Ватанимиз Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон велоспорт Федерацияси, Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Kamolot – TUR” IV ёшлар веломарафонининг Республика босқичи жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Унда танловнинг вилоят босқичида ғолиб бўлган ҳаваскор велоспортчилар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари, машҳур спортчилар, таниқли санъаткорлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчи ва фаоллари иштирок этдилар.
“Kamolot – TUR” IV ёшлар веломарафонини ўтказишдан мақсад – ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларни спортга оммавий равишда жалб қилиш, улар ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўсмир ёшлар ўртасида мазкур спорт турига қизиқишни ошириш ҳамда экологик тоза транспортни оммалаштиришдан иборат. Зеро, бугунги кунда атмосферани ифлослантирувчи манбалардан бири бу транспорт воситалари бўлиб, маълумотларга кўра шаҳар атмосфераси ифлосланишининг 40 фоизи айнан автомобиллар ҳиссасига тўғри келади.
Шу боис бу йилги веломарафоннинг 5-12 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида бўлиб ўтган саралаш босқичларининг юқори савияда ўтказилишига алоҳида эътибор берилди. Унда велоспортга қизиқувчи 1500 нафардан зиёд болалар ва ўсмирлар иштирок этиб, улар орасидан уч ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган ҳаваскор велоспортчилар республика босқичига йўлланма олдилар.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, мусобақанинг ҳудудий босқичларида 100 нафардан велопойгачилар иштирок этиши кўзда тутилган бўлса-да, бу кўрсаткич баъзи ҳудудларда, хусусан, Бухоро вилоятида 150 нафар, Навоий вилоятида 300 нафар, Самарқанд вилоятида 400 нафарни ташкил этди. Бу эса мусобақанинг кескин рақобат муҳитида ўтишига замин яратди.
Маррага биринчи бўлиб етиб келган ва фаоллик кўрсатган велопойгачиларга ҳамкор ташкилотлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Хусусан, велопойганинг Тошкент вилояти босқичида барча ёш тоифасидаги иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 50 дан зиёд велосипед совға қилинди.
Ҳаракатланиш давомида жойлардаги таниқли спортчилар, санъаткорлар ва маданият ходимлари иштирокида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган акциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, мастер-класс ва бошқа бир қатор маданий тадбирлар ҳам ўтказилди.
Веломарафон мусобақасининг ҳудудий босқичларида уч турдаги ёш тоифаси бўйича биринчиликни қўлга киритган велопойгачилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан иштирок этиш истагини билдирган 200 нафардан зиёд велоспорт ишқибозлари билан биргаликда 17 сентябрь куни пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги “Роҳат” постидан “Ёшлик-Камолот” спорт мажмуасигача бўлган 16 километрлик масофани босиб ўтиб, маррага кириб келдилар.
Веломарафоннинг тақдирлаш маросими ўтказилган “Ёшлик-Камолот” спорт мажмуасида веломусобақа ғолиблари ва унда фаол иштирок этган велопойгачилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва ҳамкор ташкилотлар фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилдилар. Хусусан, уч турдаги ёш тоифаси бўйича биринчиликни қўлга киритган велопойгачилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан профессионал велосипедлар билан тақдирландилар.
















