Ўзбекистон бахтиёр болалар мамлакати
Бу йилги болаларни ёзги соғломлаштириш ишлари тубдан янгича ёндошув асосида амалга оширилди. Республика Ҳукумати, Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика комиссияси, мувофиқлаштирувчи гуруҳлар томонидан мавсумнинг ҳар томонлама намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ички ишлар, тиббиёт, коммунал-маиший соҳалар ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилди. Янгича ёндошув асосидаги тизимли ишлар натижасида соғломлаштирилган болалар сони ҳам, соғломлаштириш сифати ҳам сезиларли даражада ортди ва мавсум давомида 266 минг нафар ўғил-қиз соғломлаштирилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликлар маблағларидан қўшимча равишда 3000 нафар бола оромгоҳларга жалб этилди.
Ҳамкорликдаги амалий ишлар натижасида режадаги 817 та ўрнига амалда 902 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти ташкил этилди, шу жумладан 221 та шаҳардан ташқари оромгоҳлар фаолият кўрсатди.
Мавсум давомида кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини соғломлаштириш билан имтиёзли равишда қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилди. Улар учун 30 мингтадан зиёд йўлланмалар бепул ажратилди. Меҳрибонлик уйларидан 2,5 минг нафарга яқин бола бепул соғломлаштирилди.
Мавсумнинг яна бир янгилиги – Оролбўйи болалари учун ҳар галгидек Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги оромгоҳларгина эмас, Жиззах, Самарқанд вилоятларидаги энг яхши болалар оромгоҳлари ҳам ўз қучоғини очди. Натижада 6 минг нафарга яқин Оролбўйи болалари имтиёзли асосларда соғломлаштирилиб, режа 148,5 фоизга амалга оширилди.
Оромгоҳлардаги тарбиявий ишлар сифатини ҳам сезиларли даражада оширишга эришилди. Хусусан, оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари сифатида эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятларини ошириш йўналишларида ҳам иш олиб борди.
Масалан, Федерация кенгаши томонидан Бўстонлиқ туманида янги барпо этилган “Қуёшли” оромгоҳида “Ёзги интеллектуал ривожланиш оромгоҳи” ташкил этилди. Унда 460 нафар иқтидорли болаларни имтиёзли соғломлаштириш учун 115 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам худди шундай 11 та оромгоҳнинг фаолият кўрсатишига эришилди.
Шунингдек, 13 та ҳарбий спорт оромгоҳлари ташкил этилиб, уларда 1020 нафар ўсмирлар ҳордиғи таъминланди.
Федерация Кенгаши томонидан Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус дастур асосида оромгоҳларда Ватанимиз Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган “Мустақилик менинг тақдиримда” болалар акциялари ўтказилди. Ҳар бир ормгоҳ зарурий услубий қўлланмалар ва кўргазмали материаллар билан таъминланди.
Жорий йилда ўсмир ёшидаги ўғил-қизларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариш билан бирга фойдали меҳнатга бўлган кўникмаларини ошириш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 19 та “Меҳнат ва ҳордиқ” оромгоҳлари ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика комиссияси томонидан илк бора ташкил этилган мазкур Форум ҳам болаларни оромгоҳларда соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган.
Тадбирда Республика бўйича энг яхши деб топилган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, уларда фидоийлик билан меҳнат қилиб, фарзандларимизга беминнат хизмат кўрсатган турли соҳа ходимлари, оромгоҳлар фаолиятини намунали ташкил этишда ҳамкорлик кўрсатган вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, ҳомий ташкилотлар муносиб тақдирланди. Бундан кўзланган мақсад -- мавсум давомида ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатган инсонларни оз бўлсада моддий ва маънавий рағбатлантириш ва янги муваффақиятларга руҳлантиришдир.
Шу мақсадда Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика комиссияси томонидан “Бахтиёр болалар мамлакати” махсус мукофоти таъсис этилди. “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг ғамхўр тарбиячи”, “Энг яхши тиббиёт ходими”, “Энг фаол етакчи”, “Энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Энг чаққон спорт мураббийи”, “Энг яхши пазанда”, “Энг фаол ички ишлар идоралари ходими”, “Энг ғамхўр хомий”, “Энг ташаббускор оромгоҳ ташкилотчиси”, “Энг жонкуяр ҳоким”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг яхши ҳамкор” номинациялари жорий этилди.
Республика миқёсида энг яхши деб топилган 19 та оромгоҳ ҳамда юқоридаги номинациялар ғолибларига махсус дипломлар ва “Бахтиёр болалар мамлакати” мукофоти топширилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда тегишли вазирликлар, идора ва ташкилотларсовғалари билан рағбатлантирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг бу борадаги барча саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишга қаратилган.
Муҳаббат Ўрмонбекова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати
















