|
Таътил даврида болаларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариши келажакда уларнинг теран фикрлайдиган, жисмонан бақувват инсонлар бўлиб етишишлари, янги ўқув йилида билимларни пухта ўзлаштиришлари, йил давомида ўзларини тетик ва бардам ҳис этишларида муҳим омил саналади. Жорий йилда юртимизда ушбу масъулиятли жараёнга ҳар йилгидагидан ҳам жиддий ва юксак савиядаги тизимли ёндошув асосида тайёргарлик кўрилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнаткашлар, айниқса ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга ишчи-хизматчиларнинг фарзандлари саломатлигини мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш, уларни сифатли соғломлаштириш ва дам олдиришни ташкил этиш йўналишларида ҳам такомиллашув йўлидан борилиб, олдиндаги ёзги соғломлаштириш мавсумини алоҳида тайёргарлик ва пухта шакллантирилган режа билан кутиб олинмоқда. Таъкидлаш зарурки, болаларни ёзги соғломлаштиришни намунали ташкил этиш ва ўтказиш биргина ташкилот ёки идоранинг эмас, балки барча мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллигида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифа эканлигидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик тамойиллари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланилмоқда. Яъни, бу борада қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб ишлаб чиқилган маданий-маърифий тадбирларнинг махсус дастури шулар жумласидандир.
Республикамизда мавжуд болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўғил-қизларнинг таълимдан ташқари бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларнинг қизиқиш ва интилишларини тўғри йўналтиришга хизмат қилувчи мазкур дастурлар доирасида «Мустақиллик менинг тақдиримда» болалар акциясини ўтказиш режалаштирилган. Акция тадбирлари давомида ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият намоёндалари, спорт усталари иштирокида ўтказилувчи қизиқарли учрашув ва суҳбатларда истиқлол йилларида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида эришилган улкан марралар, ютуқ ва натижалар, ёш авлод камолоти йўлида кўрсатилаётган меҳр ва эътиборнинг мазмун-моҳиятини фарзандларимиз онгига содда мулоқотлар тарзида етказилади. Турли спорт мусобақалари, ижодий интеллектуал-беллашувлар, санъат анжуманлари, фестиваллар, кўрик-танловлар ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ва оқилона ўтказиш, уларнинг қобилияти, қизиқишини юзага чиқаришга йўналтирилади. Шу билан бирга спорт-соғломлаштириш, бадиий ижодиёт, турли фанларга оид тўгаракларнинг доимий фаолияти йўлга қўйилади.
Сирасини айтганда болалар соғломлаштириш оромгоҳларига болалар дам олдирилиб, соғломлаштириладиган жойгина деб эмас, балки ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал камолотига ҳисса қўшувчи, улар онгига соғлом турмуш тарзини сингдирувчи, ижтимоий кўникмалар эгалланадиган педагогик маскан сифатида қаралишига эришиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Бу жараёнда сўзсиз, кадрларни тўғри танлаш ва уларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис бу йил болалар соғломлаштириш оромгоҳларини замон талабларига жавоб бера олувчи, етарли даражадаги билим ва тажрибага эга бўлган педагогик, тиббиёт ходимлари билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Яъни, ҳордиқ масканларида энг моҳир ва тажрибали тарбиячи-педагоглар, тўгарак раҳбарлари, маънавият тарғиботчилари, шифокорлар, спорт мураббийлари ва техник ходимларнинг махсус танлов асосида фаолият кўрсатиши йўлга қўйилди. Рақамларга мурожаат этсак, жорий йилда болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 250 минг нафардан зиёд ўғил-қизнинг ҳордиқ чиқариши кўзда тутилмоқда.
Ёзги мавсумда фаолият кўрсатиши режалаштирилган жами 817 та болалар соғломлаштириш оромгоҳининг 221 таси шаҳардан ташқари - стационар туридаги, 595 таси кундузги оромгоҳлардир.
