Касаба уюшмаси стипендияси топширилди
Истеъдодли, жамоат ишларида фаол қатнашган бир гуруҳ талаба ва ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчиларига Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши стипендиялари ва эсдалик совғалари топширилди.— Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш учун юртимизда катта ишлар амалга оширилмоқда, — деди кенгаш раиси Нурилла Насимов.
- 1998 йил 25 ноябрдаги раёсат қарорига асосан шаҳар ҳудудида жойлашган олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ўқиётган истеъдодли, жамоат ишларида фаол қатнашаётган талаба ва ўқувчиларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш учун 10 та стипендия таъсис этилган эди. 2007 йилдан бошлаб эса уларнинг олаётган стипендияларига энг кам иш ҳақининг 12 баробари миқдорида маблағ қўшиб бериладиган бўлди. Ўрта махсус ўқув юртларининг 20 нафар ўқувчиларига қимматбаҳо совғалар топшириб келинмоқда. Шу кунгача 134 нафар талаба Кенгашимиз стипендияси соҳиби бўлди.
Тадбирда 5 нафар олий ўқув юртлари талабаларига «Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши стипендиати» гувоҳномаси ва 10 нафар ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчиларига эсдалик совғалари топширилди..
Ғанихон Бўронов Тошкент Молия институтининг 3-курс талабаси. У ёш бўлишига қарамай амалиётда қўлласа арзийдиган бир неча молиявий дастурлари билан устозлари назарига тушган. Истиқлол йилларида ўанихон сингари ёшларимизни қўллаб-қувватлаб, имкониятларини намойиш этишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.
- Бу каби тадбирлар биз ёшларни истиқлолимизни мустаҳкамлаш йўлида янада ғайрат билан изланиш, мамлакат учун зарур мутахассис бўлиб етишишга ундайди, — дейди у. — Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида ана шундай стипендияга муносиб топилганим менинг учун икки карра қувонч бахш этди.
















