КОЛЛЕЖ БИТИРУВЧИЛАРИ БАНДЛИГИ
умум эътиборидаги масала
Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, жаҳон ҳамжамияти томонидан “ўзбек модели” деб эътироф этилган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш замирида инсон ва унинг манфаатлари ётади. Фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлган Ўзбекистон касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ҳам инсонларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, улар меҳнатини муҳофаза этиш, саломатликларини мустаҳкамлаш каби йўналишлардан иборатдир.
Бугунги кунда энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланган касаба уюшмалари фуқаролик жамиятининг асосий кучларидан бири сифатида меҳнат аҳли, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, миллий ўзликни англаш, юксак маънавиятни шакллантириш йўналишларида янгича ёндошув асосидаги тизимли ишларни амалга оширмоқда. Зеро, касаба уюшмалари жамоатчиликнинг, айниқса, меҳнат жамоаларининг манфаатларини ҳимоялаш, улар кайфияти, қарашлари, нуқтаи назарларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йилда Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йил иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш долзарб вазифалар қаторида белгилаб олинган эди. Бугунги кунда бу борада касаба уюшмалари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг Раёсат қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, тармоқ касаба уюшмалари Марказий кенгашлари томонидан жойларда қабул қилинаётган жамоа келишувлари ва шартномаларига “Устоз-шогирд” тизимининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида қатор янги тадбирларни киритиш ва амалиётга жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Амалиёт ўтувчи ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларига меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида қўшимча имтиёзлар бериш, корхонада биринчи йил меҳнат қилаётган битирувчилар – ёш мутахассисларга бир марталик тўлов бериш ва қўшимча ҳақ ўрнатиш, ёш ходимлар, мутахассислар ва бошқа ишчи-хизматчилар ўртасида касб маҳорати бўйича танловлар ўтказиш каби тадбирлар шулар жумласидандир. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда устозликка бириктирилган ходимлар учун рағбатлантириш тизимининг жамоа шартномаларига киритилиши ва бу орқали шогирдлар билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари тармоғида тизимдаги корхона ва ташкилотларда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ёшларга амалиёт ўташлари учун хавфсиз меҳнат шароитлари таъминлаш, амалий-услубий ёрдам кўрсатиш ишлари билан бирга келгусида иш билан таъминланишлари кафолатланмоқда. “Ўзкимёсаноат” компанияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида кимё саноати соҳаси учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган 26 та касб-ҳунар коллежлари “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси, “Навоий азот”, “Аммофос-Максам”, “Фарғона азот” очиқ акциядорлик жамиятлари каби 11 та йирик корхона ва ташкилотларга бириктирилди.
Тошкент шаҳар 2-Республика тиббиёт коллежи битирувчиларида касб маҳоратини ошириш ва бандлигини таъминлаш борасида бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан доимий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Натижада тизимдаги муассасаларга бириктирилган 3-босқич талабаларининг аксариятини Республика Нейрохирургия маркази, “Новофарма плюс” ишлаб чиқариш корхонаси, “Гербел” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси, 1-шаҳар болалар клиник шифохонаси, “Галеника” ишлаб чиқариш корхонаси, 77-марказий дорихона каби корхона ва муассасалар томонидан ишга қабул қилиниши билдирилди. Шунингдек, битирувчилардан З.Бегалиева “Жавоҳир стом” масъулияти чекланган жамиятига, К.Крутелев “Здоровье всем” масъулияти чекланган жамиятига ишга қабул қилинган.
- Жорий йилда 2900 нафарга яқин 2-3-босқич талабаларимиз 39 та тиббиёт муассасаларига “Устоз-шогирд” йўналишида бириктирилдилар, - дейди 2-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси Гўзал Искандарова. – Улар амалиёт жараёнларида ўз билим ва маҳоратларини синадилар. Муассасаларда бевосита даволаш муолажаларини амалга ошириш жараёнида шогирдларнинг ўз касбларига меҳрлари ортган бўлса, устозлар томонидан талабалардаги иқтидор ва билим даражаси синовдан ўтиши билан бирга, улардаги истеъдод қирралари ҳам очилди. Айниқса, “Чинобод” санаторийсида уларнинг устозлар кўмагида физиотерапия муолажаларини мустақил амалга оширишлари, “Новофарма плюс” масъулияти чекланган жамиятидаги дори-дармон ишлаб чиқариш жараёнларидаги иштироклари улар учун мустақил ҳаётдаги фаолиятга илк қадам вазифасини ўтади.
Таъкидлаш зарурки, Алоқа ходимлари касаба уюшмаси тизимида мавжуд Алоқа касб-ҳунар коллежи ва Ахборот технологиялари коллежи битирувчилари “Тошкент шаҳар телефон тармоғи”, “Тошкент телефон тармоғи станцияси”, “Тошкент почтампти”, “Шаҳарлараро алоқа корхонаси”да амалиётга жалб этилдилар. Аҳамиятли жиҳати шундаки, уларнинг аксарияти мазкур корхоналарга ишга қабул қилинмоқдалар.
Корхона ва ташкилотларда уларга бириктирилган касб-ҳунар коллежларининг 2-3-босқич талабалари ҳамда янги ишга қабул қилинган мутахассисларни аввало техника хавсизлиги билан чуқур таништириш, амалиёт ўташлари учун етарли ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, махсус кийим-бош ва бепул тушлик билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Муҳаббат Ўрмонбекова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
кенгаши Матбуот хизмати раҳбари
















