“Истиқлол ғунчалари” истеъдодларни кашф этди
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда ишчи-хизматчилар ва уларнинг фарзандлари маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилди. Корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат жамоаларида ходимлар ўртасида ташкил этилаётган Маънавият соатлари, маънавий-маърифий йўналишларда ташкил этилаётган давра суҳбатлари шулар жумласидандир. Бундай тадбирлардан кўзланган мақсад мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқ ва муваффақиятлар, замирида инсон манфаатлари мужассам бўлган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар онгига самарали етказишга эришишдир.
Бунда айниқса, корхона ва ташкитлотлардаги бошланғич касаба уюшмалари имкониятлари кенгайтирилди. Ушбу йўналишлардаги ишларни тўғри ташкил этишларига услубий ёрдам сифатида улар учун касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан “Маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш тўғрисида Низом” ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида ҳамда корхона ва ташкилотлар қошида 59 та маданият муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда мавжуд 294 та бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг 204 таси болалар бадиий жамоаларидир. Мазкур бадиий жамоаларга 5 минг нафарга яқин болалар жалб этилиб, уларнинг бўш вақтларини тўғри ва мазмунли ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан касаба уюшмалари тизимидаги маданият муассасаларининг болалар бадиий жамоалари ўртасида илк маротаба ташкил этилган “Истиқлол ғунчалари” кўрик-танлови энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилди.
Унда мазкур кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари бўлган 218 нафар ўғил-қизлар иштирок этдилар. Улар санъатнинг 7 та йўналиши – вокал ижрочилиги, анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка ва ансамль чолғу ижрочилиги, миллий созандачилик, якка рақс ижрочилиги ва жамоа рақси ижрочилиги бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Кўрик-танлов ғолибларини аниқлаш чоғида уларнинг ижрочилик маҳорати, куй-қўшиқларнинг мазмуни, долзарблиги, саҳна маданияти эътиборга олинди.
Кўрик-танлов ғолиблари ва ҳар бир иштирокчи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Дипломлари ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Кенгаши Матбуот хизмати
