Жорий йилда меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида дам олиш масканларининг моддий-техника негизини мустаҳкамлаш борасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Тошкент вилоятидаги “Қуёшли”, Андижон вилоятидаги “Боғи шамол” болалар соғломлаштириш оромгоҳларида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари бажарилиб, оромгоҳлар мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида мавсумга тайёргарлик, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ҳозирда мавжуд барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларни зарур қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар, технологик ускуналар, ўқув-услубий қўлланмалар ва бадиий адабиётлар, спорт анжомлари каби барча зарурий воситалар билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар самарасини ошириш мақсадида касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ижтимоий шериклик тамойиллари асосида турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, бу йил Оролбўйи болалари дам олдириладиган ҳудудлар географияси кенгайтирилди. Яъни, ушбу минтақадан тўрт минг нафар ўғил-қиз аввалгидек Тошкент шаҳри ва вилоятидаги оромгоҳлардагина эмас, балки Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги энг сўлим ва баҳаво ҳордиқ масканларида ҳам имтиёзли равишда соғломлаштирилади. Шунингдек, мавсумда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган, серфарзанд оилаларнинг фарзандларини соғломлаштириш билан кенгроқ қамраб олинади.
Яна бир янгилик, турли фанлар бўйича муайян ютуқларга эришган 460 нафар иқтидорли болалар касаба уюшмалари томонидан оромгоҳларда бупул соғломлаштирилади. Ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнида оромгоҳларда хавфсизлик ҳамда санитария меъёрлари талабларига оғишмай риоя этилиши чора-тадбирларини кўриш, сифатли ва сарҳил озиқ-овқат, мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлаш масалалари доимий эътиборда бўлмоқда. Бунда амалиётга янги жорий этилган тизим – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси томонидан болалар соғломлаштириш оромгоҳларига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш йўналишидан ҳам самарали натижалар кутилмоқда. Болалар дам олиш масканларида энергетика, коммунал хизмат, автотранспорт, соғлиқни сақлаш каби соҳалар мутахассисларининг туну-кун давомидаги навбатчилигининг ташкил этилиши бу борада юзага келиши мумкин бўлган камчиликларнинг ўз вақтида ва тезкор баратаф этилишини таъминлайди.
Айни кунларда касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масаласига бағишланган ўқув-услубий семинарлар ташкил этилмоқда. Ушбу семинарларни айнан ҳудудларнинг ўзида ўтказишдан мақсад аввало, болаларни соғломлаштириш ишларига масъул бўлган барча бўғиндаги ходимлар ва мутахассисларни тўлиқ қамраб олиш ҳамда улар эътиборига соғломлаштириш тизимида жорий этилаётган янги йўналишларни етказишдир. Яъни, масъул мутасаддиларни Республика миқёсида соғломлаштириш йўналишида амалиётга жорий этилаётган ижтимоий шерикликнинг самарали механизмини жойлардаги барча соғломлаштириш оромгоҳларида татбиқ этишга йўналтиришга эришиш. Шу билан биргаликда мазкур семинарларда ўтган йилги ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш ишларини атрофлича таҳлил этган ҳолда, намунали фаолият кўрсатган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тажрибасини оммалаштириш, амалиётга жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам берилмоқда. Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумига оид тизимли такомиллаштириш ишларидан яна бири – мактаб, лицей ва коллежлар қошида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳлар фаолияти сифатини кескин яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлардир. Бу йил ўтган йиллардан фарқли ўлароқ болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш талабларига жавоб бера олувчи шарт-шароитларга эга бўлган энг яхши бинолардагина кундузги оромгоҳлар ташкил этилади. Чунки, кундузги оромгоҳларда болаларни дам олдиришнинг тўлақонли мазмун касб этишини таъминлаш энг долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда талаб даражасидаги бинолар танланиб, уларнинг оромгоҳ сифатида тўлақонли фаолият кўрсатиши учун тайёргарлик ишлари бормоқда. Муҳими, бу жараён ўқув йилининг шунчаки давомига айланиб қолмаслиги ва ўзига хос маъно ва мазмун касб этиши зарурлигини ҳар бир масъул шахс тўла англаб етиши даркор. Ушбу масалаларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида атрофлича муҳокама этилиб, тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.
Ёзги соғломлаштириш мавсуми ниҳоятда масъулиятли давр. Шу боис фаолият туридан қатъий назар, барча оромгоҳларда ўғил-қизларни жисмоний соғломлаштириш билан бирга уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишларни давр талаби асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бу борадаги ишларнинг барчаси юртимизда ёш авлодни соғлом, юксак маънавиятли, кенг тафаккур эгалари этиб тарбиялаш борасида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши матбуот хизмати
|