Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Давр мавзуси

Нима учун сизга касаба уюшмаси керак?

Gov.uz xabarlari

ТОМОРҚА – ТЎКИНЛИК МАНБАИ

Гурлан туманининг “Хизир эли” қишлоғи “Деҳқон” маҳалласида истиқомат қилаётган инсонлар хонадонида бўлганимизда оилаларнинг ҳамжиҳатлигига, тадбиркорлигига тан бердик. Томорқалардаги манзара бу хонадон эгаларининг ер билан тиллаша олган инсон эканликларидан далолат бериб турарди. Ҳамма ёқ саранжом-саришта, экинлар ҳовлиларга янада файз бағишлаган. Муҳими, дастурхонлар уйда етиштирилган шириндан шакар ноз-неъматлар билан тўла: сархил мевалар, улардан тайёрланган тилёрар мурабболар кўзни қамаштиради. “Деҳқон” маҳалласи аҳли таъкидлашича, бу ишларнинг барчасида уларга Юртбошимизнинг “Ерни қанчалик эъзозласак, у бизга шунча кўп ризқу насиба бераверади” деган пурмаъно сўзлари дастурул амал бўлмоқда. Зеро, юртимизда шахсий томорқа хўжаликларида қишлоқ хўжалик ва бошқа турдаги маҳсулотларни етиштириш учун барча шарт-шароитлар яратилган..

 

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Олламберган Тожиев хонадонида бўлганимизда даста-даста бўлиб ён-атрофга хушбўй ифорларини таратиб турган атиргуллардан кўзимизни узолмадик. Қарангки, ушбу атиргуллар ҳам хонадоннинг ўзида етиштирилар экан.

 

- Бу гуллар элдошларимизнинг яхши кунларида қувонч элчиси бўлиб хизмат қилмоқда, - дейди хонадон соҳиби Олламберган ака. – Хоразм иқлим шароитида етиштириш қийин бўлган бодомдан ҳам мўл ҳосил олишни йўлга қўйдик. Мўжазгина боғимизда етиштирилган меваларни ўзимиздан орттириб, бутун вилоятимиз аҳолисига тортиқ қиляпмиз. Ёнғоқ ҳам экдик, шу билан бирга, мош, карам, сабзи, картошкадан мўл ҳосил олиб, қишга ғамлаб қўйдик.

 

Оиламиз ўз чорвасига, паррандасига ҳам эга. Бу йил томорқамиздан олган даромадимиз 17 миллион сўмдан ошди. Бир гап айтсам, муболаға демайсиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг томорқалардаги ҳар бир қарич ердан янада унумли фойдаланишга оид мурожаати маҳалламиз аҳлини янада руҳлантириб, ғайратига ғайрат, қўшди. Чунки, эл маъмурчилиги ва дастурхонлар тўкинлиги йўлида бел боғлаб, меҳнат қилиш ҳар биримизнинг халқпарварлик, ватанпарварлик ишимиздир. Бугун маҳалламиздаги ҳар бир хонадон ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, мева ва сабзавот маҳсулотларидан юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида меҳнат қилмоқда. 

 

- Биз саховатли заминда  яшаймиз, - сўзида давом этади Олламберган ака. Меҳнат қилган одам барака топмай қолмайди. Шундай имкониятдан фойдаланмаслик, ерни увол қилиш гуноҳ деб ҳисоблайман. Томорқа тўкинлик, фаровонлик манбаи эканлигини ўз ҳаётимиз мисолида кўряпмиз.

 

Олламберган ака деҳқончасига гапнинг лўндасини айтиб қўяқолди. Шундан сўнг худди шу маҳалладаги Эгамберган Нажимов хонадонида бўлдик. Мазкур оила томорқасида ҳам турли хил озиқ-овқат маҳсулотларидан мўл ҳосил олиниб, қишга ғамлаб қўйилган.  Тарвуз, қовун, ўрик қоқи, олма, турли шарбатлар, помидор, карам, бодринг, булғор қалампиридан тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар қиш фаслида ҳам оила дастурхони тўкинлигини таъминлаб, фарзандларнинг дармондориларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиб, вояга етишларида қўл келмоқда.

 

Ниёзмат Қуриёзов хонадонида эса иссиқхона ташкил этилиб, помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари етиштириш йўлга қўйилган.  Худди шу тажрибани Бахтиёр Собиров оиласи ҳам амалда татбиқ этиб, хонадонидаги иссиқхонада етиштирилган сарҳил помидор ва бодрингларни аҳолига етказиб бермоқда. Кўриб турибсизки, томорқани ривожлантириш орқали оилавий бизнес ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу ўз навбатида оилалар бюджетига салмоқли даромад келтирмоқда.

 

Жумабой Раматов шахсий хўжалигида 6 та соғин сигир, 20 та товуқ, Шериммат Ахмедов эса 7 та қорамол, 6 бош сигир ва паррандалар  боқишни йўлга қўйиб энг сердаромад соҳалардан бири бўлган чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаганлар. бор. Зеро, етти хазинанинг бири бўлган мазкур соҳа ҳаётимиз фаровонлигини янада ошириш билан бирга хонадонларга файз-барака киритишига шубҳа йўқ.

 

 

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi