Insonga naf keltirish - oliy baht!
Все о погоде - Pogoda.uz

Рейтинг@Mail.ru

Давр мавзуси

Нима учун сизга касаба уюшмаси керак?

Gov.uz xabarlari

«Устоз-шогирд» тизими амалда
Эътиборга молик масала 


Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Раёсатининг 2010 йил 28 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси V Қурултойи натижаларига мувофиқ Федерация кенгаши ва аъзо ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тадбирлар» ижросини таъминлаш, шунингдек, Федерация кенгашининг 2011 йил 28 январда ўтказилган II мажлисида долзарб масалалар қаторида кўрсатилган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасидаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан касаба уюшма ташкилотларида муайян ишлар амалга оширилмоқда.


Жумладан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши томонидан мамлакатимиздаги ўрта-махсус ўқув муассасаларида «Устоз-шогирд» тизимини жорий этиш борасида мониторинг олиб бориш йўлга қўйилган бўлиб, республика бўйича 1183 та касб-ҳунар коллежида ўқувчилар «Устоз-шогирд» тизими асосида 3485 та корхона ва ташкилотга бириктирилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар билан касаба уюшма ташкилотлари иштирокида ҳамкорлик шартномалари тузилган. Натижада, 363.023 нафар ўқувчи амалиётни бевосита йирик ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида ўтказиш имкониятига эга бўлиб, 175.928 нафар битирувчининг бўлажак иш жойи ва устози белгиланган.


«Ўзкимёсаноат» компанияси билан ҳамкорликда республикамизда кимё саноати соҳаси учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган 26 та касб-ҳунар коллежи «Қўнғирот сода заводи» УК, «Навоийазот» ОАЖ, «Аммофос-Максам» ОАЖ, «Фарғона азот» ОАЖ каби 11 та йирик корхона ва ташкилотларга бириктирилиб, ҳамкорлик шартномалари тузилган.


«Ўзбектуризм» компанияси билан ҳамкорликда компания тасарруфидаги ташкилотларга 20 та касб-ҳунар коллежининг туризм йўналиши бўйича таълим олаётган 6596 нафар ўқувчилари бириктирилган.


Уларнинг 2014 нафари битирувчилар бўлиб, келгусида уларни ушбу корхоналарда иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши тизимида Алоқа касб-ҳунар коллежи ҳамда Ахборот-технологиялар коллежи мавжуд бўлиб, битирувчилар «Тошкент шаҳар телефон тармоғи», «Тошкент телефон тармоғи станцияси», «Тошкент почтамти», «Шаҳарлараро алоқа корхонаси»да «Устоз-шогирд» тизими асосида амалиёт ўташи режага киритилган. Эътиборли жиҳати, уларнинг асосий қисми мазкур корхоналарга ишга қабул қилинади ҳам.


Таъкидлаш жоизки, олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, мазкур йўналишда сусткашликка йўл қўяётган аъзо ташкилотлар ҳам йўқ эмас.


Хусусан, коллеж битирувчилари ва 2-3-курс ўқувчиларини «Устоз-шогирд» тизими бўйича корхона ва ташкилотларга бириктириш юзасидан аниқ тадбирлар ишлаб чиқилмаган, иш режаларига мазкур муаммоларни ҳал этиш юзасидан бандлар киритилмаган тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма органлари мавжуд.


Мазкур камчиликларни бартараф этиш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасидаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Раёсати томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда ушбу йўналишда қилиниши керак бўлган вазифалар белгилаб берилди.


Жумладан, Федерацияга аъзо ташкилотлар мазкур масала юзасидан қабул қилинадиган тадбирлар режасида бюджет ҳисобидаги ташкилот ва корхоналарда амалиёт ўташга бириктирилган коллеж битирувчилари учун касаба уюшма маблағидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш масаласига эътибор қаратишлари лозимлиги таъкидланди.


Шунингдек, коллежни имтиёзли диплом билан битириб, янги ишга жойлашган ходимлар учун ёрдам сифатида касаба уюшма маблағидан энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилишини жорий этиш керак.


Амалиёт ўташ учун бириктирилган ўқувчиларни ҳамда янги ишга қабул қилинган коллеж битирувчиларини ташкилот ва корхоналарнинг меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказиш, махсус кийим-бош, пойабзал, якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.


Ишга қабул қилинган коллеж битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилишини, уларнинг жамоа шартномалари билан таништирилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.


Қарорда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларига, тармоқ касаба уюшмаси Марказий кенгашларига жорий йилдан бошлаб жойларда қабул қилинаётган жамоа келишувлари ва шартномаларига «Устоз-шогирд» тизимининг самарали ишлашига қаратилган қуйидаги тадбирлар киритилишига эришиш топширилди:


Ёшлар билан ишлаш бўйича комплекс дастур ва уни амалга ошириш тадбирларини ишлаб чиқиш, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларини корхонага жалб этиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда иш олиб бориш, ёш ходимлар, мутахассислар ўртасида касб маҳорати бўйича танловлар ўтказиш, амалиёт ўтаётган ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларига меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида қўшимча имтиёзлар бериш, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатиб, корхонада биринчи йил меҳнат қилаётган ёш мутахассисларга бир марталик тўлов бериш ва қўшимча ҳақ ўрнатиш, сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилган ходимларга пул маблағларини Молия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига киритиш учун фоизсиз ссудалар бериш, ёш йигит-қизларни касаба уюшмалари фаолиятига жалб этиш ишларини олиб бориш, жамоат ишида фаоллик кўрсатганларни мунтазам равишда касаба уюшма қўмитаси томонидан тақдирлаш, ўқувчи ва талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётига раҳбарлик қилишга жалб қилинган юқори малакали ишчилар, раҳбарлар, мутахассислар меҳнатига оширилган миқдорда ҳақ тўлаш кабилар шулар жумласидандир.


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлар Ёшлар кенгашларига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, коллеж раҳбарияти ва иш берувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган уч томонлама шартноманинг амалда қўлланилиши борасида касаба уюшма органларига кўмаклашиш вазифаси топширилди.


Ёшлар кенгашлари битирувчи ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиши, бу борада уларнинг ҳуқуқий онгини мустаҳкамлаш юзасидан молия, банк тизими, ҳуқуқий соҳа вакиллари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинарларни мунтазам равишда ташкил этишлари лозим.


Шунингдек, Ёшлар кенгашларига битирувчиларнинг олий таълимга эга бўлиш, илмий салоҳиятини юксалтириш бўйича мавжуд хоҳиш-истаклари асосида барча олий ўқув юртлари илмий жамоаларининг «Очиқ эшиклар кунлари»ни ташкил этиш каби тадбирларни амалга оширишда иш берувчи, таълим муассасаси раҳбарияти билан бирга бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг иштирокини таъминлаш вазифаси топширилди.

 

 

 

 

 

 


© 2012 O'zbekiston Kasaba Uyusmasi Federatsiyasi