ЎЗБЕКИСТОН, СЕНИ КУЙЛАЙМАН
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан биргаликда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш, маданий-маърифий тадбирларга жалб этиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Бу йўналишлардаги ишларда бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолиятини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, қатор услубий ва меъёрий ҳужжат ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Айниқса, корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш тизимининг яратилиши, улар учун маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш тўғрисида Низом ишлаб чиқилиши бу борадаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш имкониятини яратди.
Касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишдан мақсад аввало, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида меҳнаткашларнинг халқ ижодиёти ва санъат соҳасидаги салоҳиятларини юзага чиқариш, қобилиятларини намоён этиш борасида яратилаётган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда улар орасидан истеъдодларни кашф этишдир.
Ватанимиз Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ўзбекистон, сени куйлайман” санъат фестивали ҳам бугунги кун талаблари ва касаба уюшмалари тизимидаги такомиллашув жараёнларига ҳамоҳанг равишда янгича мазмун ва шаклу шамойил асосида ташкил этилди.
Энг муҳими, ушбу тадбир “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” ғоясини мужассам этган ҳолда республикамизнинг ҳар бир ҳудудида аввало корхона, ташкилот ва муассасалар, сўнгра туман, шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилиб, барча соҳа ходимлари қамраб олинди.
Натижада мазкур санъат фестивалида санъатга ошуфта бўлган ҳар бир меҳнаткашнинг иштирок эта олиши учун кенг имконият яратилди ва унда 20 минг нафардан зиёд меҳнаткаш ўз қобилияти ва иқтидорини синаб кўрди. Улар санъатнинг мақом, анъанавий ижрочилик, эстрада, якка рақс, жамоавий рақc, якка чолғу ва ансамбль ижрочилиги йўналишларида иштирок этдилар.
Санъат фестивалининг Республика босқичига чиқишга эришган 158 нафар иштирокчи улар орасидан саралаб олинган энг яхши ижрочи ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларидир. Улар томонидан намойиш этилган 52 та бадиий ҳаваскорлик чиқишлари йиғилганларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди.
Мазкур санъат фестивалини ташкил этишдан кўзланган мақсад эса ягона – меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар онгида Истиқлол ғояларига садоқат, Она Ватанга муҳаббат туйғуларини кучайтириш, ёт иллатларга қарши ммунитетини ошириш ва бўш вақтларини тўғри ташкил этиш орқали уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Кенгаши Матбуот хизмати
















