Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Давр мавзуси

Нима учун сизга касаба уюшмаси керак?

Gov.uz xabarlari

Фаолиятга янгича ёндашув


Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кундан кунга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти ривожланиб бормоқда. Фуқаролик жамияти институтларидан бири ҳисобланган касаба уюшмалари фаолиятида ҳам бугун тубдан такомиллашув жараёни бормоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан бу борада бутун бир тизим яратилиб, ижтимоий шериклик тамойиллари ва жамоатчилик назоратига асосан қоғозда эмас, амалда ўз ифодасини топаётган тадбирларнинг бажарилишига эришилмоқда.


Вақт шиддаткор, вақт аёвсиз. Шундай экан ҳар бир дақиқа ғанимат. Давр талаби ҳам шу, ҳар бир ташкилот у ҳоҳ давлат, ҳоҳ жамоат бирлашмаси бўлсин замон талабларига ҳамоҳанг равишда ўз фаолиятини такомиллаштириб бориши, изланиши, ривожланиш йўлларини ахтариши зарур. Айниқса, инсон манфаатлари учун жавобгарлик масъулиятини зиммасига олган касаба уюшмалари фаолиятида бу жуда муҳим аҳамиятга эга.


Шу нуқтаи назардан Президентимиз томонидан эълон қилган Концепциядан келиб чиққан ҳолда белгилаб олинган устувор йўналиш ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида амалга оширилган ишлар салмоғи йилларга татигуликдир.


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг 27 апрель куни бўлиб ўтган Раёсат йиғилишида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар қизғин муҳокама этилиб, фаолиятни такомиллаштиришга хизмат қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.


Федерация кенгаши раиси Танзила Нарбаева томонидан бошқарилган раёсат йиғилиши кун тартибига қўйилган масалалар ўз долзарблиги жиҳатидан бир биридан қолишмади. Муаммоли масалалар ечимини тезлаштирадиган муқобил фикр-мулоҳазалар тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.


Раёсат йиғилишида дастлаб 2010 йил якунлари бўйича ижтимоий суғурта бюджетининг бажарилиши кўриб чиқилди. Амалга оширилган хайрли ишлар қайд этилиб, хато-камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Буни қарангки, 2009 йил якуни бўйича муҳокама қилинган вақтда кўрсатиб ўтилганига қарамай Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари томонидан 2010 йил давомида ҳам даромадларга нисбатан ортиқча маблағ сарфланишига йўл қўйилган. Бунинг натижасида жорий йил 1 январ ҳолатига маблағ танқислиги, шунингдек, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, оромгоҳлар, касаба уюшма бюджети, Санатор-курортлар бошқармаси билан ҳисоб-китоблар бўйича кредитор қарзлар юзага келган.


Раёсат йиғилишида касаба уюшмалари даромадининг асосий манбаини ташкил этувчи аъзолик бадалларининг яна касаба уюшма аъзолари манфаатига йўналтирилиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.


Афсуски, ҳамма жойда ҳам ана шу қоидага тўла амал қилиняпти, деб бўлмайди. Шу билан бирга, айрим тармоқ касаба уюшмалари томонидан аъзолик бадаллари ўз вақтида йиғилмаган. Бундай ҳол Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Навоий, Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари мисолида айниқса яққол кўзга ташланади.
Бозор иқтисодиёти шароитида фаолият юритиш касаба уюшма етакчилари ва фаолларидан давр билан баробар илгарилашни тақозо этмоқда. Бу борада бошқаларга ўрнак бўлаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.


Буни 2010 йил натижаларига асосан касаба уюшма аъзолари ва органлари сони бўйича статистик ҳисоботлар тўғрисидаги таҳлилий ахборотдан ҳам билиб олиш мумкин. Касаба уюшма аъзолари 2011 йил 1 январь ҳолатига 6 миллион 705 минг 129 нафарни ташкил этди ва бу ўтган йилга нисбатан 40 минг нафардан зиёдроққа кўпдир. Бошқача айтганда, бугунги кунда бу йўналишда ўсишга эришилди. Тизимда 35 минг 801 та бошланғич ташкилот, жумладан, 25 минг 652 та касаба уюшма қўмиталари, 10 минг 149 та касаба уюшма ташкилотчилари фаолият кўрсатмоқда.


Эътиборли жиҳатлардан яна бири шуки, бошланғич ташкилотлар раҳбарлари орасида 30 ёшгача бўлганлар салмоғи ўтган йилга нисбатан салкам 2 фоизга ортган. Яъни бугунги кунда 35 минг 801 нафар бошланғич ташкилотлар раислари орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 4 минг 491 нафарга етди.


Раёсат йиғилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси Танзила Нарбаева яна бир муҳим ва долзарб масалага эътиборни қаратди:


-Биз ютуқлардан хотиржамликка берилмаган ҳолда, кўпроқ олдимизда турган навбатдаги устувор вазифалар ижроси мақсадида янада илдамроқ ҳаракат қилмоғимиз зарур, - деди Федерация кенгаши раиси. – Шундагина касаба уюшмаларининг меҳнаткашларнинг том маънодаги ҳимоячиси сифатида тан олинишига эришилади. Модомики, мақсад аъзоларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳурмат-эҳтироми ва эътирофига эришган ҳолда мамлакатимизда энг оммавий жамоат ташкилоти нуфузини ошириш экан, саъй-ҳаракатлар кўлами ҳам шунга яраша бўлмоғи зарур.


Халқ ичига ҳозиргидан-да кўпроқ кириб бориш, бошланғич ташкилотлар ишини фаоллаштириш ва албатта бу жараёнларда мамлакатимизда Мустақиллик йилларида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, бунёдкорлик ишлари замирида мужассам бўлган инсон манфаатлари ва бу борада эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш зарур. Ана шунда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси янада кучаяди.


Касаба уюшмалари фаолиятига тизимли равишда янгича ёндошувнинг ўзига хос амалий ифодасини ёрқин намоён этган мазкур Раёсат йиғилишида айнан бошланғич касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилувчи қатор муҳим меъёрий ҳужжатлар ва Низомлар тасдиқланди. Касаба уюшмалари тизимида маданий-оммавий тадбирларни ўтказишни кўпайтириш ва уларнинг мазмун-мундарижасини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган Низом, “Касаба уюшма органлари тузилмаси ва штатлар жадвалини такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси унитар корхона Устави тўғрисида”ги қарорлар шулар жумласидандир.


“Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тўғрисидаги намунавий Низом” ва “Ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тўғрисида Низом” ҳам ҳудудий ҳамда тармоқ касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, бу орқали аъзоларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.


Раёсат йиғилишида шунингдек, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида “Касаба уюшма органларида “Ишонч телефони” ҳамда ҳуқуқий ёрдам маслаҳат хизматини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.


Юқорида таъкидланганидек, йилларга татигулик долзарб масалаларни қамраб олган Раёсат йиғилишида касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштиришга оид яна қатор меъёрий ҳужжатлар янги таҳрирда қабул қилинди.


Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, улар ижроси бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.



Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi