“Энг намунали бошланғич касаба уюшма ташкилоти” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан тизимда амалга оширилаётган такомиллашув жараёнида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаоллигини янада ошириш, бу орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, маънавиятларини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш зарурки, соҳани ислоҳ этиш асносида бу борада тизимли ишлар амалга оширилди. Бунда энг йирик ва оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” дастурул амал бўлмоқда.
Бугунги кунда Республикамизнинг ҳар бир ҳудудидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар ҳамда касаба уюшма қўмиталари ўртасида ижтимоий шериклик асосида тузилаётган жамоа шартномалари сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда уларга ходимлар учун имтиёз ва кафолотлар яратувчи қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу йўналишларда амалга оширилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлигини янада ошириш, эришилаётган натижаларни мустаҳкамлаш, айниқса, кўпмиллионли аъзога эга бўлган жамоат ташкилоти ҳисобланган касаба уюшмалари имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда меҳнаткашлар, хусусан, ёшлар ва аёлларга Мустақиллик йилларида инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва муваффақиятлар, бунёдкорлик ишларини етказиш Федерация Кенгашининг доимий диққат марказида бўлмоқда.
Тизимдаги такомиллашув натижасида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфатларини ҳимоялашда муҳим ўрин тутувчи бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг молиявий имкониятлари кенгайтирилди. Натижада, ҳар йили ҳар йили соғломлаштириладиган ходимлар сони 10 минг нафарга ортди. Меҳнаткашлар учун илгаригидек ҳар 5 йилда бир маротаба эмас, ҳар 3 йилда бир марта касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли равишда саломатликларини мустаҳкамлаш имконияти яратилди.
Инсонга наф келтириш йўлида намунали фаолият олиб бораётган касаба уюшма қўмиталари ишини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат кишиси манфаатлари йўлидаги фаолиятини янада кучайтириш, бошқа касаба уюшма қўмиталари ўртасида тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ўтказилди. Кўрик-танлов натижалари энг улуғ, энг азиз байрамимиз - Ватанимиз Мустақиллигининг 20 йиллиги кенг нишонланаётган шукуҳли кунларда сарҳисоб қилинди.
Кўрик-танлов тизимдаги такомиллашув жараёнларига ҳамоҳанг равишда тубдан янгиланган шартлар асосида ташкил этилди. Унда иштирок этган бошланғич ташкилотлар фаолияти Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика комиссияси томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, ташкилий масалалар, тарғибот-ташвиқот соҳалари бўйича ўрганилиб, чуқур таҳлил этилди.
Бунда айниқса, бошланғич ташкилотнинг ходимлар муаммоларини ҳал этишда эришган аниқ натижалари, улар учун яратилган меҳнат шароитлари, касаба уюшма ташкилотининг янги иш ўринларини ташкил этишдаги иштироки, жамоа шартномасини тузиш қоидаларига риоя этилганлиги ва унинг мазмуни қонун ҳужжатларига мослиги масалалари асосий мезонлардан бири бўлди.
Шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларда ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини йўлга қўйишдаги иштироки, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўтказилган тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга олинди.
Жорий йилнинг май-июль ойларида мазкур кўрик-танловнинг туман, шаҳар, вилоят, республика тармоқ босқичлари ўтказилиб, уларда сараланган 9 та бошланғич касаба уюшма қўмитаси финал босқичида иштирок этдилар. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика комиссияси томонидан тармоқлар хусусиятларини инобатга олган ҳолда саноат ва ижтимоий соҳа йўналишларида ғолиблар аниқланди.
Саноат соҳаси бўйича Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги “Максам-Чирчиқ” очиқ акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти 352 балл тўплаб, 1-ўринни қўлга киритди.
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги “Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти 301 балл тўплаган ҳолда 2-ўринга муносиб деб топилди.
Пойтахтдаги “Ўзаэронавигация” маркази бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти 270 балл билан 3-ўринга сазовор бўлди.
Ижтимоий соҳа йўналишида Хоразм вилоятидаги Хонқа туман тиббиёт бирлашмаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти биринчи, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 53-умумтаълим мактаби бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти иккинчи, “Агробанк” очиқ акциядорлик тижорат банки Бухоро вилоят бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Кўрик-танловда иштирок этган бошланғич касаба уюшма қўмиталари 3 та номинация бўйича ҳам рағбатлантирилдилар. Хусусан, “Ходимлар учун ташкил этилган намунали маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари” номинацияси бўйича Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги “Қуюв-механика заводи” шўъба корхонаси, “Ходимларнинг муаммоларини ҳал этишда эришган аниқ натижалари” номинацияси бўйича “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг “Бош коммутация маркази” филиали, “Ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини йўлга қўйишда касаба уюшма ташкилотининг фаол иштироки” номинацияси бўйича Андижон вилоятидаги “Асака ёғ-мой” очиқ акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирландилар.
Кўрик-танлов ғолиблари бўлган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан I-, II- ва III- даражали диплом ва компютер жамламаси билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати
















