ЭНГ МУНОСИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
|
|
Пойтахтимиздаги “Наврўз” тантаналар уйида 2011 йилда юқори натижаларни қайд этган йилнинг энг яхши маданият, санъат ва спорт намояндаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган бир гуруҳ спортчиларимизни муносиб тақдирлади.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, тақдирланганлар орасида касаба уюшма спортчилари ҳам кўпчиликни ташкил этди. Хусусан, жаҳоннинг уч карра тенгсиз ваноэчиси, касаба уюшма спортчиси Вадим Меньков “Йилнинг энг маҳоратли спортчиси” номинацияси соҳиби бўлди.
Таъкидлаш зарурки, Вадим Меньков 2011 йилнинг 17-21 август кунлари Сегед (Венгрия) шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан ўрин эгаллаган эди. Қувонарлиси шундаки, у жорий йил Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган XXX ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Умид қиламизки, Вадим Меньков Лондонда ҳам энг яхши натижаларни қўлга киритиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.
Мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдонларда бундан ҳам яхши натижаларни қўлга киритишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳам барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу борада Федерация Кенгаши томонидан Ўзбекистон велоспорт Федерациясининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, спортчилар учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар фикримиз далилидир.
Тадбирда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси, Ўзбекистон велоспорт Федерацияси куратори Танзила Нарбаева “Йилнинг энг фаол спорт жонкуяри” номинацияси бўйича тақдирланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши эса “Йилнинг энг яхши спорт ташкилоти” номинациясига сазовор бўлди.
Мукофотланганлар орасида Ўзбекистон велоспорт терма жамоаси аъзоси Муроджон Холмуродов “Жамоа ғалабасига қўшган ҳиссаси учун” номинацияси ғолиблигига муносиб кўрилди. Муроджон Холмуродов 2011 йил 6-9 февраль кунлари Банкок (Таиланд) шаҳрида велоспорт бўйича Осиё чемпионатининг гуруҳ пойгаларида 2-ўринни эгаллаб, Лондон Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган эди. |



















