Соғлом авлод камолоти йўлида
Мамлакатимизда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми ниҳоясига етди. Жорий йилда бу борада эришилган натижалар қандай?
Таъкидлаш зарурки, ёз мавсуми давомида 266 минг 297 нафар ўғил-қизнинг Республика миқёсида фаолият кўрсатган 902 та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида мазмунли ҳордиқ чиқариши билан бирга, маънавий-интеллектуал ривожланиши таъминланди.
Жорий йилда ўтган йиллардан фарқли равишда илк маротаба Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён қўрғонида янги барпо этилган “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида “Ёзги интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи” ташкил этилиб, “Билимлар беллашуви” танловининг республика босқичи ғолиби бўлган 460 нафар ўқувчи бепул соғломлаштирилди. Уларнинг мазкур оромгоҳда дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари билан бирга, билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида фан, адабиёт, санъат арбоблари иштирокида “Мастер класс” дарслари ташкил этилди.
Республикамизнинг қолган вилоятларида ҳам маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда худди шундай болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилиб, уларда 1300 нафарга яқин ўғил-қиз имтиёзли асосларда соғломлаштирилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, бу йил Оролбўйи болалари имтиёзли асосларда соғломлаштириладиган ҳудудлар географияси кенгайтирилди. Мавсум давомида 5 минг 941 нафар Оролбўйи болаларининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари билан бирга Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда соғломлаштирилиши таъминланди. Шу билан бирга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг мазмунли ҳордиқ чиқаришларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларда тарбия топаётган 2 минг 443 нафар бола бепул соғломлаштирилди.
Оромгоҳлар йўлланмаларининг 30 мингтаси касаба уюшмалари, корхона ва ташкилотлар томонидан кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандларини бепул соғломлаштиришга йўналтирилди.
Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида янгича ёндошув асосида амалга оширилган ишлардан яна бири Республикамиз ҳудудларида 13 та ҳарбий-спорт оромгоҳининг ташкил этилиши бўлди. Уларда 1020 нафар ўсмирларни соғломлаштириш билан бирга, жисмоний ривожлантириш дастурлари ҳам амалга татбиқ этилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Сирдарё вилоятлари, Тошкент шаҳридаги корхоналар, Навоий кон-металлургия комбинатида юқори синф ўқувчилари учун 19 та Меҳнат ва роҳат оромгоҳлари ташкил этилди. Уларга жалб қилинган 2500 нафарга яқин ўғил-қизда меҳнатга бўлган муносабатни тўғри шакллантириш мақсадида атроф-муҳит озодалиги ва ободлиги, она замин неъматлари бўлган мева ва сабзавотлар ҳосилини йиғиш ишлари билан билан қамраб олинди.
Республика миқёсида соғломлаштириш билан янада кўпроқ болани қамраб олиш, дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида жорий йилда оромгоҳларга жалб этилган болалар сонининг кескин ортишига эришилди. Ушбу мақсадларда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар имкониятларидан унумли фойдаланилиб, уларда 1000 нафар ўғил-қизнинг мазмунли ҳордиғи таъминланди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ташкил этилган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари Ватанимиз Истиқлолининг 20 йиллигига бағишланиб, “Буюк ва муқаддассан, Мустақил Ватан” шиори остида ўтказилди. Шунингдек, оромгоҳларда “Мустақиллик менинг тақдиримда” номли болалар акцияси ташкил этилиб, акция тадбирлари доирасида таниқли шоир ва ёзувчилари, адабиёт ва санаъат намоёндалари, машҳур спортчилар, меҳнат фахрийлари иштирокида ўтказилган учрашув ва давра суҳбатларида болалар онгига Мустақиллик йилларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларимиз, бунёдкорлик ишларининг мазуман моҳияти сингдирилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Мавсум давомида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш масаласи Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Мувофиқлаштирувчи гуруҳи, Республика болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш комиссияси ва ҳудудий комиссияларнинг доимий эътиборида бўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси кенгаши Матбуот хизмати
















