Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Давр мавзуси

Нима учун сизга касаба уюшмаси керак?

Gov.uz xabarlari

КАСАБА УЮШМАЛАРИ ДАСТУРИ АМАЛДА

 


Давлатимиз раҳбари томонидан 2011 йилнинг Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили деб эълон қилиниши Ватанимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш, мазкур соҳа вакиллари учун янгидан янги имкониятлар яратилишига хизмат қилмоқда.


“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурини амалга ошириш соҳасида энг муҳим устувор вазифалар бажарилишига ҳар жиҳатдан муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури тўғрисидаги Қарори асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан махсус дастур ишлаб чиқилди.
Маълумки, мамлакатимизда босқичма босқич амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар замирида аввало, инсон омили ва инсон манфаатлари мужассам. Республика касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан ишлаб чиқилган мазкур дастурда ҳам асосий эътибор инсон ва унинг манфаатларига қаратилди.


Дастур доирасида амалга ошириладиган ишлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий, услубий ёрдам кўлами кенгайтирилади. Саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, кичик бизнес субъектларининг жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олиниши даражасини ошириш, имзоланадиган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кичик бизнес субъектларига алоқадор кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари ҳарид қилиш ҳаражатларини қисман қоплаш тадбирлари амалга оширилади.


Шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилишнинг меъёр ва қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва уларга меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкиллаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам дастурдан ўрин олган.


Дастур доирасида Самарқанд шаҳрида барпо этилиши режалаштирилган “Ёш туристлар меҳмонхонаси” ишга тушгач янги иш ўринлари яратилиши билан бирга касаба уюшмалари томонидан Республикада туризмни ривожлантириш, айниқса, диёримизнинг тарихий обидалар ва қадимий ёдгорликларга бой шаҳарларидан бири бўлмиш Самарқандга ёшлар саёҳатларини уюштириш орқали улар онгига миллий қадриятларни чуқур сингдириш, маънавиятларини юксалтириш имкониятлари янада кенгаяди. Болалар оромгоҳларидаги бўш ер майдонларига мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтказиб, янги боғлар барпо этиш ҳамда сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш орқали моддий ва маънавий манфаатдорлик билан бирга атроф муҳитнинг экологик софлиги таъминотига ҳам ўзига хос ҳисса қўшилади.


Касаба уюшмалари дастурида тармоқ касаба уюшмалари ва тегишли корхона, ташкилотлар маъмуриятлари ҳамкорлигида қатор корхона, ташкилот ва муассасаларда ёрдамчи хўжаликлар, кичик корхона ва цехларни ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Республикада ўтказиладиган “Ташаббус – 2011” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар босқичида “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” ва “Энг яхши тадбиркор” номинациялари бўйича фахрли ўринни эгаллаганларни касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмалар билан тақдирлаш, бир қатор кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ходимларини касаба уюшмалари санаторийларида, соҳа ходимларининг 4320 нафар фарзандини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида имтиёзли равишда соғломлаштириш ҳам кўзда тутилган.


Мазкур дастурдан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида меҳнат жамоаларида ва ёшлар ўртасида мулоқот ва учрашувлар ташкил этиш, олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган ёш касаба уюшма фаолари ҳамда касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг Ёшлар кенгаши аъзолари билан биргаликда “Ёшлар ва тадбиркорлик” мавзуида давра суҳбатлари ўтказиш тадбирлари ҳам ўрин олган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ёш олимларининг ишланмаларини кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига татбиқ қилиш бўйича ўтказиладиган семинар-тренинг орқали касаба уюшмалари томонидан ёш олимларнинг ижтимоий-итисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик соҳасини илм-фан ютуқларини татбиқ этган ҳолда ривожлантириш ишларига ҳисса қўшиш кўзда тутилган.


Шунингдек, меҳнаткашлар ўртасида маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказиш масалаларига ҳам кенг ўрин берилган. Хусусан, корхона, ташкилотлар ишчи-ходимлари ва тадбиркорлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган Республика “Саломатлик” спартакиадасини ташкил этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланаётган илғор тадбиркорларнинг диёримизнинг қадимий ва ҳамиша навқирон, тарихий обидаларга бой шаҳарларига саёҳатларини уюштириш тадбирлари шулар жумласидандир.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi