Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Давр мавзуси

Нима учун сизга касаба уюшмаси керак?

Gov.uz xabarlari

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси:
2011 йил якунлари ва 2012 йилдаги устувор йўналишлар

2012 йилнинг 26 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг IV мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартиби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2011 йилдаги фаолияти якунлари ва 2012 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифаларни белгилаб олиш масалаларига бағишланди.
Таъкидлаш жоизки, Федерация Кенгаши томонидан ўтган йил бошида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” ва 2011 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолиятининг  устувор йўналишлари белгилаб олинган эди. Улар бўйича амалга оширилган аниқ мақсадли ишлар касаба уюшмалари олдида турган қатор муаммоларни ҳал этиш, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш имконини берди, десак, муболаға бўлмайди.
Кенгаш мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева бу борада амлага оширилган ишлар тўғрисида таҳлилий маъруза қилди. Маърузада, хусусан, касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари фаоллашганлиги ва бевосита улар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунлари лойиҳаларини тайёрлаш ишлари якунига етказилганлиги алоҳида таъкидланди. 14 та Қонун ва 25 та меъёрий актлар, меҳнат муҳофазаси бўйича 87 та меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан йўлланган 10 та меҳнат низолари бўйича хулосалар берилганлиги қайд этилди.        

Таъкидлаш зарурки, 2011 йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти янги босқичга кўтарилди. Давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни амалиётга татбиқ этиш юзасидан самарали ижро механизми шакллантирилди. Натижада 15 дан зиёд давлат, нодавлат ташкилотлари билан қўшма тадбирлар режаси қабул қилиниб, уларнинг амалга оширилишига эришилди.  
Бандликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга фаол кўмаклашиш соҳасида касаба уюшма фаоллари томонидан 1663 та корхонада яратилган 14209 та янги иш ўринларининг ишончлилиги ўрганилди. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари амалиётини ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида  “Устоз-шогирд” йўналишида 71 мингга яқин корхона ва ташкилотда 250 минг нафар коллеж битирувчиларининг муқим иш билан таъминланиши устидан жамоат назорати ўрнатилди. Амалиёт ўтаётган ва янги ишга қабул қилинган коллеж ўқувчилари ва битирувчиларига энг кам иш ҳақининг 50 фоизигача моддий ёрдам ажратиш тизими жорий этилди. Натижада 2483 нафар коллеж ўқувчиси ва  627 нафар битирувчига касаба уюшма бюджетидан 44 млн. 626 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилиши натижасида касаба уюшмалари органларига корхоналар ва фуқаролардан тушган 5200 га яқин мурожаатларнинг 93 фоизи қаноатлантирилишига эришилди.  Мансабдор шахсларга меҳнат қонунчилиги бузилиши бўйича киритилган 385 та  тақдимноманинг 291 таси ижобий ҳал этилди.
Меҳнат низоларига оид 478 та масаладан 33 таси суд, 445 таси касаба уюшмалари орқали кўриб чиқилиб, ноқонуний ишдан бўшатилган 190 нафар ходим ўз ишига тикланди. 5700 та корхона ва ташкилотда ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ўрганилиши натижасида уларнинг 16700 дан ортиғида қоида ва меъёрлар бузилиши ҳолатлари касаба уюшмалари талаби билан бартараф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида 2011-2013 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув асосида жамоа шартномалари ва келишувлари сифати ва самарадорлиги даражасини ошириш натижасида 2011 йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 72655 нафар фуқаро ва 52388 та оилага 23 млрд. 565 млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилди. Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари молиявий имкониятларини кенгайтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар эса 1 млрд. 102 млн. сўм маблағни ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтириш, қўшимча равишда 1400 кишини санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш имконини берди. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмалар ажратиш муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилиб, 2011 йилда 90 минг нафарга яқин меҳнаткашни имтиёзли соғломлаштиришга эришилди. Бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан қарийб 10 фоизга кўпдир.
“Кичик бизнес ва хусусий тадбикорлик йили” Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган касаба уюшмалари дастур тадбирлари доирасида 1337 нафар кичик бизнес субъектлари ходимлари ва тадбиркорларга санаторийларда, уларнинг 4159 нафар фарзандларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш имконияти яратиб берилди. Федерация Кенгаши ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларида “Ишонч телефонлари” хизмати жорий этилиб, уларга аҳолидан, кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлардан тушган 400 дан зиёд мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилди.
      Маънавий-маърифий ишлар сифатини ошириш масаласи ҳам Федерация Кенгашининг доимий диққат марказида бўлди. Шу мақсадда корхона, ташкилот ва муассасаларда «Маънавият соатлари» ўтказилиши жорий этилиб, уларда Республикамиз Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимизда Истиқлол йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, давлатимиз инсонпарвар сиёсатининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар онгига етказиб келинмоқда.
Таъкидлаш зарурки, ўтган йил давомида «Истиқлол ғунчалари», “Ўзбекистон сени куйлайман” каби Республика кўрик-танловлари ва Фестиваллари, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида қатор спартакиада ва веломарофонлар ўтказилиб, улар доирасида бир неча ўн минглаб меҳнаткашлар камраб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан велоспорт Федерациясининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган тизимли ишлар велоспортчиларимизнинг Лондонда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун 3 та лицензияни қўлга киритишларида ўзига хос омил бўлди.
Ёзги мавсум давомида 965 та болалар оромгоҳларида соғломлаштирилган болалар сони 2010 йилга нисбатан 8 минг нафарга ортди.  2011 йилда илк маротаба 19 та “Меҳнат ва дам олдириш”, 12 та “Ёзги интеллектуал ривожлантириш” ва 13 та “Ҳарбий-спорт соғломлаштириш” оромгоҳлари фаолият кўрсатиб, уларда 3700 нафардан ортиқ болалар ва ўсмирлар соғломлаштирилди. 13801 нафар меҳнаткашлар, ўқувчи ва талабалар, кам таъминланган ва кўп болали оилалар вакилларининг юртимизнинг диққатга сазовор жойларига, тарихий обидаларига саёҳатлари уюштирилиб, бу мақсадларга 189, 9 млн. сўм сарфланди.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига 36,4 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами, 11900 нафар кам таъминланган оилалар вакиллари, ёлғиз қариялар, ногиронлар, меҳнат ва уруш фахрийларига 337,7 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги “2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади” мавзусидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолиятининг 2012 йилдаги устувор йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, устувор йўналишлар қаторидан ижтимоий шериклик, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, тармоқ ва ҳудудий дастурларга мувофиқ янги иш ўринлари яратилишида фаол иштирок этиш, “Усто-шогирд” тизимини ҳаётга татбиқ қилишда ўрта бўғин касаба уюшмалари органлари масъулиятини ошириш, хавфсиз иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу йўналишда касаба уюшмаларига берилган ваколатлар, ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш, жойларда меҳнат қонунларига, ходимларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, “Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури, касаба уюшмаларининг тармоқ ва ҳудудий дастурлари бажарилишини таъминлаш, бошланғич ташкилотларга эътиборни янада кучайтириш каби масалалар жой олди.  
    


           Ўзбекистон касаба уюшмалари
           Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi