусий ва оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, жумладан, унинг жойлардаги тизимлари билан ҳамкорликда бандлик борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда меҳнат ярмаркалари ташкил этилаяпти.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги меҳнат муҳофазаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нозима Сулаймонова йиғилиш қатнашчиларидан тушган қуйидаги саволларга жавоб қайтарди:
Савол: Кўплаб корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси муҳандисларининг штат бирликлари қисқартирилган. «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга биноан жойларда меҳнат муҳофазаси инспектори лавозими қайта жорий этилса, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар камаймайдими?
Жавоб: «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиш белгиланган. Жорий йилда давлат меҳнат техник инспекторлари томонидан 2137 та корхонада текширув ўтказилиб, аксарият ҳолатда меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ташкил этилмаганлиги ёки лавозимлар жорий этилмасдан қўшимча вазифа сифатида ходимга юклатиш ҳоллари аниқланди.
Ушбу ҳолатлар бўйича ёзма кўрсатмалар берилиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Вазирлик ходимлари томонидан барча корхоналар хатловдан ўтказилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ташкил этилганлиги ёки этилмаганлиги бўйича электрон база шакллантирилмоқда.
Савол: «Андижон механика корхонаси», «Андижонмаш» ва бошқа ташкилотларда (қўшма корхоналардан ташқари) ишлатиш муддати ўтган дастгоҳлар ишлатилаётгани туфайли меҳнат унумдорлиги пасайиб кетмоқда. Айрим ҳолатларда бу бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.
Жавоб: Жорий йилнинг ўтган даврида меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 406 та дастгоҳ, 4 та устахона ва 3 та корхонада камчиликлар бартараф қилингунга қадар вақтинча тўхтатиб қўйилди.
Албатта, бундай камчиликларнинг барчасини текширишлар жараёнида қамраб олиш имкони йўқ. Шунинг учун Адлия вазирлигидан 1996 йил 14 августда 273-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил қилиш тўғрисида»ги Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган касаба уюшмалари ходимлари билан биргаликда уч босқичли назоратни амалга ошириш мунтазамлигини таъминлаш зарур.
Шу билан бирга, 2011 йилда амалга оширилган профилактик ишларни янада кучайтириш талаб этилади.
Савол: Меҳнатни муҳофаза қлиш бўйича Келишувни ишлаб чиқишда унга киритиладиган номенклатура тадбирлари 1980 йилда ишлаб чиқилган рўйхатга асосан амалга оширилиши тавсия этилган. Бизнингча, ҳозирги давр технологиялари ривожланганлигини инобатга олиб, ушбу рўйхатни қайта кўриб чиқиш керак.
Жавоб: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2011-2012 йиллар учун қўшма тадбирлар режасининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича номенклатура тадбирлари рўйхати» лойиҳасига киритиш юзасидан таклиф берилди.
Рўйхат лойиҳасига киритиш учун 18 та тадбирлар киритилган. Булар:
- ташкилотда меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш ва муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқиш;
- иш ўринларини меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқ жиҳозлаш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
- меҳнат шарт-шароитларини яхшилашга ҳамда хавфсиз ва самарали меҳнат қилиш шароитларини яратишга, ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш (малакасини ошириш);
- ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш;
- касб касалликларининг олдини олиш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилишни тарғиб этиш воситалари билан таъминлаш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ва кўргазмалар ўтказиш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш;
- меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича фаолиятни рағбатлантириш;
- ташкилотнинг ички норматив ҳужжатлари билан белгиланадиган меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа йўналишлари бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланиш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг истиқболдаги ва йиллик режаларини ишлаб чиқиш;
- чанг босганлик, заҳарли газлар билан ифлосланганлик, вибрация, шовқинни, бошқа хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини, ёнғин-портлаш хавфини, оғир қўл меҳнатини камайтириш (бартараф этиш)ни талаб қиладиган ишлаб чиқаришлар, участкалар, объектлар, технологик жараёнларни аниқлаш;
- зарарли ишлаб чиқаришларда ва оғир ишларда банд бўлган ходимлар (айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар) сонини камайтириш, меҳнатнинг хавфсизроқ шарт-шароитларини яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
- вентиляция қурилмалари, санитария-маиший қурилмаларни жорий таъмирлаш кабилар шулар жумласидан.
Саид Ғаффоров, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика Санитария-эпидемиология маркази бўлими бошлиғи, касаба уюшма қўмитаси раиси:
— Иш берувчи имкониятига ҳам эътибор қаратиш жоиз. Хусусан, махсус кийим-бош ва сут маҳсулотларига нарх чегараланиши бозор шароитига тўғри келмайди. Бюджет ташкилотларида йиллик смета маблағларини белгилашда шу жиҳатларни ҳисобга олиш керак, деб ўйлайман.
Шуҳрат Мансуров, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси директор ўринбосари:
—  Кўп ҳолларда тугатилган хўжалик ва ташкилотларда ишлаб меҳнат қобилиятини йўқотган ходимларга давлат томонидан маблағ ажратилмоқда. Бунга ўхшаш ҳолатларнинг келиб чиқишини камайтириш мақсадида ўтган йили «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ҳозирча мазкур Қонун иш берувчиларнинг 60-70 фоизини қамраб олган. Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган ўзгартишга асосан ўз ходимини мажбурий суғурта қилмаган иш берувчига энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима тайинланади.
Танзила Нарбаева:
—  «Устоз-шогирд» тизими бўйича махсус қарор қабул қилинган. Унга кўра кўплаб имтиёзлар жорий қилинган. Жумладан, амалиёт ўтаётган битирувчиларга энг кам иш ҳақининг 20, ишга кирган ходимларга 50 фоизи миқдорида тўловлар амалга оширилаяпти. Бундан ташқари, устозларни ҳам моддий ва маънавий қўллаб-қуватлаш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиш, махсус кийим-бош билан таъминлаш, умуман, бошқа рағбатлантириш тадбирларини амалга ошириш бўйича касаба уюшмалари устувор вазифаларини белгилаб олди. Кейинги йилда бу борадаги ишларни янада кучайтирамиз.
Мадамин Арифжонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари:
— Тизимимизда ишга тақсимлаш механизми ишлаб чиқилган. Унда корхона, ташкилот, муассаса, идора ва вазирликлар томонидан иш берувчиларнинг базаси шакллантирилган. Бутун вазирлик ва идоралар миқёсида иш берувчиларнинг ҳамда иш берувчи корхоналардаги бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотнома базалари шакллантирилиб, олий таълим муассасаларига етказилган. Шунга кўра битирувчиларни жорий ўқув йилининг феврал ойидан бошлаб ишга тақсимлаш жараёнини бошлаймиз. Ҳар бир олий таълим муассасасида ишга тақсимлаш комиссияси тузилган. Эҳтиёжига кўра барча тегишли идоралар билан ҳамкорликда битирувчилар жойларга тақсимланади. ОАВ орқали вилоятлар, туманлар миқёсида бакалавриат ва магистратура йўналишларини битирган ёш мутахассислар ҳақида эълон берилиб, жойларда ярмаркалар ташкил этилади. Умуман олганда, уч босқичли тизим ишлаб чиқилган. Биринчиси, тақсимот комиссиялари орқали феврал ойидан бошлаб ишга тақсимлаш, иккинчиси, май-июнь ойларида ишга тақсимлашни якунлаш, учинчиси, октябрь-ноябрь ойларида битирувчиларнинг ишга жойлашганлигини мониторинг қилиб, маълумотларни йиғишдир. Албатта, бу борада муаммолар йўқ эмас. Шунга қарамай, биз иш берувчилар билан биргаликда камчиликларни ўрнатилган тартибда бартараф этишга ҳаракат қилаяпмиз.
1300 дан ортиқ коллеж битирувчилари вилоят ва туманлар миқёсида корхона ва ташкилотларга шартнома асосида бириктирилган. Бунда, табиийки, «Устоз-шогирд» тизими асосида битирувчиларга жойларда кўникмалар ҳосил қилиши, эртага шу ерда етук мутахассис бўлиб етишиши кўзда тутилган.
Танзила Нарбаева:
— Жамоатчилик назоратини, энг аввало, касаба уюшмалари олиб бориши лозим. Яратилган иш ўринларида ёшларимиз ишни қанчалик эплайди, барқарор иш ўринлари сақлаб қолинаяптими? Кейинги йиллардаги касаба уюшма ҳисоботларига шу масалаларни ҳам киритамиз. Ҳар уч ойда барқарор иш ўринларининг назоратини іилиб, тегишли вазирлик ва идораларга мониторинг натижаларини бериб борамиз.
Ғайрат Зуннунов, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси:
— Ногиронларни иш билан таъминлашда муаммолар бор. Шу масалага алоҳида эътибор қаратилса...
Фурқат Халилов:
— Корхона ва ташкилотларда ногиронларни ишга қабул қилишнинг ҳуқуқий механизми мавжуд. 20 тадан кўп иш ўрни бўлган корхоналарда ногиронлар учун 10 фоиздан уч фоиз квоталанган иш ўринлари яратилади. Ҳар йили ноябрь ойида ҳокимликларнинг тегишли қарорларига асосан иш ўринлари яратадиган корхоналар рўйхати тузилиб, у ердаги иш ўринлари белгиланади. Корхона бу ишда сусткашлик қилса ёки ногиронларни ишга олишдан бош тортса, жавобгарликка тортилади. Ушбу механизмни юритишда касаба уюшмалари билан ҳамкорликда иш олиб борсак, ўйлайманки, иш сўраб ёки шикоят билан мурожаат қилувчилар сони бундан-да камаяди. Шу ўринда маълумот учун келтириб ўтмоқчиман. Жорий йилнинг 9 ойида квотали иш ўринлари асосида ўн мингга яқин ногирон янги иш ўринлари билан таъминланди. Бунда касб-ҳунар коллежларини битирганлар алоҳида эътиборга олинган.
Шуҳрат Мансуров:
— Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, бозор иқтисодиёти шароитидаги энг долзарб масалалардан биридир. Ҳозирда 62 минг сўм учун  бир ой меҳнат билан банд бўлиш ўзини оқламайди. Аммо энг кам иш ҳақини кўпайтириш билан масала ечим топмайди. Агар унинг миқдорини кўпайтирадиган бўлсак, қатор солиқ тўловчиларга жуда катта юк пайдо бўлади ва бу албатта, ўзининг салбий натижасини бериши мумкин. Шу сабабли бундан буён иш ҳақлари ягона тариф сеткаси бўйича ҳисобланади. Маълумки, ҳар бир разряднинг коэффициенти бор. Шундан келиб чиқиб, маош ҳисобланади. Ягона тариф сеткасининг нулинчи разряди ҳозирги кунда 62 минг 920 сўмга тенг. 2012 йил 1 январдан эътиборан нулинчи разряд минимал иш ҳақига тенг бўлади. Аммо иш ҳақининг энг кам миқдори биринчи разряд (155800 сґм) билан бошланади.
Жаҳонгир Абдурасулов,  Республика Марказий банки Департаменти директори:
— Мамлакатимизда 30 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Охирги йилларда жаҳонда рўй берган молиявий инқироз натижасида  кўплаб мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулотлари ўсиш суръатлари кескин камайди. Лекин бу Ўзбекистонга жуда кам таъсир қилди. Сабаби, 2000 йилдан бошлаб юртимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми ўсиб бормоқда. Охирги беш йилда бу кўрсаткич ўртача 8,5 фоизни ташкил этди. Марказий Осиёдаги барча давлатлар орасида бу энг юқори кўрсаткичдир. Бунинг асосий сабабини  бюджет профицитида таш­қи қарзларнинг камлиги, барқарор банк-молия тизими, ташқи қарзларни олишда эҳтиёткорлик билан ёндашувда кўриш мумкин.
Ҳозирда фаолият кўрсатаётган 30 тижорат банкидан 21 таси халқаро рейтинг компаниялари томонидан барқарор дея эътироф этилди. Бу йил эса иккинчи марта халқаро «Мудис рейтинг» компанияси Ўзбекистоннинг банк-молия тизимининг барқарор ривожланаётганини тасдиқлади.
Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги 1438-сонли Қарорида 2011-2015 йилларда Республика банк-молия тизимини янада ислоҳ қилиш, юқори халқаро рейтингга эришишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, кредитлар ҳажмини кўпайтириш бўйича қатор вазифалар қўйилди. Масалан, кредитлар ҳажмини 2,8 бараварга, банк капиталини 2,1 бараварга ошириш ҳам кўзда тутилган. Шу билан бирга, халқаро андозаларга мос банк тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Халқаро Базел (Швецария) қўмитаси стандартларини олиб қарайдиган бўлсак, юртимиз банк тизимининг капитали етарлилик даражаси халқаро меъёрлардан 3 баробар ортиқлиги маълум бўлади. Масалан, ХБҚ стандартига кўра капиталнинг етарлилик даражаси 8 фоиз деб белгиланган бўлса, бизда бу кўрсаткич 24 фоизга тенг. Умуман, халқаро ташкилотлар томонидан қанча кўп эътирофга сазовор бўлсак, четдан капитал олишимиз, инвестициялар киритилиши осонлашади. Банк ва молия тизимимиз халқаро майдонларда ҳам ґз ўрнига эга бўлади.
Кредитлар масаласига тўхталадиган бўлсак, жорий йилда тижорат банклари томонидан 3 триллион 600 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилиб, қўшимча 280 минг янги иш ўрни яратилди.
Нурилла Насимов, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари  бирлашмаси кенгаши раиси:
— Банклар томонидан мижозга кўрсатилаётган хизматлар учун аъзолик бадали энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида белгиланган. Кичик ташкилотларга бир йиллик 700-800 минг атрофидаги аъзолик бадали оғирлик қилади. Бу кичик ташкилотларнинг ёпилиши билан баробар. Бу борада Марказий банк раҳбариятига мулоҳазаларимизни билдирган эдик. Қувонарлиси, ҳар бир ташкилотнинг молиявий имкониятлари ҳисобга олиниб, аъзолик бадаллари белгилансин, деган ижобий жавоб олдик. Лекин шунга қарамасдан, «Халқ банки»нинг Хамза ва Яккасарой туманлари филиалларида, шунингдек, «Ипотека» банкининг Миробод тумани филиалида эски ҳолат давом этаяпти. Бу борада нима дея оласиз?
Жаҳонгир Абдурасулов:
— Бу масалани ўрганиб чиқдик. Банк тижорат ташкилоти бўлиб, икки тарафлама тузилган шартнома асосида иш юритади. Марказий банк томонидан банк ҳисоб варағи шартномасини тузишда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида аъзолик бадалини тўлаш юзасидан ҳеч қандай тавсиялар берилмаган. Президентимизнинг 2011 йил 24 августдаги 4354-сонли Фармонига асосан, бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш мақсадида банк ҳисоб варағини тузганлик учун тўлов олиш бекор қилинган. Агар ташкилот банк билан шартнома тузаётганда қандай тўлов белгиланса у қонуний кучга эга. Ҳар бир банк бу тўловни таклиф эта олади, холос. Бу ҳолатда мажбурийлик йўқ. Сентябр ойида «Ishonch» газетасида бу масала юзасидан мақола чоп этилганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги барча касаба уюшма ташкилотларидан дебит айланмаларидан олинган барча маблағ, адашмасам, 24 млн. атрофида эди, қайтариб берилди. Касаба уюшмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бундай тўловлар «Халқ банки» томонидан ҳозирги кунда ҳам олинаётгани йўқ. Шуни айтмоқчиманки, банк билан шартнома тузаётганда эътиборлироқ бўлиш фойдадан холи эмас.
Соғиндиқ Ниетуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси:
— Пластик карточка тизими жорий этилгандан сўнг бир қанча қулайликларга эга бўлдик. Лекин бу борада айрим ноқулайликларга ҳам дуч келаяпмиз.
Жаҳонгир Абдурасулов:
— Жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб ҳар куни телевидение орқали ролик бериб борилмоқда. Бирор бир жойда нақд пул ва терминал нархлари орасида фарқ бўлса, Марказий банк, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитасининг «Ишонч телефонлари»га қўнғироқ қилишингиз мумкин. Шунда нарх тафовути муаммоси жойида ҳал этилади. Шунингдек, терминал ишламаяпти, чироқ йўқ каби баҳоналар кетмайди. Бундай ҳолатларда жиддий жазо чораси қўлланилади ёки катта миқдорда жарима солинади. Терминал ўрнатилдими у, албатта, ишлаши керак.
Эсон Ражабов, Қашқадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси:
— Адлия вазирлигининг жойлардаги бошқармалари томонидан янгидан ташкил этилган бошланғич касаба уюшмаларини юридик шахс сифатида рўйхатга олиш масаласида  қийинчиликлар бор. Солиқ органлари томонидан бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларга СТИР олиш қийин. Адлия бошқармалари ҳам рўйхатга олмаяпти. Шу сабаб банкларда ҳисоб рақамини очиш қийин кечмоқда. Ваҳоланки, тармоқлар бўйича Республика, вилоят касаба уюшма кенгашлари Адлия органлари рўйхатидан ўтган. Битта устав асосида ишлаётган бошланғич ташкилот ҳам алоҳида рўйхатдан ўтмайди-ку. Шу масалага аниқлик киритсангиз.
Умид Шодиев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили:
— Ҳисоб рақами очиш бўйича Марказий банкнинг 2009 йил 16 мартдаги қарори Адлия вазирлигидан 2009 йил 27 апрелда 1948-сонли рўйхатдан ўтган. Унга мувофиқ, рўйхатдан ўтиш учун бирорта ҳужжат бериш шарт эмас. Буни юридик шахснинг илтимосномаси асосида амалга ошириш мумкин. Қолаверса, Федерация уставини ҳужжат сифатида тақдим этиш мумкин.
Сирожитдин Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси прокурори:
— Давра суҳбатидан иш берувчилар ва ходимлар ўртасида қандай муаммолар мавжудлигини билиб олдим. Масалан, иш жойларини аттес­тациялаш масаласида. Умуман, мазкур муаммоларни қонун доирасида бартараф этиш назоратга олинса, мавжуд масалада аҳвол яхшиланади. Бу соҳада прокуратура барча манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.
Сайёра Рашидова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман):
— Давра суҳбати ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу Президентимиз томонидан таклиф этилган Концепцияда белгилаб берилган устувор вазифаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлди. Иккинчидан, бундай тадбирлар жамоат назорати ва ижтимоий шерикликнинг ишлашида муҳим омил бўла олади. Буларнинг барчаси бир мақсад сари йўналтирилган: жамиятнинг барча қатламлари ҳақ-ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоялаш.
Давра суҳбатида айтилган, ўз ечимини кутаётган муаммоларга тегишли саволлар бизга ҳам кўп марталаб берилади. Бу мурожаатлар изсиз кетмайди, албатта. Эътиборингизни яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Бизда мукаммал қонунчилик тизими ишлаб чиқилган ва у босқичма-босқича амалиётга татбиқ этилмоқда. Лекин, вилоятлар ва чекка туманларда қонунлар ижроси оқсамоқда. Натижада, сизу бизга кўплаб хатлар йўлланади, шикоятлар юзага келади. Масалан, кредит олишда қийинчилик ва мураккабликлар кўп, коммунал хизматлари яхши эмас ва ҳоказолар.
Таклифим, биринчидан, ҳар бир идорада жамоат назоратини кучайтириш керак. Иккинчидан, жойларда профессионал билим ва тажрибага эга кадрларни кўпайтириш лозим. Шу каби учрашувлар жудаям керакли. Бу — аниқ ҳаракат, самарали йўл. Шунда шикоятлар ва мурожаатлар сони қисқарарди.
Танзила Нарбаева:
— Тадбир давомида меҳнаткашлар томонидан билдирилган муаммоларнинг сабаблари, ҳал қилиш йўллари тўғрисида ошкора фикрлашиб олдик. Давра суҳбатида иштирок этган ҳамкорларимиздан илтимосимиз шуки, касаба уюшма етакчиларнинг тажрибасидан, моддий ресурсларидан жойларда кенгроқ фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки сафимизда етти миллионта аъзо бор. Бошлан­ғич ташкилотлари бошқа жамоат ташкилотларидан фарқли равишда ҳамма ташкилотда ташкил қилинган.
Шу нарсани хулоса қилдимки, муаммоларни аниқлагандан кейин мунтазам равишда тегишли вазирлик, идоралар, жойларда эса тегишли ҳокимликлар билан биргаликда ҳал қилиб борсак, балки кейин учрашганимизда унинг яхши натижалари яққол кўзга ташланади.
Келгуси йил Юртбошимиз томонидан «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилинди. Ҳозирда Давлат дастури шакл­лантирилаяпти. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бу борада саккизта йўналиш бўйича таклифлар берилди.
Федерация Кенгаши раи­си давра суҳбатини якунлар экан, томорқачиликни ривожлантириш, хизмат турларини кенгайтириш, туризмни ривожлантиришга касаба уюшма ташкилотлари томонидан алоҳида аҳамият берилаётганини қайд этиб ўтди.
Бир сўз билан айтганда, давра суҳбатида вазирлик ва идоралар ходимлари ва касаба уюшмалари фаоллари иштирокида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» юзасидан олиб борилаётган ишлар самарасини ошириш, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, бу орқали жамоа шартномалари ва келишувлари ижросини тўлиқ таъминлашга эришишнинг муҳим жиҳатлари муҳокама этилди.
Шунингдек, жойларда жамоа шартномалари ижросини ўрганиш жараёнида учраётган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳамкорликда бартараф этишга  эътибор қаратилди.
Ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича олиб борилаётган фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш, меҳнаткашларга Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган мамлакатни модернизация қилиш йўлидаги иқтисодий ислоҳотлар моҳиятини етказиш ишларини янада фаоллаштириш бўйича тадбирлар белгилаб олинди.

 

ыыы

strong

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi