Ижтимоий шериклик жамиятнинг барқарорлиги, ривожланиши, самарали ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш имконини беради
Мамлакатимизда Мустақиллик йилларида иқтисодиёти барқарор ривожланаётган очиқ демократик ҳуқуқий давлатни, инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият деб тан олинган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бу жараён жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилди.Ўзбекистонда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципининг босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида фуқаролик жамиятининг турли институтлари шаклланиши ва айни пайтда тўхтовсиз ривожланиши учун қулай шароит яратилди. Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият соҳасига тааллуқли икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги фикримизни тасдиқлайди.
Мамлакатимизни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини кучайтириш, демократлаштириш бўйича қўйилган мақсадларни амалга ошириш фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ҳамда юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг пухта ўйланган сиёсатини амалга ошириш натижасида бугун мамлакатимизда ижтимоий шерикликнинг турли шакллари ривожланиши ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилиши учун тегишли шарт-шароитлар яратилди.
Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтириш учун янада кенг имкониятларнинг ҳуқуқий негизини яратади.
Таъкидлаш зарурки, ижтимоий шериклик ижтимоий консенсусга эришишга йўналтирилган бўлиб, жамиятнинг барқарорлиги, ривожланиши, самарали ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш имконини беради.
Концепцияда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу Қонунда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал қилиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоялашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги аниқ чегараларни белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш каби масалалар бўйича ҳуқуқий нормалар кўзда тутилиши даркорлиги аниқ ва равшан кўрсатиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойишига мувофиқ «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича эксперт гуруҳи таркиби тасдиқланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати сенаторлари, Адлия вазирлиги, Тошкент Давлат юридик институти олимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши мутахассисларидан таркиб топган эксперт гуруҳи томонидан аввало мавжуд қонунчиликни ўрганиш, ижтимоий шериклик тамойилларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқлаш, ижтимоий шериклик соҳасидаги ҳуқуқий амалиёт тажрибаси таҳлили йўналишларидаги ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, ижтимоий шериклик соҳасида умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларини таҳлил этиш, хорижий мамлакатларнинг ижтимоий шерикликни қонунчилик асосларига биноан тартибга солиш тажрибаси ўрганилди. Ижтимоий шериклик йўналишида хориж тажрибасини ўрганиш натижалари дунёнинг кўпгина мамлакатлари, хусусан, Белгия, Германия, Франция, Австрия, АҚШ каби давлатларда ижтимоий шериклик тизимининг унумли ишлаши учун меъёрий база яратилганлигини кўрсатди.
Дарвоқе, Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари таклифларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур Қонун лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунчилигига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги ўрганилиб, ҳуқуқий экспертиза ўтказилди. Шунингдек, Қонун лойиҳасининг Концепцияси ишлаб чиқилди.
Мазкур Қонун лойиҳаси ва Концепцияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатларида жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида фуқаролик жамияти институтлари, бошқарув ва ижро ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 2 босқичдан иборат муҳокама мажлислари ўтказилиб, уларда жами 1,5 минг нафардан ортиқ фуқаролар, 50 дан зиёд йўналишларда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Мажлислар доирасида ўтказилган ижтимоий сўров натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлар, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ижтимоий шериклик даражаси ўрганилди. Шунингдек, мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тўпланди.
Ўтказилган муҳокама мажлислари ва ижтимоий сўров натижасида Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича 200 дан зиёд таклифлар олинди. Мазкур таклифлардан келиб чиққан ҳолда Қонун лойиҳасига қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилиб, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида амалга ошириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш Комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Маълумки, касаба уюшмалари фаолиятининг асосини ижтимоий шериклик тамойиллари ташкил этади. Чунки ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси ишларининг самарадорлиги айнан ижтимоий шерикликнинг амалда қай даражада ўз ифодасини топаётганига боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида 2011-2013 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувда ижтимоий масъулиятни давлат, иш берувчилар ва ходимлар ўртасида бундан буён ҳам тақсимлаб бориш тан олинган. Ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлаб туришда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ижтимоий шериклик тамойиллари амалга оширилиши акс этган. Ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий тамойилларини белгилаб берувчи мазкур Бош келишувда Тарафлар қуйидаги йўналишлар бўйича мажбуриятлар олганлар:
- иқтисодиётни, мамлакатда ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш;
- меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадлар ва турмуш даражаси;
- меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш;
- меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги;
- ижтимоий кафолатлар, ижтимоий ҳимоя;
- маънавий-маърифий тадбирлар, жисмоний тарбияни оммалаштириш ишлари, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш;
- ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш.
— Бугунги кунда ижтимоий шериклик доирасида амалга оширилиши мақсад қилинган мазкур йўналишдаги мажбуриятлардан келиб чиқадиган тадбирларнинг жойларда жамоа шартномалари ва келишувлари воситасида амалга оширилишига касаба уюшмалари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тасдиқланган эксперт гуруҳи раҳбари Танзила Нарбаева. — Хусусан, амал қилаётган 14 та ҳудудий, 81 та тармоқ келишувлари, бевосита корхоналарда имзоланган 115 мингдан зиёд жамоа шартномалари орқали 6 миллион нафардан зиёд ходимнинг манфаатлари ҳимояланмоқда. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси кучайтирилиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Аёллар учун қўшимча таътиллар олиш, иш берувчилар ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари бўйича узайтирилган таътиллардан фойдаланиш, 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган оналарнинг моддий ёрдам олишлари каби имкониятлар яратилмоқда.
Айниқса, бу борада нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари тузилишига эришиш масаласи Федерация кенгашининг доимий диққат марказида бўлмоқда. Натижада юқорида қайд этиб ўтилган имтиёзлардан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали нодавлат секторида фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар.
Ижтимоий шериклик самарасининг амалдаги яна бир ёрқин ифодасини корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган жамоа шартномалари бажарилишига бағишланган муҳокамаларда ҳам кўриш мумкин. Бундай муҳокамалар жараёнида бевосита ижтимоий шериклар — иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари каби йўналишлар бўйича имтиёз ва қулайликларнинг амалдаги ижроси тўғрисида ҳисобот бердилар. Бу орқали корхона ва ташкилотлар, улардаги касаба уюшма қўмиталари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ҳам таъминланишига эришилмоқда.
Касаба уюшмаларининг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт йўналишидаги ишларида ижтимоий шериклик имкониятларидан унумли фойдаланишнинг аниқ ва тизимли механизмини йўлга қўйиш мақсадида Федерация кенгаши томонидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан йиллик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва икки тарафлама қабул қилиш амалиёти жорий этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда қабул қилинган Мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий маданият тарғиботини кучайтириш юзасидан 2011-2012 йилларда амалга ошириладиган қўшма тадбирлар дастури шулар жумласидандир.
Дастур доирасида касаба уюшмалари тизимида мавжуд санаторийларда фертил ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари бошланди. Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган «Умид гулшани» санаторийсида 70 нафар туғиш ёшидаги аёллар имтиёзли равишда соғломлаштирилди. Улар «Соғлом она — соғлом бола» тамойили асосида чуқурлаштирилган комплекс тиббий кўрикдан ўтказилди. Малакали шифокорлар томонидан қўйилган аниқ ташхисларга мувофиқ физиотерапия, йод-бром таркибига эга бўлган маъданли сувлар, даволаш жисмоний тарбияси каби шифо усулларини ўз ичига олган муолажалар ўтказилди. Соғломлаштириш жараёнида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва соғлом оилани шакллантириш, соғлом фарзандлар дунёга келиши ва баркамол авлодни вояга етказиш йўналишидаги ишлар самарасини ошириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Саломатлик ва тиббий статистика институти билан ҳамкорликда «Ижтимоий шериклик тамойиллари асосида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш» мавзуида семинар ташкил этилди.
Ижтимоий шерикликка асосланган яна бир ҳужжат — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан имзоланган 2011-2012 йиллар учун қўшма тадбирлар режаси асосида жойларда ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари яратилаётган янги иш ўринларида меҳнат қилаётган фуқароларнинг меҳнат ва меҳнат муҳофазасига оид ҳуқуқлари, улар учун белгиланган қўшимча кафолатлар, меҳнат ва дам олиш шароитлари таъминланганлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганилиб, бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, корхона ва ташкилотлардаги меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати устидан белгиланган тартибда давлат ва жамоат назорати амалга оширилмоқда.
Болаларни ёзги соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий шериклик йўналишида янгича ёндашув асосида амалиётга жорий этилган тизимдан ҳам ижобий натижалар кутилмоқда. Хусусан, Республика ҳудудларида 15-17 ёшли болалар учун ташкил этилиши режалаштирилган Меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолиятини йўлга қўйишда «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигидан унумли фойдаланилмоқда.
Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида жойларда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими Марказлари билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тегишли корхона ва ташкилотларга «Устоз-шогирд» йўналишида бириктириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим ва фан тармоғи бўйича 1183 та касб-ҳунар коллежида ўқувчилар «Устоз-шогирд» тизими асосида 3485 та корхона ва ташкилотга бириктирилди. Улар билан касаба уюшма ташкилотлари иштирокида ҳамкорлик шартномалари тузилган. Натижада 363 минг нафардан зиёд ўқувчи амалиётни йирик ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида ўтказиши асносида 176 минг нафарга яқин битирувчининг бўлажак иш жойи белгиланди. Алоқа ходимлари тармоғи йўналишида Алоқа касб-ҳунар коллежи ҳамда Ахборот технологиялар коллежи битирувчилари «Тошкент шаҳар телефон тармоғи», «Тошкент телефон тармоғи станцияси», «Тошкент почтампти», «Шаҳарлараро алоқа корхонаси»да «Устоз-шогирд» тизими асосида амалиёт ўташи билан биргаликда уларнинг асосий қисми мазкур корхоналарга ишга қабул қилиниши юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси кенгаши билан ишлаб чиқилган қўшма тадбирлар дастурлари ҳам ижтимоий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилгандир.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлайди.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши
Матбуот хизмати раҳбари
















